Глобаллашув тарихи ва босқичлари
“Глобаллашув” атамаси дастлаб ХХ асрнинг 80-йилларида иқтисодий соҳада содир бўлган ўзгаришларни юзага келтирган омил сифатида америкалик олим Т.Левиттнинг 1983 йилда “Гарвард бизнес ревю” журналида эълон қилган мақоласида қўлланилган эди. Бу омил иқтисодий муносабатларни тартибга солиш, товарларга қўйиладиган стандартларни белгилаш, маҳсулотлар ҳажми, валюталар эквивалентини белгилаб олиш билан боғлиқ эди. Уни ўрганиш жараёни эса, Роланд Роберцон томонидан 1985 йили унинг жаҳонни ягона бир бутун қилиш мақсадига қаратилган объектив жараёнларнинг мажмуаси сифатида аниқланган давридан бошланган.3 Бу тушунчага ана шу пайтдан бошлаб, то ҳозиргача турлича қарашлар давом этиб келмоқда. Шундай бўлсада глобаллашув атамаси амалий ҳодиса сифатида узоқ тарихга бориб тақалади. Инсониятнинг ижтимоий меҳнат тақсимотига асосланган ишлаб чиқаришга ўтиши, меҳнат тақсимоти, турли гигант қурилишларни ҳамкорликда амалга ошириши, мудофаани йўлга қўйишда турли уруғ жамоаларининг бирлашуви натижасида ҳар бир уруғга хос бўлган белгилар муҳим бўлмасдан қолади. Иккинчи томондан эса дастлабки йирик давлатларга асос солиниши, салтанатлар ташкил этилиши, уларни бошқаришда умумий қоидаларнинг ишлаб чиқилиши (Аҳамонийлар салтанати, Македониялик Александр салтанати, Қадимги Рим ва ш.к.) турли регионлар аҳолисининг урф-одатлари, маданиятида умумийликнинг вужудга келишига сабаб бўлди. Кўриниб туридики бу даврни глобаллашув юз беришининг дастлабки намуналари сифатида баҳолаш мумкин.
Глобаллашув рўй беришининг иккинчи муҳим даври географик кашфиётлар давридир. Фанда Буюк географик кашфиётлар атамаси ХV аср охири – ХVIII аср ўрталарида европалик сайёҳлар томонидан амалга оширилган йирик географик кашфиётларга нисбатан ишлатилади. Қандай омиллар ХV аср охиридан бошлаб буюк географик кашфиётларнинг амалга оширилишига сабаб бўлган эди?
Биринчидан, ХV аср охири – ХVI аср бошларига келганда Европада товар ишлаб чиқариш юқори суръатларда ўса бошлади. Бу эса хом ашёга, янги бозорларга, ишчи кучига бўлган талабни ошириб юборди. Европанинг ўзида хом ашё кам бўлганлиги учун уни фақат бошқа ўлкалардан олиб келиш заруратга айланди.
Иккинчидан, янги давр ҳукмрон табақаларнинг бойликка, пулга бўлган эҳтиёжини янада орттириб юборди. Энди уларнинг онгини ўзга юртларнинг олтин-кумушларини ва бошқа қимматбаҳо бойликларини эгаллаб олиш иштиёқи чулғаб олди.
Учинчидан, қуруқликдан ва Ўрта Ер денгизидан ўтадиган савдо йўллари, шу жумладан, Буюк Ипак йўли ҳам хавфли бўлиб қолди. Бу йўллар устидан назорат Европа мамлакатларининг асосий рақиби Усмонли турклар қўлига ўтиб кетди. Бинобарин, энди европаликлар олдида янги денгиз савдо йўлларини очиш тарихий заруратга айланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |