Санамай саккиз демайлик
Дунёнинг кўп воқеа-ҳодисалари ўткинчи бўлганидек, кўп фикр-қарашлар, ҳақиқат тўғрисидаги баҳс ва тортишувларнинг умри ҳам қисқа. Бу мутлақо табиий ва оддий ҳақиқатдир. Мумтоз адабиётимизга дахлдор – ўрганилиши ва ҳал қилиниши зарур масалалар кўп. Улардан муҳим бир қисми бевосита матншуносликка тегишли эканлиги ҳам сир эмас, албатта. Матншунослик майдони ва миқёси олдингига нисбатан тасаввур этиб бўлмас даражада кенгайди. Бугун Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Сўфи Оллоёр, Феруз, Ҳазиний каби шоирларимизнинг асарлари нашри юзасидан бемалол фикр алмашса бўлади. Бу ишонч қувонч ила уйғундирки, атиги саккиз-тўққиз йил аввал буни тасаввурга сиғдириш мушкул эди. Ниҳоят етти-саккиз йилдан кейин, «Ҳечдан кўра кеч…», деганларидек, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида (1998 йил, 23 январь) «Ҳикматлар» нашрига бағишланган мақола чиқиши ҳам, «Адабий идрок тантанаси» дея нмоланган ушбу мақола фаол матншунос олим Ваҳоб Раҳмонов томонидан ёзилганлиги ҳам қувонарли. Баъзан «Баҳс» рукнидаги нарсаларни ўқиб, баҳслашадиган гап тополмайсан. Ваҳоб аканинг мақоласи бундай эмас, мунозарага арзирили ўринлар унда жуда кўп. Айтайлик, у киши «Ҳикматлар» нашрига боғлиқ мулоҳазаларни «Очиғи мен Аҳмад Яссавий «Ҳикматлар» китобига асос бўлган қўлёзманинг қадимийлигига мутлақо ишонмайман», деб бошлаган. Қўлёзма қадимий деб ҳеч ким даъво ҳам қилгани йўқ-ку! Китобнинг сўзбошисида унга Анқара нашри қилиб олинганлиги ёзиб қўйилган. Уни юзага чиқарган Камол Эраслон эса «Девони ҳикматдан намуналар»нинг муқадиммасида: «Девони ҳикмат» номи билан тартиб берилган бир девон мавжуд бўлмаганидек, Аҳмад Яссавийнинг барча ҳикматларини ичига олган тўлиқ ва ишонарли бир мажмуа ҳам йўқдир. Қўлимиздаги ёзма нусҳаларнинг энг эскиси XVI ва XVII асрларга оид эур», дейди. Демак, «Бу биринчи гумоним», дея гумон санаш мутлақо ҳожатсиздир.
В.Раҳмонов «Ҳикматлар» масъул муҳаррирсиз, «нашриёт редактори раъйи билангина амалга оширилган»лигини жуда тўғри қайд этган. Чунки бошқа илож йўқ эди… Хусусан, у «Ҳикоятда билинг мундоғ кетурдилар…» мисраси билан бошланадиган ўн икки тўртликнинг Яссавий тўпламида учраши билан сира муроса қилолмайди ва уни «кўра билиб туриб, «Ҳикматлар» китобига киритиб, Аҳмад Яссавий ижодидан намуна, деб кўрсатиш ноқулай эмасми?» - дея таажжубланди. Нега ноқулай бўлсин? Собиқ шўролар тузуми даврида «Ҳикматлар»ни халққа етказишнинг энг қулай йўли Туркия нашрига суяниш эди. Бунинг замирида «Яссавий шеърлари Туркияда босилади-ю, нечун Ўзбекистонда чиқмаслиги керак?» - деган мудаао ҳам яширинганди. Ўша шеърни биз эмас, Яссавий «Ҳикматлар» тўпламига Камол Эраслон киритган. У «Девони ҳикматдан намуналар»ни тайёрлашда тўққизта қўлёзма ва учта босма нусхадан фойдаланган. Китобга қариёб эллик саҳифалик сўзбоши ёзилган, анча кенг ҳажмли изоҳ ва луғат берилган. Ҳикматларда номи учрайдиган шахслар ҳақида битилган маълумотларнинг ўзи бир рисола қимматига эга. Шунча заҳмат чекиб, шунча ишни бажарган яссавийшунос олим, Байзовий номи тилга олинган тўртликларни тўпламга киритмасликка фаҳми етмаганмиди? Мана, «Девони Ҳикмат»нинг Расулмуҳаммад Ашурбой ўғли Абдушукуров томонидан чиқарилган (Тошкент, 1992) нусхаси. Унда Юсуф Байзовийга нисбат берилган шеър (77-78-бет)дан ташқари бундай тўртликлар бор:
Ломакондан чиқди руҳим «Аллоҳ» деди,
Султон Аҳмад эшитиб муни халқға ёйди.
Мункирлари шак келтирди, кўзин ўйди,
Ножинсларни Ҳақ жазосин берар эрмиш…
Насисимйдек Ҳақни айтгил, теринг сўйсун,
Хожа, мулло сомон тиқиб, осиб қўйсун,
Кўзинг юмғил бу дунёдин, нафсинг ўлсун,
Гўшту пўстин Ҳақ сўзлатиб қўяр эрмиш.
Шеър мазмунидан шундоқ кўриниб-билиниб турибди – Яссавийники эмас. Яссавий қаёнда-ю, Наисимий қаёнда? Нечун «Девони ҳикмат»дан ўрин олган улар? Бунинг сабабини бошқалар билмаганда ҳам матншунос мутахассис англамоғи лозим. Аҳмад Яссавийнинг Туркиядаги буюк издоши Юнус Эмро девонининг энг қадимий нусхалари сақланмаган. Эмро девонига киритилган шеърларнинг аксарияти уники бўлмаган, яъни бошқалар томонидан тўқилган. Шунда қандай йўл тутиш керак? Турк олимлари Эмро номи билан боғланган асарларни Дастлаб ҳеч ўзгаришларсиз, қисқартиришларсиз чиқара бошлаб, фақат тадқиқотчиларнинг эмас, кенг китобхонлар жамоасининг фикр-қарашларини ҳам олиб, кейин саралаш ишларини йўлга қўйишган. Масалан, 1933 йили Бурҳон Тупроқ тарафидан чиқартирилган «Юнус Эмро девони» Эмро ижодиётига қизиқишни миллат миқёсида кучайтириб юборган. Бироқ кўп ўтмай «Девон»даги 1250 та шеърдан бор-йўғи 350 таси Юнус Эмрога тегишли эканлиги аниқланган. Кейин бу рақам яна тенг ярмига камайган. Хуллас, турли йилларда турли мутахассислар турли нашрлар билан машғул бўлишаверишган. Ниҳоят, 1990 йили Мустафо Тотчи «Юнус Эмро девони»нинг танқидий матнини чоп эттирди. «Девони ҳикмат»нинг келажакда танқидий матнини яратишда худди мана шу тажрибага таянишдан ўзга чора йўқ. Аҳмад Яссаввийнинг қудратли шахсияти ва фаолиятини таҳқирлаш қоралашга уриниш ёлғиз совет замонининг ташаббуси эмас. Бунинг тарихи анча олис. Сўфи Оллоёр «Сабот ул-ожизин» манзумасида «оти мўъмин, вале нафсиға шайдо» «бир фирқа» пайдо бўлганлиги, улар Яссавийнинг зикр мажлисларида эркаклар билан биробар аёллар ҳам иштирок қилишганини дастак этиб, номақбул ишларга ташаббус кўрсатганликларини айтиб, яна ёзади:
Худонинг дўсти бўлса Хожа Аҳмад,
Килурми ҳеч мунингдек бидъати бад.
Шариатда эди ул офтобе,
Қолибдур бизга ул эрдин китобе…
У ёки бу маънода Яссавийга, хусусан, яссавийлик тариқатида аёлларнинг ўрнига эътироз қилувчилар ҳатто ҳозир ҳам мавжуд. Камол Эраслон ўша тарихий англашилмовчиликлар қайта бош кўтармаслигини кўзлаб, Юсуф Байзовий тилидан ҳикоя қилинган ҳикматларни йигирма бешинчи рақам остида мажмуага киритган. Қолаверса, уларнинг айнан Байзовийникилигига ҳам ҳеч ким кафолат беролмайди. «Ҳикматлар» В.Раҳмонов қайд этгандан ҳам ортиқроқ имло хатолари билан босилиб чиққан. Мен буни тан оламан. Агар нашрийт муҳаррири ҳозир тирик бўлганида бунинг сабабларини бемалол сўзлаши мумкин эди. Шунинг учун Оллоҳдан Асқарали Шароповнинг руҳлари шод бўлишини тилаб, холис танқид ва кўрсатмаларни тўлиқ қабул қиламан. Аммо, мақолада, минг афсуски, холислик етишмайди. Оқибатда тузатишлар бошданоқ тескари тус олади. Мисолларга мурожжат қилайлик: «Бобомочинни беш юз қамчи урадилар. Миқ этмайди. Бир қамчи ортиқ урсалар фарёд қилади. Матн давом этади.
Ўшал дамда муридлари қилди савол,
Бир юз қамчи урганда йўқ ҳе қилу қол
Бир қамчи урди эса бўлди беҳол…
Нега беш юз қамчи бу бандда «бир юз қамчи»га айланди?
Матнчининиг зийраклиги ва синчковлиги қани? Демак, банднинг иккинчи мисраси:
Беш юз қамчи урганда йўқ ҳеч қилу қол –
Тарзида бўлсагина тўғри бўларди…»
Матнчининг зийраклиги ва синчковлигини у ёхуд бу сўз ва мисраларни ўзбошимчалик билан ўзгартириш деб тушуниш ярамайди. Бобомочинни жазолашга «Боғлаб уринг беш юз қамчи ул нодонға», дея фармон берилгач:
Ўшал дамда беш юз қамчи санаб урди,
На оҳ деди, на воҳ деди, билинг дўстлар.
«Беш юздан бир қамчи» ориқ урилганда у беихтиёр зор йиғлаб фарёд қилади. Мана энди, Анқара нашрининг 142-саҳифасидан шеърнинг давомини биргалашиб ўқийлик:
Ўшал дамда муридлари қилди саол,
Бир юз қамчи урганда йўқ ҳеч қилу қол.
Бир қамчини урди эрса бўлди беҳол
Сир надур деб асҳоб анда сўрди, дўстлар.
Дарвоқе, ҳамма сир ана шу «бир қамчи»да эди. Чунки шундан сўнг «дев ва пари» унинг орқаидан дарҳол қочганди. «Беш юз қамчи» олдин икки маротаба тилга олингани ва қамчи сони беш юздан ортгани учун ҳам «бир юз қамчи» дейилганки, буни «бир неча юз қамчи» деб қабул қилиш унча катта зийраклик талаб этмаса керак. Биз ўзимизча агар таҳрирбозлик этишга киришсак, «Беш юздан ҳам бир қамчини ортиқ урди», сингари сатрларнинг «астар-авраси»ни ағдариш жоиз бўлади. Ҳолбуки, бунга ҳеч кимнинг ҳаққи ҳам, ҳуқуқи ҳам йўқ.
Агар В.Раҳмонов бирор бир қўлёзма ёки тошбосмага олдин бир назар ташлаб, сўнг хулосани айтганида эди, у «Бир қамчи урди эрса» эмас, «Бир қамчини урди эрса» деб ёзилишиша диққатни қаратар эди. Ва буни синчилик деса арзирди.
Мақолада оддий, ҳоаатоки хатога йўймаса ҳам бўлаверадиган фактлардаан ҳам одамни чўчитиб юборадиган даражадаги хулосалар илгари сурилади:
Қул Хода Аҳмад, Ҳақ сўзини сўзлари мудом,
Ҳақдин ўзга сўзлар БОРИЙ эрмиш ҳаром.
Матншунос иккинси мисрадаги «Борий»га қарши. Унингча, «оддий китохон бу сўзни англаёлмай «Навоий асарлари учун қисқача луғат» (Тузувчи: Ботирбек Ҳасанов, «Фан» нашриёти, 1992 йил) китобиг боқса, 52-саҳифада ўқийди6 Борий – Тангри, Яратувчи. Матндагидай «Борий эрмиш ҳаром», деб ўқилса: «Оллоҳ ҳаром эрмиш», деб ўйлайди ва беихтиёр куфрга кетади… Агар ўша мисра қуйидгидек, «й»сиз ёзилса, олам гулистон эди:
Ҳақдин ўзга сўзлар бори эрмиш ҳаром.
Бу ҳолатда ўқувчи «бори» сўзини «бори-ҳаммаси» маъносида тўғри тушунган бўлади».
Шу мантиқ рост ва ишонарли деб ўйлайсизми? Мутлақо ёлғон. Масалани битта «й» ҳал қиладиган бўлса, яна куфрга йўл очилади деяверинг. Ишонмасангиз, «Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати» 1-жилдини очиб, 319-саҳифасини ўқинг: «БОРИ БОРИЙ – Яратган, Худо, Тангри (Худонинг нисбатларидан бири)…»
«Имон муқаддас тушунча, - дейди домла В.Раҳмонов ва яна ғалати бир «жумбоқ»ни ҳал қилишга киришади. – Бироқ мен «имоннинг орқа-олди бор», дейдиганларга тушунмайман. Менимча, имонли ёки имонсиз одам бор. Илмда имонлиликнинг биринчи шарти ростгўйлик ва идроклиликдир». Очиғи, бундай муросасиз гасиҳутгўйликка берилишнинг сабабини мен аввалига унча тушунмадим. Наҳоки, имоннинг муқаддаслигига шубҳа туғдирадиган бирор бир хато ўтган бўлса, «Имоннинг орқа-олди бор» дейдиганлар ким экан, деган хаёлларга ҳам бордим. Зум ўтмай билдимки, мазкур танбеҳларга мана бу байт сабаб бўлган экан:
Пушти имон шариатдур, мағзи тариқ,
Тариқ кирган Ҳақдин улуш олди, дўстлар.
Ана энди гапнинг давомини эшитинг: «Биринчи мисра бизни ўйлантиради. Пушти имон – имоннинг орқаси. Матнчи байт мазмунини идрок этолмаган. Тилимиз мантиғида кўпинча бирор тушунчани ичи ва ташини рамзий маънода ифодаласалар мағзу пўст сўзларини қўллайдилар. Хожа Аҳммад Яссавий биринчи мисрадаги имоннинг пўсти (териси) шариат, мағзи тариқат демоқчи:
Пўсти имон шариатдур, мағзи – тариқ,,
Тариқ кирган ҳақдин улуш олди, дўстлар».
Яссавий имоннинг юзи, усти, тамали шариатдур, демоқчи бўлган бўлса-чи? «Тилимиз мантиғи»да «Мен сенинг етти пуштингни биламан», дейиш нимани англатади? Наҳотки, «етти орқа» ёки «етти кет» дегани бўлса?
В.Раҳмонов бир неча маротаба матнчи луғатга мурожаат қилиши ҳақида жон куйдирибтавсия беради-ю, аммо зарур ўрнида бунга ўзи амал қилмайди. Буни қандай баҳолаш мумкин? Ҳолбуки, «пушти имон» ва «пўсти имон» деярли бир хил маъноларни англатади-ку?
«Фарҳанги забони точики» изоҳли луғатида (2-жилд, 101-бет) «пушт» сўзининг етти маъноси шарҳлаб берилган. Шу лардан биттаси мажозий мазмунга эга бўлиб («пўст» ҳам шундай), «юз», «уст» демакдир. Бас, шундоқ экан, «Пушти имон шариатдур, мағзи тариқ»нинг маъноси «Имоннинг юзи (ёки зоҳири) шариатдур, ичи (мағзи ёки ботини) тариқат эрур», деган бўлади. Бунинг нимаси ваҳимали, нимаси ғалат? «Девони ҳикмат»нинг нисабатан қадимий нусхаларида «пушти имон» деб эмас, «пўсти имон» деб битилганда ҳам бошқа гап эди.
Менимча, эски матн нусҳаларига аҳамият бермасдан ўзининг интуицияси ва субъектив қарашларига биноан «хато» топиш ва тузатиш усули ҳам нотўғри, ҳам ҳавфлидир. Афсуски, шу усулдаги тажрибалар кейинги пайтда одат шаклини олмоқда. Матншунослик баҳсини «Ҳикматлар» нашридан бошлаб газета жуда тўғри ва хайрли ишга қўл урган.
Яссавий шеърлари – зоҳирда мазмунан содда, тили осон ва тушунарли бўлиб туюлса ҳам, ботинан мураккаб, маъно ва туйғу сирларини кашф этиш анча қийин шеърлардан ҳисобланади. Яссавий ва унинг издошларига бағишланган «Жавоҳир ул аброр мин амвожил биҳор» («Яхшилар жавоҳири ва дарё мавжлари») асарининг муаллифи Ҳазиний «Машойихи Яссавийя манзума мақомотларики, ҳикмат дерлар савти ҳазин ила хатм ўлур тазвиқ ва ташвиқ учун», дейди. Демак, ҳикматларнинг «хусусий» оҳангдорлигидан ташқари, уларнинг мусиқа билан яқинлигини ҳам эътибордан четлаштирмаслик керак. Чунки, ҳикматларда ишлатилган айрим сўз ва иборалардаги шаклий ўзгариш ва «ноқис»ликлар бевосита оҳанг ва мусиқа талабларига дахлдор. В.Раҳмонов ёзади: «Менимча, матнчилик ва матншунослик соҳаси мутахассисдан аввало луғат билишни: араб, форс-тожик ва умумтуркий қадимий сўзлардан воқифлигини талаб қилади.Чунки, луғаб билган киши эски ёзувдаги шакли бир хил сўзларниннг матндаги ўрнига кўра турлича маъно касб этиши ва ҳар хил ўқилишини билиши мумкин. Масалан:
Жафо тортиб яратганга бўлди қариб,
Ғариб бўлиб Уқболардан ошдим мано.
Ва:
Хурмо бериб, бошим силаб, назар қилди,
Бир фурсатда Уқбо сари сафра қилди».
В.Раҳмоновнинг луғат билиш, қадимий сўзлардан воқиф мутнчининг лаёқатига доир юқоридаги мулоҳазалари тўғри. Аммо мана бу фикрлари жуда баҳсли: «Байтларда (юқоридаги икки байтда – И.Ҳ.) учраган бир хил сўзлар («уқбо») аслида ҳар хил сўзлар эди. Иккинчи мисол мазмунини кўпчилик билади: Уқбо сари сафар қилган – у дунёга (боқий дунёга) сафар қилган. (У дунёга, яъни боқий дунёга ҳамма ҳам сафар қилади. Яссавий «Уқбо» деганда айнан жаннатни назарда тутган – И.Ҳ.)
Биринчи байтдаги «Уқбо» энди уқбо эмас, «Фарҳанги забони точики» изоҳли луғатидан бу сўзнинг «ақаба» эканлигини биламиз. Ақаба – тоғ ва довоннинг бўйни: ўтиш қийин бўлган тоғ йўллари, қалтис даралар. Ҳозир бу сўз «ағба» ҳолига келиб қолган.
Демак, Хожа Аҳмад Яссавийнинг биринчи байтини қуйидагича кўчирилмоғи зарур эди:
Жафо тортиб яратганга бўлди қариб,
Ғариб бўлиб АҚАБАлардан ошдим мано.
Албатта, «Фарҳанг» Яссавий ҳикматларидан кўп вақт кейин яралган. Ҳозир «Ағба» ҳолига келиб қолган «Ақаба» эҳтимол Яссавий замонларида бошқача шаклларда ҳам ишлатилгандир? Нега энди фақат «Фарҳанг»га суяниш керак? Бизнингча, бу адолатли ва илмий талаб эмас. «Девони ҳикмат»да «уқбо», «уқба», «ақбо» сўзлари учрайди. Қозон нашридаги бир ҳикматда «Қул Хожа Аҳмад Уқбалардин елиб ошдим», дейилади. «Уқба» сўзи эса тепалик, баландлик, дўнглик дея шарҳланган. Турк олими Камол Эраслон «Ғариб бўлиб ақбалардин ошдим мано» мисарсидаги «Ақба»га бундай изоҳ берган: «Ақба, асли ақаба бўлиб, «тўсиқ; баландлик, тепа, қийин ўтиладиган жой, таҳлика маъноларини билдирадиган сўздир. Вазн талаби билан баъзи шеърларда ақба шаклида ишлатилгандир. Шу сабабли биз ҳам «ақба» деб ўқилишини таржиҳ этдик».
Демак, турк олими, «ақаба»да вазн ва оҳинг сакталиги содир бўлишини билган. «Ҳикматлар» нашрига биз Камол Эраслон чиқарган мажмуани асос қилиб олмаганимизда ҳам ўзимизин оқлашга уриниб, «ақбо» билан «уқбо»ни фарқлай олмаганимизни хаспўшлаш мумкин эди…
Борингки, ҳурматли матншуноснинг талабларига риоя этиб, «уқбо»ни «ақаба» деб кўчирдик, дейлик. «Фарҳанг»даги шарҳлар бўйича хулоса чиқарамизми? Унда байт мазмунини саёзлаштиришдан бошқа ҳеч нимага эришолмаймиз. Чунки, «ақба»дан кўзланган туб мақсад «тоғ йўллари, қалтис даралардан» ўтишга эмас, балки сайру сулук йўлидаги таҳлика ва нафсоний тўсиқларни кечиб ўтилганлигига ишоратдир. Мақолада Аҳмад Яссавий тасаввуф адабиёти вакили эканлиги, унинг ҳикматларидаги аксарият сўз ва истилоҳлар тасаввуфий маъноларни билдириши негадир инобатга олинмаган. Айтайлик, «Пиру муғон изин олиб мен ўпай деб», сатридаги изофа ноқислиги («пиру» эмас, «пири») тўғри кўрсатилган. Лекин, «Муғлар – оташпараст зардуштийлар-ку», дея тимсол мазмуни нотўғри талқин қилинган. Яссавий ҳикматларидаги «муғ», «пири муғон» - оташпараст ҳам эмас, зардуштий ҳам эмас, балки содик, самимий мурид, пири комилдир.
Бу дунёнинг молларини ҳозил қилиб,
Ришват берсанг малийкул мавт олмас эрмиш.
Бундаги «ҳозил» сўзи хато кетган. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, корректура ўқиганимда «ҳозил» «ҳозир» деб ўзгартириларди. «Девони ҳикмат»нинг айрим нусҳаларида ушбу байтнинг илк қатори:
Бу дунёнинг молларини ҳозир қилиб –
Тарзида берилган ва «ҳозир қилиб» - жамлаб , тўплаб, бир жойга йиғиб-йиғиштириб маъноларини акс эттиради. Яссавий бу сўзни бошқа мазмунларда ҳам қўллаган. «Ҳозир бўл!» деб нафс бошини янчдим мано» сатридаги давъат «Тайёр бўл! Ўлимни бўйнингга ол!» демак. В.Раҳмоновга кўра эса мазкур мисра қуйидаги тарзда бўлмоғи лозим эди:
Бу дунёнинг молларини ҳосил қилиб.
Сиртдан қараганда, «ҳозир» билан «ҳосил» қилиб орасида кескин бир мантиқий фарқ йўқ. Бироқ, «ҳосил қилиб»дан кўра (айни матнда) «ҳозир қилиб»ибораси тасаввуфий моҳиятва маслакка уйғундир. Яссавийнинг сўз ва ўгитлари биринчи галда ўзининг издошларига қаратилганлигини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Маълумки, ТАРК тасаввуфнинг бош ташанчаларидан ва унинг илк босқичи тарки дунё эрур. Шу маънода ориф, ошиқ (Ҳақ ошиқлари), ахёр, абдол ва дарвешларда «бу дунёнинг молларини ҳосил қилиш» эҳтиёжи сўнгандир. Удар дунёга эмас, дунё уларга тобе ва таслимдир, Ясавий айтмоқчики, будунинг молларини сеҳру каромат ила бир жойга ҳозир айлаб, яъни жамлаб малойикул мавтга ришват берсанг ҳам жонингга жон қўшилмайди. Дмак, асосий муддао: охиратга молу дун биланмас, ишқ, маърифат ва огоҳлик ила ҳозирлик кўришга чорловдир.
Матшунос бир ўрнида «буроқсувор» тўғри ўқилганини эътироф этиб, «навбатдаги байтда бу сўз мазмунга хилоф тарзда ўқилган:
Ул мақомни тавҳид отлиғ дарахти бор,
Соясида ошиқ қуллар буроқ – суяр.
Афтидан, буроқсуворлар энди дарахт соясида буроқларини сўяяптилар…», дея киноя қилади.
«Буроқсувор» - буроқ минган, буроқ мингувчи дегани. Яссавий инончида чин ошиқлар – буроқсуворлар: «Оллоҳ айтур ошиқларим буроқсувор». В.Раҳмоновнинг тавсия ва кинояларига қараганда у буроқни фақат бир маънода – Меърож тунида Пйғамбар миниб самога кўтарилган от маъносида англайди. Акс ҳолда, ошиқ қуллар – буроқ суярлар, яъни ишқпарастлар бўлиши мумкинлигини дарҳол хаёолан ўиказарди. Чунки, Абул Ало Афифий шарҳлаганидек, мутасаввифларнинг «йўлчиликларида уларни Оллоҳга етказадиган «Буроқ» илоҳий ишқ эрур. Масжид Ақсо – Нур ва Ҳақдур…» Биз бунинг билан «буроқсуяр» хаосиз ёзилган демоқчи эмасмиз. «Буроқсувор» деб кўчирилганда ҳам барибир хато бўларди, демоқчимиз.
Тасаввур қилинг: «Тавҳид отлиғ» улкан бир дарахт. Унинг соясида ошиқ қуллар буроқларига миниб ўтиришибди. Ахир, бу «дарахт соясида бурақ сўйиш» билан қарийб тенг мантиқ. Аслида биз буроқ эмас, «бориқ» ёзганмисиз. Соядаги киши нимага интилади, нимани севади: нур ва ёруғликни. Ўша йигирма тўққизинчи ҳикматнинг биринчи сатри «Тажаллийнинг мақомидир ажаб мақом», дея бошланиши ҳам: «Соясида ошиқ қуллар бориқ суяр», деб ўқилишини қувватлайди. Нур, шуъла маъносини ифодаловчи «бориқ», «бориқа»эса туркий шеъриятда тез-тез учрайди. «Бориқсуяр»ни биз илоҳий нурни тилар, нурга интилар мазмунига эга деб ҳисоблаймиз.
Малакали матнчи Маҳмуд Ҳасаний «Ҳикматлар»ни ёзилганига ҳам олти асрча ўтган бўлиб, ундаги кўпгина сўзлар ҳозирги пайтда истеъмолдан чиқиб кетганини ҳисобга олиб, уларнинг маъноси ва тўғри ўқилишини таъминлаш мақсадида туркийшунос олимлар ҳам бу ишга жалб этилса, фойдадан ҳоли бўлмайди», деганида тўла ҳақдир. Ҳар қалай бундай ишни бекаму кўст бажаришда биргина матнчилик ғайрати ва матншунослик кўрсатмалари камлик қилиши аниқдир.
Матншунослик бўйича, ўртага ташланиши зарур кўрилган неки фикр-мулоҳаза бўлса, айтайлик. Лекин «санамай саккиз» демайлик, миннат ва маломатни аралаштирмайлик унга.
В.Раҳмонов мақола муқаддимасида афсус-надомат ила бундай дейди: «Мен «Ёшлик» журналининг 1991 йил 10-сонида «Навоийшунослар масъулияти» номли мақоламда («Ёшлик»нинг ушбу сонида бундай муқола йўқ – И.Ҳ.) Алишер Навоий «Мукаммал асарлари тўплами»нинг барча жилдлари матншунослик нуқтаи назаридан нуқсонли деб даъко қилдим. Бирор навоийшунос лом-мим демади? Ўша йили «Муштум»да ҳам менинг имзом билан «Маънолар хазинасидаги қалтис вазият»га олимлар диққатни тортдим. Олимлар лом-мим дедиларми? Адабиётшуносларни Навоий мероси – муқаддас асарларнинг қисмати қизиқтирадими ўзи?.
Нега қизиқтирмас экан? Қизиқтиргани учун улкан навоийшунос ва малакали матншунос олимларимиз заҳмат чекиб, кўз нурларини аямасдан Навоий «Мукаммал асарлар тўплами»ни нашрга тайёрлаш ишларини давом эттираётирлар. Кўп томликдан энди 13 жилди босилиб чиқди. Ҳали нашр қилинмаган олтита том турибди. Шундай экан, қандай қилиб барча жилдларни «матншунослик нуқтаи назаридан нуқсонли» деб даъво қилиш мумкин? Масалан, еттинчи том, яъни «Ҳайрат ул-аброр» лостонини ўзбек матншунослиги ва матнчилигининг пири, буюк олим Порсохон Шамсиев 1970 йили эълон қилган илмий-танқидий матн асосида, изоҳлар билан, В.Раҳмонов «навоийшунос отахон олимимиз», дея эътироф этган атоқли олим А.Ҳайитметов ва мен нашрга тайёрладик. Шу иш жараёнида Порсохон домланинг матн яратиш салоҳияти, билимдонлиги ва заҳматкашлигига фақат ҳайрон қолдим. Беш-ўнта имловий хато ёки изофа ноқисликларини топиб фарёд этиш, Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, «гугурт чақилганда ҳам дунёга ўт кетди», деб дод солиш билан тенгдир.
Мақолада ўзни ҳимоя қилиш эҳтиёжидан туғилган «Сиз қўлёзмани кўчирган чаласавод котибни Аҳмад Яссавийдай даҳо шоирдан юқори қўяр экансиз-да?», деган бир савол бор. Бу саводан бир қанча оғриқли саволлар туғилмайдими? Ўша «чаласавод» котиб-ку келажак авлодларга «Девони ҳикмат»ни кўчириб қолдирибди, етмиш йилдан ортиқ давр мобайнида биз нима қилдик?.. Умуман, бизда Яссавий шеърларини кўчирган бирор-бир котибни айблаш ёки таҳқирлашга маънавий ҳуқуқ борми ўзи?
В.Раҳмонов «Ҳикматлар»нинг нашр «усули»ни «пала-партишлик» деб ҳукм чиқаради ва сўзларнинг «гоҳ тўғри», «гоҳ бузиб» ўқилишини «Бу унификация билан боғлиқ эмас. Сўз ҳар хил ўқилса-ю мазмун зарар кўрмаса кошкийди», деб кўп куйинади. Мақтанчоқликка йўйилмаса, муҳтарам матншуносимизга жиндак тасалли бўлар деган умид ила бир фактни эслатмоқчимиз: «пала-партиш» усулда тайёрлаган шу китоб сўзбоши, бир томонда ўзбекча, бир ёнда усмонли туркча матн билан 1995 йили Истанбулда босилиб чиқди. Тўғри кўрсатилган айрим нуқсонларни ҳам Сиз унда учратмайсиз…
Биз ҳозир «Девони ҳикмат»нинг изоҳли бир нашрини халқимизга етказиш учун иш
олиб бораётирмиз. Бунда беғараз айтилган ҳар бир фикр-мулоҳаза, билимдонлик ва самимият билан кўрсатилган камчиликларнинг бирортаси ҳам эътиборсиз қолдирилмаслиги шубҳасиздир. Зеро, матнчилик ва матншунослик муаммолари ҳам фақат ва фақат Маърифат, Заковат, Дид ва Савия зиёси ила ҳал қилинади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати»
1998 йил, 20 феврал
Do'stlaringiz bilan baham: |