IV. Янги ўтилган мавзуни мустаҳкамлаш ва баҳолаш:
1. Касб танлаш вақтида нима учун саломатликни ҳисобга олиш керак?
2. Организм учун қандай ишлаб чиқариш омиллари ноқулай омиллар ҳисобланади?
3. Кишининг касбга яроқлилиги тўғрисидаги унинг қандай фазилатларига қараб баҳо бериш мумкин?
4. Касбга яроқлиликнинг қандай турларини биласиз?
5. Сиз ўзингиз танлаган касб учун қандай фазилатларни муҳим деб ҳисоблайсиз?
6. Сиз танлаган касбдаги мутахассислар қандай меҳнат шароитида ишлайди?
V. Дарсни якунлаш ва уйга топшириқ бериш.
3-машғулот.
"Технология ва дизайн" ва "Сервис хизмати" йўналишлари учун
Мавзу: Ўзбекистонда узлуксиз таълим тизими. Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг йўналиши, уларнинг бир-биридан фарқи, умумий томонлари. Ўқувчи ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш
тизими
Ўқитувчига методик тавсия
Бунга ўхшаш мавзу юқорида, яъни "Кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш йўналишлари, тартиби ва стандартлари" деб номланган машғулотда қисман кўриб чиқилган.
Мазкур мавзуни ўтишда ўша ўтилган мавзуларни такрорлаш, унда айтилмай қолган маълумотларни айтиш зарур бўлади.
Мазкур машғулотни ташкил этишнинг яна бир кўриниши -ўқувчиларни бирор академик лицей ёки касб-ҳунар коллежига саёҳатга олиб бориш, у жойдаги фан хоналарини кўриш, ўқувчилар ва ўқитувчилар билан учрашиш, суҳбат ўтказишдан иборат.
Бу ҳолда ҳам ўқувчиларнинг тўплаган материалларини ва таассуротларини ўрганиш мақсадида уларга юқорида олиб борган ишлари бўйича эркин мавзуда реферат, иншо, ҳикоя каби ёзма ишларни бажаришни таклиф этиш мақсадга мувофиқдир.
4-машғулот.
"Технология ва дизайн" ва "Сервис хизмати" йўналишлари учун
Мавзу:Амалий мустақил ишлар: Касбларни таснифлаш бўйича топшириқлар бажариш. Танланган касб-ҳунар турини эгаллашда инсон саломатлигига қўйилган талаблар ҳақида реферат тайёрлаш
Ўқитувчига методик тавсия
Бу мавзу ҳам умумий кўринишга эга бўлиб, ундан кўзланган мақсад ўқувчиларнинг касбларнинг турлари ва таснифи бўйича олган билимларини аниқлаш ва мустаҳкамлашдан иборатдир. Шу билан бирга танланган касбни ўша инсон саломатлигига, лаёқатига мос келиш-келмаслигини таҳлил қилишни ўргатишдир. Шу мақсадда ўқитувчи муайян шароитдан келиб чиқиб, ўқувчиларга яшаш жойлари атрофларида жойлашган корхоналар, фермер хўжаликлари ва бошқаларда мавжуд бўлган касбларни ўрганишни, у жойларда ишлаётган ишчи-мутахассислар билан учрашиб, суҳбатлашишни вазифа қилиб топшириши мумкин.
Ўқувчиларнинг тўплаган материалларини ва таассуротларини ўрганиш мақсадида уларга юқорида олиб борган ишлари бўйича эркин мавзуда реферат, иншо, ҳикоя каби ёзма ишларни бажариш таклиф этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |