Дўппи тикиш учун иш ўрнини ташкил қилиш. Дўппи тикувчининг иш ўрни қулай, ёруғлик соя ҳосил қилмаган ҳолда, чап томондан тушгани маъқул. Иш стули чеварнинг бўйига мос бўлиши лозим. Иш жараёнида гавда ҳолатига аҳамият берилиши зарур. Гавда иш столига бироз эгилган, лекин столга кўкрак билан суянмагаҳ ҳолда бўлиши керак. Стулни суянишга қулай қилиб, столга яқин қўйиб олинади. Қўл стол устида бемалол ҳаракат қиладиган бўлиши лозим. Кўз билан иш ўртасидаги оралиқ 25-30 см дан ошмаслиги лозим. Керги билан ишланган вақтда чап қўл кергининг тагида, ўнг қўл эса кергининг устки томонида ҳаракат қилади.
Иш столининг устида ортиқча буюмлар бўлмаслиги керак. Дўппининг бичилган қисмлари (тепа ва кизак қисмларининг авра-астари, жияги) алоҳида бир қутичада, ишлатиладиган асбоблар алоҳида, ипаклар, иплар алоҳида, пилта материаллари алоҳида қутичада, ниналар нинасанчгичда эҳтиёт қилиниб, алоҳида тартиб билан жойланиши керак. Кашта схемалари, расмлари ва олдиндан тайёрланган андозалар ҳам алоҳида папкаларда сақлангани маъқул. Қайчининг учи ҳеч қачон очиқ ҳолда қолмаслиги керак. Нарса бичаётганда қайчининг учи пастга қилиб ушланади.
Ўлчам олиш. Ўлчам олиш учун сантиметр лентасидан фойдаланамиз. Ўлчам пешананинг энг баланд нуқтаси бўйлаб горизонтал йўналиш орқали айлантириб ўлчанади. Ўлчамда кўрсатилган сонни ёзиб оламиз. Шу сон бош кийимнинг ўлчами бўлади
Дўппининг андозасини тайёрлаш. Дўппилар шакли, кўриниши жиҳатидан думалоқ, учбурчаксимон тахланадиган, конуссимон, ярим конуссимон шаклларда бўлади.
1. Думалоқ шаклдаги дўппиларнинг андозасини тайёрлаш. Думалоқ шаклдаги дўппиларнинг андозасини тайёрлаш учун аввал керакли ўлчамни аниқлаб, ёзиб оламиз (айтайлик, 54-ўлчам.)
Тепа қисмининг андозасини тайёрлаш. Олинган ўлчам асосида дўппининг тепа қисми радиусини аниқлаймиз. Уни аниқлаш учун қуйидаги формуладан фойдаланамиз: Р=Л:6,28=8,6 см. Бу ерда: Л - ўлчам узунлиги, 54 см; 6,28 - ўзгармас сон. Ўлчам узунлиги Л ни тепа қисмининг радиусини топиш формуласига қўямиз. Мана, формула ёрдамида 54-ўлчам учун тепа қисмининг айлана радиуси 8,6 см бўлишини аниқлаб олдик. Энди паргор ёрдамида радиуси Р=8,6 см бўлган айлана чизамиз. Чизилган айланани қайчи ёрдамида қирқиб оламиз. Қирқиб олинган доирани картон қоғозга кўчириб, дўппининг тепа қисми андозасини тайёрлаб оламиз.
Кизак қисмининг андозасини тайёрлаш. Энди кизак қисмининг андоза чизмасини чизамиз. Бунинг учун эни 4 см, узунлиги Л га, яъни ўлчам узунлигига (у кизак узунлигига тенг, бизнинг мисолимизда Л=54 см) тенг бўлган тўғри тўртбурчак чизиб оламиз:
Мана, кизак қисмининг ҳам андозаси тайёр бўлди. Кизакнинг энини ихтиёрий равишда 4 см дан ошириб олиш ҳам мумкин. Бу дўппининг чуқурроқ бўлишини таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |