Дарс типи: Янги билимлар бериш.
Дарс тури: амалий
Дарсда қўлланиладиган ўқитиш методлари: Тақдимот, баҳс-мунозара, савол-жавоб.
Фанлараро боғланиш: расм, чизмачилик, математика, чизмачилик, иқтисодий билим асослари ва бошқа.
Дарснинг жиҳози: компьютер, проектор, экран, слайдлар, технологик харита, асбоб-ускуналар ва мосламалар, буюм намунаси, хавфсизлик техникаси қоидалари, соҳага оид касб бўйича кўргазма материаллари.
Дарснинг бориши:
I. Ташкилий қисм.
II. Сўраш. Ўтган дарс мавзуси юзасидан савол-жавоб ўтказиш, янги педогогик ва ахборот технологияларини қўллаган ҳолда ўқувчилар билимини назорат қилиш. Ўқувчиларнинг жавобларини умумлаштириб, янги мавзу юзасидан йўл-йўриқлар бериш.
III. Янги мавзуни баёни
Режа:
1. Дурадгорлик асбобларидан тўқмоқ ясаш бўйича умумий тушунча.
2. Тўқмоқни ясашга оид эскиз, технологик харита тузиш.
1.Дурадгорлик асбобларидан тўқмоқ ясаш бўйича умумий тушунча. Ёғоч тўқмоқлар ўқувчилар устахоналарда танишадиган дастлабки асбоблардан биридир. Ёғоч тўқмоқнинг қўлланиш соҳаси жуда кенг: улар юпқа лист металга ишлов беришда ҳам, дурадгорлик ишида ҳам (дастгоҳ ва рандаларни созлашда, исканаларни ишлатишда, деталларни елимлаб бириктиришда ва ҳ.) жуда керакли асбобдир. Тунукасозлар ва дурадгорлар ёғоч ва пластмассадан қилинган каллак шакли ва катталиги ҳар хил бўлган тўқмоқлардан фойдаланадилар. Ўқув устахоналари шароитида бундай хилма-хилликка зарурат йўқ. Ёғоч (пластмасса) тўқмоқларининг ўлчамлари ўқувчиларнинг ёш имкониятларига боғлиқ шакли эса бажариладиган жараён шартлари билан белгиланади. Тажриба шуни кўрсатдики, металл ва ёғоч ишлари учун ўқувчиларни каллаги тўғри бурчакли тўқмоқлардан фойдаланишлари қулайроқдир. Дурадгорлик устахонасида каллаги 120х60х35 мм, 110х50х30 мм ўлчамли ёғоч тўқмоқлар керак. Чилангарлик ўқув устахоналарида ҳам шундай тўқмоқлардан фойдаланиш мумкин. Аммо бу ўринда каллаги пластмасса (текстолит)дан тайёрланган тўқмоқлар қулай. Уларнинг ўлчамлари ёғоч тўқмоқникидан кичикроқ, кесими тахминан 50х25 мм, узунлиги 80-100 мм. Тўқмоқларнинг габарит узунлиги 250 мм дан 300 мм гача оралиқда бўлиши мумкин.
Мактаб ўқув устахоналарида тўқмоқларни ўқувчиларнинг ўзлари тайёрлайдилар. Ишнинг энг кийин қисми - каллакда даста учун тешик очишдир. Тешик бир йўла ёки каллакнинг ярмигача очилиши мумкин. Бир йўла очилган тешикда даста пона ва нагел ёрдамида, ярмигача очилган тешикда пона ва бурама мих ёрдамида маҳкамланиши мумкин. Ёпиқ тешикнинг чуқурлиги 40-50 мм бўлади. Унга даста қуйидагича маҳкамланади: дастанинг каллакка киритиладиган учида диоганал бўйича 35-40 мм чуқурликда қийиқ арраланади. Унга елим суртилган пона бураб киргизилади ва даста каллакка уриб киритилади. Каллак ёрилиб кетишининг олдини олиш учун дастанинг киритиладиган учи тешикка нисбатан 1 мм ингичкароқ, қилинади. Мазкур ҳолатда бутун оғирлик каллак тўқималари бўйлаб тушади. Бундай йўналишда ёғоч катта пишиқликка эга бўлади. Даста каллакка тақаб киритилгандан кейин каллакнинг ён томонидан кичик тешик пармаланади, зенковка килинади ва бурама михни дастага кирадиган қилиб бураб киритилади.
Ўқувчилар томонидан тўқмоқни тайёрлаш уларга режалаш, арралаш, рандалаш, пармалаш ишларини машқ қилиш, овал тешик очиш усулларидан бири билан танишиш, болға ва тўқмоқлар учун дасталар рандалаш кетма-кетлиги, нагел ёрдамида маҳкамлаш, искана билан ишлаш усуллари билан танишиш имконини беради.
Ўқувчилар тўртта машғулотда тўқмоқ тайёрлашга улгурадилар. Биринчи машғулот энг мураккаб ва масъулиятли машғулотдир. Бу машғулотда ўқувчилар каллак тайёрлайдилар. Иш қуйидаги изчилликда бажарилади: кесими каллак кесимига тенг бўлган бруслардан узунлиги 120 мм ли заготовкалар арралаб олинади. Кейин заготовкада тешик марказлари белгиланади ва улар пармаланади. Ишнинг энг масъулиятли қисми - тешиклар ўртасидаги перемичкаларни искана билан қирқишдир. Бу машғулотлар давомида ўқувчиларни искана билан ишлаш кўникмалари янада шаклланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |