Гуманистик психология инсоннинг мазмуний тузилишини ўрганишга йўналтирилган. АҚШда алоҳида оқим сифатида 1960-йиллар бошларида ажралиб чиққан. 1962 йилда А.Маслоу раислигида Америка гуманистик психология ассоциациясига асос солинган. Унга асосланган терапиянинг ютуқлари Европада ҳам катта шухрат қозонган. Мазкур йўналишга А.Маслоу, К.Роджерс, В.Франкл, Ш.Бюлер. Ф.Бэррон, Р.Мэй, С.Джурард ва бошқаларни киритиш мумкин. Соғлом ва иқтидорли шахс нима эканлиги ҳақида тушунча бермайдиган, адаптация одамнинг атроф муҳит билан мувозанатга эришиши учун йўналтирилган эмас, балки ушбу чегаралардан чиқишга қаратилган, деб тасдиқловчи бихевиоризм ва психоанализга зид равишда гуманистик психология “учинчи куч” номини олди. Гуманистик психологиянинг шаклланишига гештальтпсихология ва феноменология, ҳусусан, М.Мерло-Понтининг “ҳаёт учун мавжудлик” ҳақидаги тасаввурлари сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Унга кўра, инсон ўзаро боғлиқ эмас, аксинча ўзининг атрофини фаол равишда ўзгартирувчи шахсдир. Инсон мавжудлигининг мақсади, деб ўзини ўзи англаш эътироф этилди. Бу ерда таҳлилнинг асосий предметлари сифатида қуйидагилар ифодаланади: буюк қадриятлар, шахснинг ўзини ўзи англаши, қобилият, муҳаббат, эркинлик, масъулият, автономия, психик саломатлиқ, шахслараро мулоқот. Гуманистик психология инсонга унинг яхлитлигини(бутунлигини) қайтаришни ўзининг мақсади деб билади. Ушбу йўналишда инсоннинг яхлитлиги ҳақидаги постулатдан кенг фойдаланилади (инсон ва унинг қуршови иккита объект эмас, балки ягона организмдир). Шундай қилиб, гуманистик психология устунлиги бўйича йўналтирилган инсон кечинмаси бутун ва “яхши гештальт” яратишга мойил. Бир бирига тўғрилик, индивиднинг барча руҳий жараёнларининг аниқлиги ва унинг яхлит социум ҳолатига келтиришлик асосий тадқиқот йўналиши сифатида ифодаланади. Барча руҳий ҳодисалар “атрофдаги майдоннинг” ўзига ҳос ҳусусияти билан боғлиқ ҳолда кўриб чиқилади, уларга шахснинг умумий ҳолати, эҳтиёжлари, муносабати, ҳаракатлари ва тажрибаси киради. Инсон ўзининг асосий эҳтиёжлари қондирилганда ва у психологик ҳимоя механизмларидан фойдаланиш вазиятларига мажбур қилинмаган ҳолларда, ички ва ташқи тўсиқлардан озод бўлиб ривожланиши мумкин, деб ҳисобланади.
Принциплар. Гуманистик психологиянинг методологик позициялари қуйидаги принциплар асосида шакллантирилиши мумкин:
• инсон бир бутун мавжудотдир;
• нафақат умумий, балк индивидуал ҳолатлар ҳам қадрланади;
• инсон кечинмалари асосий психологик воқелик ҳисобланади;
• инсон ҳаёти – ягона жараён;
• инсон ўзини ўзи намоён қилишга қодир;
• инсон фақат ташқи вазиятлар билан детерминацияланмаган – сабабий боғланмаган.
Терапия. Гуманистик психология асосида психотерапиянинг баъзи йўналишлари ва гуманистик педагогика қурилади. “Шу ерда ва ҳозир” тамойилига алоҳида аҳамият қаратилади – ўтмиш энди йўқ, келажак ҳали мавжуд эмас. Гуманистик психологияга асосланган психотерапиянинг турли шаклларида (В.Франклнинг логотерапияси, Я.Морено психодрамаси, Ф.Перлснинг гештальттерапияси, К.Роджерснинг беморга марказлашган терапияси) асосий эътибор ҳатти-ҳаракатни тушунтиришга эмас, ҳис-туйғуларни англаш ва унга муносабат билдиришга қаратилади. Роджерс субъект - субъект характерига эга бемор ва терапевт ўртасидаги мутлақо янги ўзаро муносабатларни қонунлаштирди. Гештальттерапияда ечилмаган ҳаётий муаммоларнинг яхлит контекстини аниқлаш учун онг мазмунини актуализация қилиш(янгилаш) асосий мақсад ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |