Тана (соматик) нерв системаси марказий ва периферик нерв системаларини ўз ичига олади.
Вегетатив (автоном, висцераль) нерв системаси автоном ҳисобланади ва овқат хазм қилиш йўллари фаолиятини (овқат хазм қилиш безларида сўлак ажралиши, овқатнинг овқат хазм қилиш йўлида ҳаракатланиши ва х.з.), қон айланиши (қон томирларининг қисқариши ва кенгайиши), ёш ва тер безлари ҳамда ички секреция безлари, шунингдек бошқа органлар фаолиятини бошқаради. Вегетатив нерв системаси эмоционал реакцияларда муҳим рол ўйнайди ва икки қисмга бўлинади: симпатик ва парасимпатик, буларнинг ўзаро муносабати ўта мураккаб ҳисобланади; уларнинг айрим элементлари ўзаро антогонистик (қарама-қарши) алоқадорликда бўлади.
Нерв системаси фаолиятида шунингдек учта блокдан иборат бош миянинг функционал қурилмаси катта рол ўйнайди:
– қувватлантирувчи блок, мия стволининг юқори бўлимида жойлашиб нерв системасининг нормал ишлаши учун зарур тонусни сақлаб туради;
– ахборотни қабул қилиш, қайта ишлаш ва сақлаш блоки, иккала бош мия ярим шарларининг орқа бўлимлари, ярим шарлар пўстлоғининг ўрта қуйи (теменные), орқа (затылочные) ва пастки (височные) бўлимлари;
– бош мия пўстлоғининг пешона бўлимида жойлашган нерв системаси фаолиятини назорат қилиш, бошқариш ва дастурлашни таъминловчи блок.
Бош мия одам ва хайвон нерв системасининг марказий бўлимини ташкил қилади, организмнинг хамма функцияларини бошқаришнинг юқори мураккаб шаклларини, унинг муҳит билан ҳамкорлигини, олий нерв фаолиятини, одамда эса олий психик функцияларни ҳам таъминлайди. Бош мия қуйидаги бўлимлардан ташкил топган:
– олд мия – иккита ярим шардан иборат бош миянинг олди қисми;
– ўрта мия – катта ярим шарларнинг остида жойлашган ва мускуллар тонусини, организмнинг фазодаги турли холатлари, кўз ҳаракати, хушёр тортишни бошқариш рефлектор фаолиятини такомиллаштирувчи бўлим;
– орқа мия – мияча ва унга қўшилиб кетувчи узунчоқ мия жойлашган бош мия бўлими;
– сўнгги мия – олд миянинг муҳим бўлими;
– оралиқ мия – таламус ва гипоталамус жойлашган олд миянинг бўлими;
– узунчоқ мия – умуртқа поғонасида жойлашган орқа мия юқори қисмининг давоми, унда миянинг қатор ҳаётий муҳим марказлари, шунингдек ретикуляр формация жойлашган;
– бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи – кулранг модда (нерв хўжайралари) қатлами, бош мия ярим шарларини қоплаб туради ва психик фаолиятни амалга оширишда ўта муҳим рол ўйнайди;
– таламус – пўстлоқ ости нерв қурилмаси, рецептордан келаётган ахборотни тақсимлайди, интеграция қилади ва кейинчалик катта мия ярим шарлар пўстлоғига узатади (пўстлоқ билан таламус орасида шартли рефлекслар хосил бўлишида қатнашувчи халқасимон боғланмалар мавжуд; бевосита таламус иштирокида одам эмоцияларининг шаклланиши амалга ошади);
– гипоталамус – бош мия қурилмаси, кўриш бўртиқлари остида жойлашиб модда алмашинувини бошқариш, вегетатив, психик ва соматик функцияларни мувофиқлаштириш, уйқу ва хушёрликни бошқариш, организмнинг ички ва ташқи муҳит ўзгаришларига мослашишини таъминлайди;
– мияча – бош мия стволининг орқа қисми, ҳаракатни мувофиқлаштириш, фазодаги холатни сақлаш, тонус-таранглик ва гавдани тутишни таъминлайди;
– лимбик тизим – нерв қурилмалари гуруҳи, бош мия марказий қисмида халқа хосил қилган (у одам психикасининг эҳтиёжий-мотивацион соҳасини бошқаради);
– мия стволи – бош миянинг энг қадимий қисми, қатор бўлимлардан ташкил топган;
– базаль ганглиялар – ҳаракат ва вегетатив функцияларни бошқариш билан боғлиқ бош мия қурилмаси.
Шу факт аниқланганки, нерв фаолиятининг турли кўринишлари бош миянинг алохида бўлаклари билан боғлиқ: кўриш импульслари миянинг орқа сохаси билан, эшитиш – пешона соҳаси билан, ҳаракат – олд марказий ариқча билан.
Do'stlaringiz bilan baham: |