1.Озиқлантирувчи қувват-қуввайи розиййадан- ташқи ва ички руҳий қувватлар пайдо бўлади.
2.Ташқи қувватлар бешта: 1) туйиш-тери сезгиси, 2) таъм билиш, 3) ҳид билиш, 4) эшитиш сезгиси, товушни сезиш, 5) кўриш сезгиси. Буларнинг ҳаммаси сезувчи қувват - қувваи ҳиссия деб юритилади.
3.Ички руҳий қувватлар: 1) Эсловчи ва тасаввур қилувчи қувват (хотира, тасаввур ва ҳаёл) - қувваи мутахаййила. 2) Интилувчи қувват (эмоцияни ҳаракатга келтирувчи куч-эҳтирос, ғазаб ва бошқалар)-қувваи назиҳиййа. 3) Сўзловчи қувват- қувваи нотиқиййа.
4. Сўзловчи қувват таркибида фикрловчи қувват - қувваи фикрийа.
Форобийнинг фикрича организмда иккита марказ бўлиб, улардан юрак организмнинг ҳаёт фаолиятини таъминлайди. Мия эса барча руҳий қувватларни ва онгли ҳаётни бошқаради Форобийнинг инсон психикаси ҳақидаги бу тасаввурлари ҳозирги замон психологик билимлар мажмуига деярли мос келади.
Абу Али Хусайн ибн Абдуллох ибн аль-Хасан ибн Али ибн Сино, Ғарбда Авиценна номи билан машхур (Бухоро яқинидаги Афшона, 16 август 980 йил — Хамадон, 18 июн 1037 йил). Илм аҳли Абу Али Ибн Синони жаҳон фани ва маданиятининг юкори чўққиси, машҳур энциклопедист олим сифатида билади ва юксак даражада эъзозлайди. Унинг илмий меросида фалсафий масалалар муҳим ўрин эгаллайди. Ибн Сино қайси бир аниқ илмий масала устида фикр юритмасин, деб ёзган эди, М.Хайруллаев, уни умумий фалсафий нуқтаи назардан баҳолайди, унга умумий билимлар тизимининг бири сифатида ёндашади.
Абу Али Ибн Сино-жаҳон маданиятига катта ҳисса қўшган машҳур энциклопедист олим, табиатшунос, файласуф, астроном, математик, мусиқашунос, ҳуқуқшунос, ахлоқшунос, филолог, ёзувчи ва шоир, Ўрта Осиё халқлари маданиятини ўрта аср шароитида дунё маданиятининг олдинги қаторига олиб чиққан буюк мутафаккирлардан бири. Европада Авиценна номи билан машҳур, Ибн Сино Ўрта Осиё халқлари орасидан чиқиб, жаҳон фани тараққиёти тарихида муҳим рол ўйнаган. Ҳоразмий, Форобий, Беруний, Умар Хайём, Улуғбек каби олимлар орасида олдинги ўринлардан бирини эгаллайди.
Ибн Сино даврида Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатларида, хусусан Ўрта Осиёда ҳам илғор ижтимоий-фалсафий фикр ўзининг маълум анъаналарига, ўз масалалари ва муаммоларига эга эди. Бу илғор фикр ўзининг ғоявий манбалари сифатида Шарқнинг қадимги илғор таълимотларига, қадимги Юнонистоннинг фалсафий меросига таянар эди. 9-асрларга келиб Ўрта ва Яқин Шарқда ўз моҳияти ва мазмуни жиҳатидан янги фалсафий оқим вужудга келди. Унинг вакиллари Аристотел таълимотини неоплатонизм таъсиридан тозалашга, унинг мазмунини тиклаш ва сўнгги илмий ютуқлар асосида ривожлантиришга ҳаракат қилдилар ва Шарқ аристотелизми оқимини вужудга келтирдилар. Айниқса Фаробий бу оқимнинг муҳим масалалари, категориялари, методларини ишлаб чиқишда, уларни тизимга солишда жуда катта рол ўйнади ва "Шарқнинг Аристотели” деган ном олди.
Ибн Сино дунёқараши Форобий асарлари таъсирида шаклланди, у ижтимоий-фалсафий масалаларда Фаробий ишини давом эттирди, илғор фалсафий оқимни янги табиий илмий фикрлар билан бойитиб тизимлаштирди ва янги босқичга кўтарди. Ибн Сино фикрича, фалсафанинг вазифаси мавжудотни-барча мавжуд нарсаларни, уларнинг келиб чиқиши, тартиби, ўзаро муносабати, биридан иккинчисига ўтишларини ҳар томонлама ўрганишдан иборат. Унингча, олам яхлит мураккаб борлиқдир. У борлиқни ҳар томонлама текшириш учун зарурият, имконият, воқелик ва сабабият тамойилларини асос қилиб олади. Олам - барча мавжуд нарсалар иккига бўлинади: зарурий вужуд (вужуди вожиб) ва имконий вужуд. Зарурий вужуд ҳеч нарсага боғлиқ бўлмаган бир бутунликни ташкил қилиб, у энг иродали, қудратли, доно тангридир.
Қолган ҳамма нарсалар имконий тарзда мавжуд бўлиб, зарурий вужуд-тангридан келиб чиқади. Вужуди вожиб ва вужуди мумкин сабаб ва оқибат муносабатидадир. Бу жараён эманация тарзида, яъни қуёшдан чикаётган нур шаклида аста-секин амалга ошади. Шу тартибда имконият шаклида мавжуд бўлган ақл, жон (нафс) ва жисм, улар билан боғлиқ ҳолда осмон сфералари келиб чиқади, мавжуд нарсаларга айланади. Булар ҳаммаси субстанция (жавҳар)дир. Бундан ташқари борлиқда акциденция (образ)-нарсаларнинг белгилари, ранги, ҳажми, ҳиди ва бошқа ҳислатлари мавжуд. Жисм шакл ва модда (хаюло) дан ташкил топади. Имконий вужуднинг зарурий вужуддан келиб чиқиши бевосита тангрининг яратувчилик қудрати туфайли бўлмай, балки борлиқ қонуниятининг, заруриятнинг натижасидир. Тангри билан бирга имконият шаклида мавжуд бўлган материя ҳам зарурий равишда воқеликка айланади. Худо ва материя боғланиши сабаб ва оқибат боғланиши сифатида талқин этилади. Худо абадий, унинг оқибати бўлмиш материя ҳам абадийдир. Унинг ўзи бошқа аниқ жисмларнинг асосидир.
Нарсаларнинг конкрет кўринишлари, шакллари ўзгаради, лекин уларнинг моддий асоси йўқолмайди; "материя доим вужудга келиши мумкин бўлган нарсалардан аввал мавжуд бўлиб, бу нарсалар уларни ташкил этувчи материяга муҳтождир". Ўз моддийлиги бир бутун бўлган табиат ўз ички қонуниятлари асосида ривожланади, табиий ходисалар сабабий боғланишда. Материянинг энг содда бўлакларга бўлинмайдиган шакли тўрт унсур: ҳаво, олов, сув, тупроқдан иборат. Уларнинг турлича ўзаро бирикуви натижасида мураккаб моддий нарсалар ташкил топади. Мураккаб нарсалар ўзгариб, турли шаклларга эга бўлиши мумкин, лекин уларнинг моддий асоси бўлган 4 элемент йўқолмайди, абадий сақланади. Материя, ҳаракат, вақт, фазо билан узвий боғлиқдир, моддасиз фазо ва ҳаракат йўқ. Материя ва у билан бирга мавжуд бўлган ҳислатларнинг абадийлиги, табиатнинг ички қонуният асосида мавжудлиги, моддий детерминизм, Ибн Сино фалсафасининг энг кучли, энг прогрессив, материалистик томонларидан биридир. Моддий жисмларнинг тараққиётида Ибн Синонинг фикрича, аввал тоғ-тошлар, сўнг ўсимлик, ҳайвонот ва тараққиётнинг якуни сифатида инсон вужудга келган. Инсон бошқа барча ҳайвонот оламидан сўзи-тили, ақли ва тафаккур қилиши билан фарқ қилади. Билиш масаласини талқин этишда ҳам Ибн Сино бир қанча материалистик фикрларни олға суради. Инсон билимлари реал объектив нарсаларни билиш ёрдамида вужудга келади. Билиш ҳиссий билим ва тушунчалар ёрдамида фикрлашдан ташкил топади. "Сезиш-деб ёзган у, - бу шундай таъсирки, у ташқи нарсаларнинг ўзи бўлмай, балки бизнинг ҳисларимизда вужудга келади. Ҳис моддий образнинг ойнаси бўлиб, моддий шаклларнинг бўйи, эни билан бирга ифодаланганлиги сабабли, уларни моддий асоссиз инъикос эта олмайди ва жисмларни билмайди". Ҳиссий билимнинг аҳамиятини махсус кўрсатиб ўтиш билан бирга, билишда нарса ва ходисаларнинг моҳияти ва қонунларини ўргатишда тафаккурнинг ролига катта эътибор беради.
Сезгида нарса-ходисаларнинг айрим ташқи белгилари, конкрет томонлари билинса, ақл уларнинг моҳиятини, ички томонларини абстракциялаштириш ва умумлаштириш ёрдамида била олади, ривож топади. Бунда у хусусан, мантиқ илмига катта эътибор беради.
Мантиқ Ибн Сино асарларида илмий билишнинг методи сифатида диний ақидачиликка қарама-қарши қўйилади. Ақл ҳар қандай билишнинг ва амалий фаолиятнинг мезони сифатида талқин этилади. "Ақл тарозисида ўлчанмаган ҳар қандай билим, - деб ёзади Ибн Сино, - чин бўлолмайди, демак у ҳақиқий билим эмас". Ўрта асрда Яқин ва Ўрта Шарқ, жумладан, Ўрта Осиё фалсафасида ақл назарияси жуда муҳим ўрин эгаллайди. Ибн Сино ҳам бу масалага катта эътибор беради.
Инсоннинг билими бир неча даражага эга бўлиб, асосан 4 босқични босиб ўтади, сўнг етук ҳақиқатни эгаллаш, дунёвий ақл билан боғланиб кетиши орқали тугайди. Ибн Сино мантиқ усуллари, таърифлаш, ҳукм, хулоса чиқариш, исботлаш масалаларини ўрганишга катта ҳисса қўшди ва мантиқ фанини Форобийдан сўнг билишнинг тўғри методи сифатида ривожлантирди. Мантиқдан ташқари барча қолган илмларни Ибн Сино табиат ва ижтимоий ходисалар ҳақидаги илмлар сифатида ўзининг "Ақсам ул-умри ул-ақлийя " ("Ақлий билимлар таснифи") асарида алоҳида-алоҳида санаб ва таъриф бериб ўтади. Ибн Сино фалсафий илмларни аввало иккига бўлади: назарий ва амалий илмлар. Назарий илмларни инсон фаолияти билан боғлиқ бўлмаган нарса тўғрисидаги ҳақиқий илм деб таърифлайди. Амалий илмларнинг объекти инсон фаолиятида. Назарий илмлар ҳақиқатни билишга, амалий илмлар яхши ишларни бажаришга қаратилади. Фалсафанинг назарий қисми учга бўлинади:
1) Қуёш даражасидаги илм, яъни табиатшунослик.
2) Ўрта даражадаги илм- математика.
3) Олий даражадаги илм - метафизика.
Фалсафанинг амалий қисми ҳам учга бўлинади:
а) Шахс ҳақидаги илм.
б) Инсоннинг ўзаро муносабатлари ҳақидаги илм.
в) Давлатни, мамлакатни бошқариш илми.
Назарий-фалсафий илмларга кирувчи ҳар уч турдаги илмлар асосий ва ёрдамчи бўлакларга ажратилади. Масалан: табиатшунослик илмлари медицина, алкимё ва етти хил тармоқни ўз ичига олади. Математика эса арифметика, геометрия, астрономия, музика номи билан тўрт тармоққа бўлинади. Мантиқ илмини Ибн Сино ўз таснифининг энг сўнггида баён этади. Асарда 29 илм тармоғи тилга олинади. Ибн Сино ўз дунёқарашида пантеистик тамойилга асосланади: тангри ва борлиқ бир-бирига зид, бир-бирини инкор этувчи нарсалар эмас, аксинча, улар бир бутун ҳолда мавжудотни ташкил этади. Абадийлик тангрига ҳам, материяга ҳам хос. Тангри ва табиат маълум поғоналар ёрдамида боғланади. Узун ва бир бутун занжирнинг бир томонида яратувчи тангри - зарурий вужуд, иккинчи чеккасида табиат ётади ва табиат тангри таъсиридан шунчалик узоқдаки, у ўз қонунияти ёрдамида ўзгаради, ривожланади. Ибн Сино аста-секин деистик мавқега ўтиб кетади, яъни у қачонлардир тангридан зарурий равишда келиб чиққан моддий олам мустақил равишда ривожланишини исботлашга ҳаракат қилди. Пантеизм ва деизм ўрта аср шароитида илғор фалсафий ғояларни, табиий-илмий ва материалистик фикрларни олға суришнинг энг муҳим шакли эди. Ибн Сино ахлоқий фазилатларни улуғлайди ва ахлоқий иллатларни, ёмонликни кескин қоралайди. У инсонларнинг кундалик амалий ишларидаги энг зарур ахлоқий сифатларга, камтарлик, иззат-ҳурмат, жасурлик, тўғрилик, софдиллик каби хулқий қоидаларга алоҳида эътибор беради. Инсоннинг кишилар орасида ўзини тутиши, оила аъзоларининг ўзаро алоқалари, жамиятда турли табақаларнинг муносабатлари Ибн Сино асарларида махсус ёритилади. Ибн Сино ижтимоий масалаларда Форобий назариясига асосланди ва уни ривожлантирди. Ибн Синонинг ижтимоий ходисалар ҳақидаги, ахлоқ, адолат, идеал жамоа тўғрисидаги фикрлар муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Тарихий психологик тадқиқотларнинг гувоҳлик беришича Ибн Синода иккита: табиий илмий (тиббий) ва метафизик (фалсафий) психология мавжуд. Ибн Сино табиб учун "Ҳақиқат қидирувчи" (файласуфнинг) фикри мажбурий эмас деб ҳисоблайди. Унинг фикрига кўра, табиб ҳам, файласуф ҳам ўз йўлига эга бўлиб, ўз тушунчалари ва изоҳлари билан иш кўради.
Ибн Сино ўз фалсафий ва табиий-илмий таълимотини шакллантиришда ўзидан олдинги илмий меросдан кўра кўпроқ тажрибага, амалиётга, Шарқ табобатининг реал ютуқларига таянди.
Ибн Сино психиканинг мияга боғлиқлиги ғоясига амал қилиб табиблар ва файласуфлар учун алоҳида-алоҳида руҳий қувватлар классификациясини берди. Ҳамма қувватлар "ичдан фаҳмланадиган" ва "ташқаридан фаҳмланадиган" турларга бўлинади. Табиблар ва файласуфлар ўртасидаги келишмовчилик айнан биринчи гуруҳ руҳий қувватларига тааллуқли бўлиб, табиблар учун бу қувватлар а) умумий ҳиссиёт ёки тасаввур; б) фикрловчи қувват; в) сезилаётган буюмлар моҳиятини (образни эмас) сақловчи ва қайта тикловчи қувватларга бўлинади. Ҳар бир қувват миянинг у ёки бу қопчиғида локаллашган.
Ибн Сино турли ёш даврларида организмнинг жисмоний тараққиёти билан унинг психологик хусусиятлари ўртасидаги боғлиқликни ўрганган. У айнан тарбия воситасида организм структурасига психик таъсир кўрсатилади, деб ҳисоблаган. Ҳарактер физиологик жараёнларнинг кечишига таъсир кўрсатиш туфайли шаклланади. Одамлар болада у ёки бу эффектларни ҳосил қилиб унинг психологик қиёфасини шакллантиришади. Ибн Синонинг қуйидаги фикрлари диққатга сазовор: «Болани кучли ғазабланишдан, кучли қўрқувдан, ғам ва уйқусизликдан сақлаш воситасида эришиладиган характернинг вазминлиги, яхшилигига етарлича эътибор бериш керак. Ҳар доим унга у яхши кўрган нарсани бериб, у ёмон кўрган нарсани ундан узоқлаштиришга тайёр туриш керак. Бунда икки томонлама фойдага эришилади. Биттаси боланинг рухи учун, зеро у болаликдан самимий бўлиб ўсади ва бу нарса кейинчалик одатга айланади. Бошқаси вужуд учун, зеро баджахл хулқ турли ёмон мижоз туфайли келиб чикади, агар баджахл хулқ одат тусига кириб колса ёмон мижозни келтириб чиқаради. Масалан, ғазаб вужудни қаттиқ қиздиради, ғам қаттиқ қуритади, апатия руҳий қувватни сусайтиради ва мижозни шиллиқликка мойил қилади. Характернинг вазминлиги воситасида бир вақтнинг ўзида ҳам рух, ҳам вужуд соғломлигини сақлашга эришилади».
Ибн Сино физиологик психологиясининг асосий мазмуни шундан иборатки, организмдаги жараёнларни унинг ҳиссий, аффектив ҳаётига таъсир кўрсатиш орқали бошқариш, уни жисмонан шакллантириш мумкин. Психик ва физиологик омилларнинг ўзаро боғлиқлиги яъни психиканинг тана ҳолатига боғлиқлиги ва аксинча аффект, психик жароҳат, тасаввур кучи билан унга таъсир кўрсата олиш қобилияти Ибн Сино томонидан тиббий тажрибада исботланган. Масалан: у иккита қўйни бир хил овқат билан боқиб, бирининг рўпарасига бўрини боғлаб қўяди. Бири семиради, лекин бўрининг рўпарасида тургани озиб, ҳалок бўлади. Бу тажриба қарама-қарши эмоционал установкалар чуқур соматик силжишларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатади. Бу факт аслида эмоционал ҳолатлар экспериментал психофизиологиясига тааллуқли дастлабки тажрибалардан ҳисобланади.
Ибн Сино мантиқ (логика) илмига тушунчалар тизими билан катта ҳисса қўшди. Масалан, у олти хил тушунчани шархлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |