Клавдий Гален (эрамизгача 130–200 йиллар), қадимги Рим мутафаккири, врач, одам анатомияси ҳақидаги илк мукаммал маълумот муаллифи. Гален узоқ вақт гладиаторлар врачи бўлган; жасадларни ёриб кўриш билан шуғулланиб одам организмининг асосий физиологик тизимларини синчиклаб ўрганган ва бу маълумотларни ўзининг “Одам вужудининг бўлаклари ҳақида” номли фундаментал асарида баён қилган.
Галеннинг фикрича, одам руҳининг органлари мия, юрак ва жигар ҳисобланади. Мияда локаллашган руҳ қисми мияга келаётган қоннинг тозаланиши кўринишидаги психик пневма бўлиб у одамнинг ақлига жавоб беради. Юракда жойлашган руҳ қисми аффектлар ва эмоцияларнинг намоён бўлишига жавоб беради. Жигарда локаллашган руҳ қисми эса эҳтиёжлар ва майлларнинг намоён бўлишига жавоб беради.
Клавдий Гален одам нерв системасини тасвирлашга уриниб кўрган ва уни одам руҳининг асоси, деб тахмин қилган. Гален нерв толалари ўз таркиби бўйича бош мияга ўхшаш ва улар психик пневма ҳаракатланадиган қалин тола билан бир хил, деб ҳисоблаган. Гален нерв типологиясини ишлаб чиқиб икки хил нерв типларини ажратган: юмшоқ ва қаттиқ. Юмшоқ нервлар психик пневмани сезги органларига ўтишини, қаттиқ нервлар эса психик пневмани мускулларга ўтишини таъминлайди. Гален ҳар бир сезги органига у ёки бу сезги органига таъсир қиладиган қўзғовчига мос пневманинг алоҳида шакли хос, деб ҳисоблаган (кўзда кўриш пневмаси, қулоқда эшитиш пневмаси ва х. з.).
Аффектлар муаммоси билан шуғулланиб, Гален аффектларни қоннинг ҳолати ўзгариши билан бир бутунликда ўрганиш керак, деган тахминни билдирган. Қоннинг инсон ҳаёт фаолиятини ташкил қилишдаги ролига катта аҳамият бериб, Гален одам темпераменти венадаги ёки артериядаги қоннинг кўп ёки озлигига боғлиқ, деган хулосага келган. Венада қони кўп одамлар имиллаган, пассив ва тормозлашган, артерияда қони кўп одамлар ҳаракатчан ва фаол.
Ўз-ўзини текшириш учун саволлар:
1. Фалеснинг асосий психологик ғоялари?
2. Анаксимандрнинг асосий ғоялари?
3. Гераклит Эфесскийнинг психологик билимлар тараққиётига қўшган ҳиссасига баҳо беринг.
4. Эмпедоклнинг фикрича инсон психик ҳаётида қон қандай рол ўйнайди?
5. Гиппократнинг психология фани тараққиётига қўшган ҳиссаси нимада?
6. Демокрит билиш назариясининг асосий қоидалари нимадан иборат?
7. Сократ методининг моҳияти нимада?
8. Платон руҳнинг ўлмаслигини нима билан исбот қилган?
9. Аристотелнинг асосий ғоялари нималардан иборат?
10. Стоиклар руҳнинг қандай қобилиятларини ажратишган?
11. Цицероннинг психологик аҳамиятга молик асосий ғоялари нимадан иборат?
12. Лукреций Карнинг жон ҳақидаги тасаввурларига таъриф беринг.
13. Лукреций Карнинг психологик билимлар тараққиётига қўшган ҳиссасини баҳоланг.
14. Галеннинг асосий ғоялари нималардан иборат?
Do'stlaringiz bilan baham: |