5.1.Ўзбекистонда текислик ландшафтларидан ҳозирги кунда асосан чорвачилик ва суғорма деҳқончилик мақсадларида фойдаланилади.
5.2. Тоғ олди ва тоғ ландшафтларида инсоннинг меҳнат фаолияти жуда хилма-хиллиги билан ажралиб туради.
-Тоғ олди ландшафтлари кучли ўзгарган, адирлар ва паст тоғлар камроқ ўзгарган, ўртача ва баланд тоғлар кам ўзгарган ҳисобланади.
Умуман Ўзбекистон ландшафтларининг ўзгариши асосан инсоннинг меҳнат фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир.
Буларни қишлоқ хўжалик ерларидан фойдаланишда тоғ-кон саноатида, қурилиш транспорт ва коммунал хўжаликларда келажакда улардан фойдаланиш башоратларида куриш мумкин.
5-Мавзу:Иқтисодий ва социал географияда илмий тадқиқотларни ташкил этиш
Иқтисодий география фанининг фронтал ривожланиши, хусусан, аҳоли билан боғлиқ тадқиқотларнинг кучайиши натижасида у расман 1976 йилдан бошлаб «иқтисодий ва ижтимоий география» мақомини олган.
Шу билан бирга таъкидлаш жоизки, иқтисодий географиянинг районлар (ҳудудлар) га кўп аҳамият берилиши айрим салбий оқибатларга ҳам олиб келди. Жумладан, бу фаннинг тавсифловчи хусусиятига ҳаддан ташқари урғу берилди (баъзан кичик бир тоғнинг шимолий ёнбағрини бир киши, жанубий ёнбағрини бошқа киши диссертация мавзуси сифатида ўрганган). Натижада, факт ва рақамлар, иқтисодий тушунча ҳамда қонуниятлар бироз географлар назаридан четда қолган ва ўзига хос бўшлиқ (вакуум) пайдо бўлган. Айнан ана шу шароитда минтақавий иқтисодиёт фани вужудга келди-ки, унинг объекти ва предмети, қайси фанлар тизимига тааллуқлилиги ҳанузгача баҳс ва мунозараларга сабаб бўлмоқда (айрим етакчи иқтисодчи ва географлар фикрича, минтақавий -иқтисодиёт иқтисодийлашган география ёки географиялашган иқтисодиётдир).
Кўрилаётган даврда иқтисодий география фанининг таърифи ҳам ўзгариб, замон талабига мослашиб борган. Масалан, агар аввал иқтисодий география турли мамлакат ва районлар хўжалигини, ишлаб чиқариш кучларининг жойланиш хусусиятларини ўрганувчи фан ҳисобланган бўлса, кейинчалик унинг предмети ҳудудий ишлаб чиқарувчи мажмуалар, жамиятни ҳудудий ташкил этиш ва бошқариш билан тавсифланди.
Учинчи, яъни мустақиллик даври, Собиқ Иттифоқнинг парчаланиши, янги мустақил республикалар-суверен давлатларнинг ташкил топиши иқтисодий географик қарашларда ҳам бирмунча ўзгаришларга олиб келди. Айниқса, бу борада аввалги «Бутуниттифоқ меҳнат тақсимоти», ўта марказлаштирилган социалистик планлаштириш, ялпи мулкчилик шаклларининг вужудга келиши ва уларнинг давлат тасарруфидан чиқарилиши, бозор муносабатларига ўтишнинг таъсири кучли бўлди.
Мустақиллик даврида иқтисодий ва ижтимоий география янги сиёсий ва иқтисодий шароитда ривожланиб келмоқда. Энг аввало таъкидлаш лозимки, мазкур фаннинг асосий ғоя ва тушунчалари: ҳудудий меҳнат тақсимоти, иқтисодий районлаштириш, ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуалари ва бошқалар илмий аҳамиятини ҳозир ҳам сақлаб қолган, уларга фақат “коммунистик” дунёқараш, ўта марказлашган тоталитар тизимни планлаштириш принципларидан холи ҳолда ёндашув талаб этилади.
Энди фанимизнинг ҳозирги даврдаги таркибий тузилишини кўриб чиқайлик (2-чизмага қаранг). Бу ерда иқтисодий ва ижтимоий география асосан 3 блок ёки қисмга ажратилади ва уларнинг дастлабкиси-«она фан», албатта, иқтисодий география ҳисобланади.
Маълумки, том маънодаги иқтисодий география табиат билан бевосита боғлиқ тармоқларни, яъни балиқчилик, ўрмон ва қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноатини ўз ичига олган. Сўнгра у кенгайиб борган ва ижтимоий соҳаларнинг ҳудудий жиҳатларини ҳам ўз тадқиқот доирасига олган. Аммо бу босқичда иқтисодий география тўла «ижтимоийлашиб» кетмайди. Бинобарин, 2-нчи блок боғловчи, яъни фаннинг аталишидаги «ва» қўшимчасини ифодаловчи вазифани бажаради. Мазкур, бўлимда бевосита аҳоли, унинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёт-фаолияти билан алоқадор соҳалар назарда тутилади.
Шу билан бирга эътиборга олиш лозимки, «ижтимоий-иқтисодий география», «ижтимоий ва иқтисодий география» эмас. Биринчисида асосий урғу ижтимоийликга, яъни аҳолига берилади, бироқ унинг иқтисодий функцияси ҳам унутилмайди ва бу икки муҳим жабҳа ўзаро уйғунлашган ҳолда кўрилади.
Дарҳақиқат, аҳоли, инсон энг аввало ижтимоий категориядир. Аммо у айни чоғда ҳам яратувчи, ўзи яратган моддий ва маънавий бойликларни истеъмолчиси ҳамдир. Маълумки, инсон дунёга яшаш учун келади, лекин яшаш учун ишлаш керак. Бинобарин, оилада 5 киши бўлса, унинг фақат 2 нафари иқтисодий фаол бўлиши мумкин. Бироқ, бу икки киши ҳам барча оила аъзолари қаторида истеъмолчи, яъни ижтимоий категория ҳисобланади.
3-нчи блокга тор маънодаги ижтимоий, аниқроғи социал географияга тааллуқли фанлар киритилган. Улар кишиларнинг дам олиши, даволаниши, эътиқоди, юриш-туриши ва, хуллас, ижтимоий ҳаётининг ҳудудий жиҳатлари билан боғлиқ соҳалардир.
Юқоридаги 3 блокдан ташқари сўнгги йилларда тўртинчи блок ҳам шаклланиб бормоқда. У сиёсий география бўлиб, унинг таркибига геосиёсат, ҳарбий география, электорал (сайловлар) география, геоконфликтология, лимология (чегаралар ҳақидаги фан) кабиларни киритиш мумкин. Фанимизнинг бундай яна кенгайиб бориши унинг айрим мамлакатларда (Россия Федерацияси, қозоғистон ва қирғизистон республикаларида) «Иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий география» деб аталишига сабаб бўлди. Келажакда яна қандайдир «география» фанининг вужудга келиш эҳтимолини назарда тутиб, уларнинг барчасини бир сўз билан «Ижтимоий география» деб номлаш тўғрироқ бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |