Шим белбоғини тикиш
Шимнинг белбоғи уланма бўлса, унга ип ёки ипак газламадан астар қўйилади. Астар ўрнига кенглиги 6-7 см. махсус тасма қўйса ҳам бўлади. Белбоғини турғунлаштириш учун унга қотирма қўйилади. Белбоғ шимнинг юқори қирқимига қўш игнали 852х32 кл. машинада уланади.
Шимнинг белбоғи бир игнали машинада уланадиган бўлса, олдин белбоғ авраси шимнинг юқори қирқимига уланади (чок 1). Камар тутгичлар ўнгини шим олд бўлаги ўнгига қаратиб қўйиб, белбоғ уланаётганда қўшиб тикилади. Чок белбоғ томонга ётқизиб дазмолланади. Белбоғнинг юқори қирқими тескари томонга 0,7 см. букилади ва остки томонига тасма қўйилиб, белбоғ аврасидан 0,1 см. кант ҳосил қилиб бостириб тикилади ( чок 2 ). Белбоғ уланган чок юз томонидан тагига тасмани тўғрилаб қўйиб, бостириб тикилади (6.7.3-расм, а, чок 3). Камар тутгичларни 0,3-0,4 см. бўшроқ қолдириб, уларнинг юқори учи белбоғ юқори қирқимига пухталанади (6.7.3-расм, б, чок 4).
а б в г
6.7.3-расм. Шим белбоғини тикиш.
Белбоғ қўш игнали 852 х 32 кл. машинасида уланишида белбоғ авраси билан тасма шим юқори қирқимига махсус буклагич ёрдамида бир вақтда уланади (Расм в, чок 1). Белбоғ шимга улангандан кейин, белбоғ қисмларининг бир-бирига уланган чоклари кесилиб, белбоғ учи ағдарма чок билан тикилади, юз томонга ағдарилиб дазмолланади. Белбоғ учи қирқими пухталанади ва изма йўрмаланади. (6.7.3-расм, г).
Шим почасини тикиш
Шимнинг почаси манжетли ёки манжетсиз бўлади.
Жун газламадан тикиладиган шимнинг манжетсиз почасини тикиш учун олдин андаза қўйиб букиладиган чизиқлари белгиланади. Почаси зийи титилиб кетмаслиги учун бир ёқ зийи бўрттирилган тасма шимнинг ўнгига гир айлантириб 428-2 «Минерва» ёки 72314-101 «Минерва» фирмасининг (Чехословакия) қўш игнали машинасида бостириб тикилади (чок 2). Тасманинг бўртма зийи почанинг букиш чизиғидан юқорироқ чиқиб туриши керак. Почанинг қирқими олдин 51-А, 208-А кл. махсус машиналарида йўрмалаб олинади (чок 1) ва белгиланган чизиқ бўйлаб букиб, яширин бахяли 285 кл. машинасида тикиб қўйилади (6.7.4-расм,чок 3)
6.7.4-расм. Манжетсиз шим почасини тикиш.
Шим почаси манжетли бўлса, шим почаси белги чизиқ бўйлаб букилади. Поча қирқими устига ундан 0,2 см. чиқариб тасма Чехославақия "Минерва" фирмасининг махсус қўш игнали 428-2 кл. ёки 72314-101 кл. машиналарида бостириб тикилади. Манжет шим ўнг томонига қайтарилиб, махсус мосламада дазмолланиб, ён ва одим чоклари устига тўғри келган жойлари махсус 220 кл. машинасида пухталаб қўйилади (Расм 2, а).
а б
6.7.5-расм. Шимнинг манжетли ва манжетсиз почаларини тикиш.
Ип газламадан тикиладиган шимларнинг почасига тасма қўйилмайди, балки универсал машинада ёпиқ қирқимли буклама чок билан тикилади (6.7.5-расм, б).
Do'stlaringiz bilan baham: |