ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
БЕРДАҚ НОМИДАГИ ҚОРАҚАЛПОҚ ДАВЛАТ
УНИВЕРСИТЕТИ
ЖИСМОНИЙ МАДАНИЯТ ФАКУЛЬТЕТИ
ЖИСМОНИЙ МАДАНИЯТ НАЗАРИЯСИ ВА МЕТОДИКАСИ КАФЕДРАСИ
4- талабаси Раимов Умирбекнинг
ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ДАРСЛАРИДА I-IV СИНФ ЎҚУВЧИЛАРИ УЧУН МАШҚЛАР ЮКЛАМАСИНИ МЕЪЁРЛАШ
МАВЗУСИДАГИ
ИШИ
Топширди: Д.Бобоев
Қабул қилди: А.Султансуйнов
2018-йил
Р Е Ж А
Кириш
I Асосий қисм
1.1. Жисмоний машқлар орқали I-IV синф ўқувчилар организмини юкламалашнинг назарий ва амалий асослари
1.2. Жисмоний машқлар юкламасининг педагогик хусусиятлари
1.3. Жисмоний машқлар юкламасининг биологик хусусиятлари
Хулоса
Адабиётлар
К И Р И Ш
Мавзунинг долзарблиги. Ёш авлоднинг ҳар томонлама ақлий, аҳлоқий ва жисмоний жиҳатдан ривожланишида жисмоний тарбия асосий ўринлардан бирини эгаллайди.
Мамлакатимизда таълим тизимини такомиллаштириш, Ватан равнақини таъминлайдиган ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш масалаларига жиддий эътибор берилмоқда. Бу борадаги муҳим қадамлардан бири Ўзбекистонда илк бор “Кадрлар тайёрлаш бўйича миллий дастур” ҳамда “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши катта аҳамиятга эга (4).
Бугунги кунда барча таълим муассасаларида жисмоний тарбия, спорт соғломлаштириш ишларини ривожлантириш, таълим олаётган ўқувчиларнинг спорт турларига қизиқишини ошириш, билими, кўникма ва малакаларини мустаҳкамлаш давр талабига айланиб бормоқда.
Ушбу масалаларни тўлақонли бажарилишини кўзлаб, жисмоний тарбия бўйича давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилди. Ушбу стандарт бошланғич таълим тизимидаги ўқувчилар эгаллаши лозим бўлган билим, кўникма ва малакалар ҳамда ўқув юкламасига қўйиладиган асосий талабларни белгилаб беради.
Мактаблардаги жисмоний тарбия дарсларида машқларнинг миқдорини зўриқиш зоналаридан, организмнинг юкламасига берган жавоб реакциясидан, нафас олиш суръати, машқларнинг давоми этиш вақти, шиддати, дам олиш оралиғи, дам олиш характери, такрорлаш сонидан келиб чиқиб аниқлаш зарур.
Шу боис I-IV синф ўқувчилари жисмоний тарбия дарсларида машқлар юкламасини меъёрлашни илмий жиҳатдан тадқиқ этиш, жисмоний тарбия фани олдидаги энг долзарб муаммолардан биридир.
Ўқувчиларнинг жисмоний тайёргарлик ва жисмоний ривожланиш масалалари кўпгина олимлар томонидан ўрганилган.
Масалан, Ф.Н.Насриддинов [62], Р.С.Саломов [74], Т.С.Усмонхўжаев [84], М.Ю.Юнусова [92], Е.Я.Бондаревский[28], Ф.Хўжаев[89] каби олимларнинг тадқиқотларида болаларнинг жисмоний ривожланиши ва жисмоний тайёргарлиги, ҳаракат фаоллигининг сустлиги аниқланган.
Юқори малакали спортчиларда нагрузкани мезони юзасидан Н.Г.Озолин [1973],В.П.Филин [1964], Ю.В.Верхошанский [1988], М.В.Зациорский [1979], М.Я.Набатникова [1982], М.А.Годик [1982], А.А.Гужаловский [1978], Л.Р.Айрапетьняц [1992], ёш спортчиларда нагрузка мезони бўйиича М.Н.Умаров [1980], жисмоний тарбия дарсларидаги нагрузка тўғрисида Т.С.Усмонходжаев [1990], Л.Е.Любомирский [1989], Я.С.Вайнбаум [1991], Р.С.Саламов [1997] илмий изланишлар олиб борганлар.
Ўқувчилар организмига нагрузканинг физиологик таъсири бўйича маҳаллий олимларимиздан Д.Д.Шарипов [1985], М.Т.Таирова [1985], Г.А.Садикова [1985], Э.А.Сейтхалилов [1985] маълум ишлар қилганлар.
Ўқувчиларнинг умумий нагрузкаси тўғрисида Ф.Ходжаев [1993], 6-7 синфларда нагрузка мезонлари бўйича З.Х.Бадаева [1994], А.Т.Содиқов [1997] бошланғич синфларда нагрузкани меъёрлаш бўйича, Б.Ғ.Бойбобоев [1999] 11-14 ёшли ўғил болалар учун нагрузкани меъёрлаш бўйича илмий изланишлар олиб борганлар.
Агар ҳаракатчанлик ҳаддан ташқари оширилса, жисмоний машқларнинг фойдаси пасаяди ва организмга салбий таъсир этади. Ҳаддан ташқари ҳаракатчанликнинг ошиши, айниқса ёш спортчига қаттиқ таъсир кўрсатади, организм эса махсус бўлмаган мослашиш синдроми тури бўйича фаолият кўрсатади.
А.Содиқов, Б.Бойбобаевлар ўз тадқиқотларида болалар организми функционал имкониятлари мушакларга берилган юклама қандай бажаришни ўрганиш, болаларнинг жисмоний ривожланиши, тайёргарлиги ва жисмоний иш қобилиятини аниқлаш, ҳозирги вақтда муҳим масала эканлигини кўрсатади.
I-IV синф ўқувчиларида жисмоний фаолликнинг етишмаслиги организм функциялари ва унинг фаолиятига салбий таъсир қилади, оқибатда ҳаракат малакалар ва асосий жисмоний сифатларнинг ривожланишини сусайтиради.
Шунинг учун I-IV синф ўқувчиларнинг жисмоний дарсларида машқлар юкламасини меъёрлаш ҳамда унинг самарадорлигини ошириш зарур.
Ҳозирги вақтда спортчилар организмига ортиқча жисмоний юклама қандай таъсир кўрсатиши бўйича катта маълумотлар тўпланган бўлсада, мактаб ёшидаги болалар организми хусусиятларини ҳисобга олмасдан, уларга бир хилдаги жисмоний юкламалар бериш ҳоллари ҳам кўп учрайди.
Жисмоний тарбия дастуридаги асосий машқлар болаларнинг ёшига, жинсига ва жисмоний тайёргарлигига қараб меъёрланманган. Бундан ташқари қиз ва ўғил болаларнинг жисмоний тарбиясига табақали ёндашишда жисмоний юкламани қайси ёшдан бошлаб кераклиги тўла ўрганилмаган.
Шу нуқтаи назардан қараганда, мазкур иш бу муаммони илмий йўналишда ечишга қаратилганлиги билан муҳимдир. Бу эса, энг аввало, ўқувчиларни жисмоний машқлар юкламасини меъёрлаш билан боғлиқ масалаларни тўлиқ яхлит ҳолда илмий-педагогик жиҳатдан асослаш ва ишлаб чиқиш заруриятини келтириб чиқарди.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, I-IV синф ўқувчиларнинг жисмоний дарсларида машқлар юкламасини меъёрлаш ҳамда унинг самарадорлигини ошириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |