Жисмоний машқлар юкламасининг педагогик хусусиятлари
Юклама меъёри –бу муайян ҳажм ва тезликлар ўлчамларининг йиғиндисидир. Меъёр-маълум бир зарурий вазифани ҳал қилиш учун аниқ ўлчам ҳисобланади. Бошқача сўзлар билан айтганда, Юклама меъёри деб, жисмоний тарбияда соғлиқни мустаҳкамлаш, ҳаракат кўникма ва малакаларни эгаллаш учун ҳаракат фаоллиги ҳамда жисмоний тайёргарликнинг энг мақбул даражада ушлаб турилишини таъминлайдиган юклама ҳажми тушунилади.
Юкламанинг чегарали нормаси қуйидаги ўлчамлардан иборат:
А)самарали ритвожлантириш учун: максимал шиддатли кучланишга (қаршиликка) кўра 50-80% ёки қайта такрорлаш сони 8-20; сериялар оралиғида 40-60 сония, битта машғулотда ҳажми ҳар бир мушак гуруҳига 3-сериядан (13-15 дақиқа) ҳафталик циклда 2-4 марта қисқа вақтда такрорлаш.
Б)самарадорликни ушлаб туриш учун: шиддати максималга кўра 50-80% ёки қайта такрорлаш сони 8-20; 20-30 сония сериялар оралиғида битта машғулотдаги ҳажми 2 серияда ҳар бир мушак гуруҳига (6-7 дақиқа), ҳафталик циклда 2-4 мартадан қисқа вақт ичида такрорлаш [9,25,26].
Жисмоний юкламаларни бажара олиш мумкин бўлган меъёрдан бир оз ошириб юборилса, дарҳол шуғулланувчиларнинг саломатлигига зарар етиш ҳавфи туғилади ва ғоят зўр соғломлаштириш омили бўлган жисмоний машқлар салбий натижалар бериши мумкин [25,30,33].
Жисмоний машқларни бажара олиш, бир томондан шуғулланувчиларнинг имкониятларига боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, уларнинг ўзлари учун хос бўлган (бу мувофиқлаштиришдаги мураккаблик интилишнинг шиддати. қанча вақт давом этиши ва ҳокозо) хусусиятларга, бирон-бир машқни бажариш пайтида содир бўладиган объектив қийинчиликларга боғлиқ бўлади.
Ана шу икки омилнинг (имконият ва қийинчилик) бир-бирига тўла мувофиқ келиши бажара олишнинг оптимал меъёрини ифода этади. Мана шу меъёрни аниқ белгилаб олиш ва унга амал қилиш жисмоний тарбиянинг энг муҳим ва мураккаб муаммоларидан биридир. Уни ҳал этиш учун кишининг ёш жиҳатидан улғайиб боришида турли босқичларида организмнинг функционал имкониятларини тўла тасаввур этиш, шунингдек, кишининг жинсига, индивидуал хусусиятларига ва ташқи шароитларга алоқадор бўлган мана шу имконият чегарасини билиш, жисмоний тарбиянинг ҳар хил воситалари ва услублари билан организмга қўйиладиган талабларнинг хусусиятлари тўғрисида аниқ маълумотларга эга бўлиш ва уларни шуғулланувчининг имкониятлари билан амалда тўғри мувофиқлаштира билиш лозим [19,20,24].
Ўқитувчи бажара олиш меъёрини белгилар экан аввало илмий маълумотлар ва умумлашган амалий тажрибалар асосида шуғулланувчиларнинг бирон-бир гуруҳи учун белгиланадиган дастур ва меъёрий талабларга асосланади.
Мактабдаги жисмоний тарбия машғулотларида шуни намоён этиш билан боғлиқ бўлган машқлар ҳам ишлатилади. Шунинг учун уларни тўғри меъёрлаш лозим. Кам юклама белгиланган натижани бермайди, ҳаддан ташқари кўпи эса болалар соғлигини ёмонлаштиради [62,69].
Жисмоний машқларнинг юкламаланиши қуйидаги кўрсаткичлар билан аниқланади: машқни ўзига хос хусусиятлари, бажарилиш шиддаати, ишнинг давом этиши, алоҳида машқлар оралиғидаги дам олиш хусусияти ва уларнинг такрорланиш сони. Бу жараёнларнинг нисбати машқларнинг юкламасини, машқларнинг ҳажмини, йўналиши ва организмнинг таъсирини аниқлайди.
Юкламаларнинг ҳафталик,ойлик, йиллик тўлқинсимон тебранишлари, уларнинг динамик тўғри чизиқ зинапояли шакллари ўзи гцёки бир фан вазифасини ўтайди.
Л.Е.Любомирский [42] мактаб ўқувчиларига бериладиган жисмоний машқлар юкламасининг таъсирини баҳолашда 5 босқичли туркумлардан фойдаланишни таклиф қилган:
I-босқич. Машқлар бажарилиши шиддатининг суст бўлиши(тахминан 20-30%).Бу босқичда иш жуда узоқ вақт бажарилиши мумкин;
II-босқич. Машқлар бажарилиши шиддатининг ўртача бўлиши (тахминан 50%). Бу босқичда жисмоний машқлар бажариш режими умумий чидамлиликни ривожлантиришга ёрдам беради;
III-босқич. Машқлар бажарилиши шиддатининг катта бўлиши (тахминан 70%). Бу босқичда мактаб ўқувчилари организмидаги мушаклар кўпроқ кучланиш билан ишлайди. Б босқичда бажариладиган машқлар давомийлиги 4-5 дақиқадан ортмаса-да, нафас олиш суръати ва бошқа кўрсаткичлар муҳим аҳамиятга эга;
IV-босқич. Машқларнинг бажарилиш шиддати субмаксимал (тахминан 80%).;
V-босқич. Машқларнинг бажарилиши шиддатининг максимал бўлиши (тахминан 100%).Максимал тезликда, юқори суръат ва кучланишда бажариладиган машқлар иш тартибига тўғри келади.
Юклама ҳажми ҳамма спорт турлари учун фойдаланишга яроқли бўлган иккита умумлашган кўрсаткич билан аниқланади;
1. Мусобақа ва машғулот фаолияти учун сарфланган вақт (соати, сони, кун, ҳафта ва бошқалар).
2.Машғулотлар сони (цикл,босқич,даврлар). Юкламанинг бажарилиш шиддатига кўра уни туркумлаш масалаларини ҳал этишга доимо катта эътибор бериш зарур.
Ҳозирги вақтгача жисмоний тарбиянинг аралаш дарслари тизимида ўқувчиларнинг ёши, жинси, индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда юкламанинг оптимал меъёрини аниқлаш етарли даражада ўрганилмаган.
Кўп мутахассислар ўқув машқ жараёнида ҳаддан зиёд юклама берилиши, машқларнинг шиддатли бажарилиши шуғулланувчилар организмида салбиқ ўзгаришлар пайдо бўлишига олиб келишини кўрсаган [32,33,52,62,67].
Do'stlaringiz bilan baham: |