Мавзуни мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. ХV аср ренессанси ва Алишер Навоий яшаган тарихий давр.
2. Алишер Навоийнинг қайси асарларида техник ва феноменал ҳодисалар акс эттирилган?
Топшириқлар:
1. Алишер Навоий интеллектуал ва кашфиётчилик қарашларини психоаналитик таҳлил қилинг.
2. Ушбу мавзу бўйича психологик адабиётлар билан ишланг ва мавзуни тўлдиринг.
3. Бошқа муаллифлар асарларини ҳам шу нуқтаи назардан ўрганинг.
Фойдаланилган адабиётлар:
Салоҳий Д. Қашмирий сеҳрини синдирган олим. // ЎзАС,
Ғозиев э. Умумий психология. Дарслик. – Тошкент. 2010. – 510 б.
Муҳиддинов М. Комил инсон – адабиёт идеали. – Тошкент: Маънавият. 2005.
4-МАВЗУ. ҲОЗИРГИ ЗАМОН ПСИХОЛОГИЯСИДА КОМИЛ ШАХС ОБРАЗИ
Режа:
Сабр – руҳий ҳолат сифатида.
Баркамол шахсни шакллантиришнинг психологик асослари.
Таянч иборалар: сабр, ирода, руҳий ҳолат, комиллик, невроз, ижод.
Дарс ўтиш воситалари: ўқитишнинг анъанавий шакллари (дарслик, маъруза матни) билан бир қаторда компьютер ва ахборот технологиялари.
Дарс ўтиш усуллари: Маъруза (кириш, мавзуга оид, визуаллаш), муаммоли таълим, кейс-стади, парадокс ва лойиҳалаш усуллари ва амалий ишлар.
1. Сабр – руҳий ҳолат сифатида. Сабр психологик жиҳатдан ўрганиладиган бўлса, уни иродавий ҳолатлар категорияси сифатида қараш керак бўлади. Сабр масаласи узоқ даврлардан буён маънавий-ахлоқий асарларда муҳокама қилиб келинади. Ҳар бир шахс мукаммал бўлиб етишиши учун унда, жумладан, сабр-тоқат, чидамлилик, қаноат каби ёндош хислатлар шакллантирилиши керак эканлиги маълум.
Психологик адабиётларда сабр тушунчаси кенг муҳокама қилинмайди. Сабр шахснинг руҳий ҳолатларидан «иродавий сифат» тушунчасига яқин талқин этилади. Аслида сабрни психологик категория сифатида ўрганиб, унинг асл маъносини англаш шахс тараққиёти, ҳаёти, умуман, инсоният учун муҳим эканлигини қуйидагича тушунтириш мумкин.
«Сабр» араб тилидан олинган бўлиб, луғавий маъноси – шахснинг иродавий зўр бериб, қандайдир қийин вазиятга чидамлилик кўрсатиши; ўзини мумкин бўлмаган ишлардан ва нарсалардан тўхтатишидир. Сабр ҳамма вақт психик фаолликнинг онг назоратида бўлишини талаб этади. Аммо, шахс узоқ муддат сабрли руҳий ҳолатда яшаса, сабр қилиш стереотиплашади, онг назорати камайиб, шахс кутилмаган, спонтан, онгсиз ёки онг ости ҳолатларида ҳам ёмон ва нотўғри ишни қилмайди.
Борлиқдаги ҳар бир воқеа ва ҳодиса ўзининг кўп қиррали хусусиятларига эга. Сабр ҳам албатта ижобий ҳиссий-иродавий ҳолат. Лекин баъзида ҳаётда «Сабрнинг ҳам чегараси борми?» - деган саволга дуч келамиз. Сабрнинг чегараси бор.
Агар одам чидаб бўлмас оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолса, чидашга қарор қилади. Агар бу чидашдан маъно бўлса, бу одамни иродали деб айтиш мумкин. Бу сабрдан ижобий натижа келиб чиқади. Бошиданоқ чидашдан маъно йўқлигини била туриб, одамни сабр қилишга ундаш (масалан, ёш келинни гиёҳванд куёв билан яшашга чидатиш ва ҳ.к.) бу – садизм ёки мазохизмнинг бир тури бўлиб қолади.
Одам ўз фаолиятидан кўпроқ натижа олиш, мақсадига эришиш учун қийинчиликка сабр қилса, лекин ўз соғлигини, оиласини, интеллектуал хусусиятлари, маданияти ва бошқаларни хавф остига қўйса – бу носоғлом турмуш тарзи ҳисобланади. Масалан, кўп пул топиш учун жонини аямасдан чарчаш, совуқ мамлакатларда ишлаш, оиладан узоққа кетиш ва ҳ.к.
Сабрнинг қуйи чегараси ёки сабрсизлик – очкўзлик, нафсни тиймаслик, виждонсизлик, инстинктив равишда жиноятга ва гуноҳ қилишга мойиллик билан тугайди. Бу турдаги сабрсизлик ёки патологик сабр алоҳида шахснинг оддийгина асосиаллигидан бошланиб, инсониятни ҳалокатга олиб келувчи глобал муаммолар билан тугайди. Наркобизнес, одам савдоси, коррупсия, фирибгарлик, урушлар – қаноатсизлик, сабрсизлик, нафсни тиймаслик туфайли юз беради
Сабрнинг юқори чегарасига интилиш эса инсонни комилликка олиб боради. Сабрнинг юқори чегарасида – ақл билан нафс ва ҳиссиётни енгиш, ўз инсонлик қиёфаси ва ғурурини йўқотмаслик каби иродавий ҳолатлар туради.
Образли қилиб тасвирлаганда сабрнинг бу тўрт чегараси шундай кўринишга эга:
Do'stlaringiz bilan baham: |