9.3. Жинсларнинг конвейер транспорти билан ташишда
очиш ишлари технологияси
Қия ва ўта қия руда конларини қазиб олишда, тўртламчи ётқизиқларни ташкил қилувчи юмшоқ кон жинсларини қазиб олиб, уларни ташқи ағдармага ташишда, асосан, конвейер транспорти қўлланилади.
Конвейер транспорти қўлланилганда қоплама жинс ва ағдармалардаги кирмаларнинг ўлчамлари геологик шароитлар, ротор экскаватори ва ағдарма ҳосил қилувчи ускуна параметрлари ҳамда уларнинг ишлаш схемаларини ҳисобга олган ҳолда аниқланади. Қоплама жинс поғонасидаги кирма кенглиги, транспорт коммуникацияси жойлашадиган тилик кенглиги, кавжой конвейерига юк ортиш схемаси, ёндош поғоналарни қазиб олиш усули ва тартибини ҳисобга олган ҳолда қазиб олинаётган поғона ишчи майдони кенглиги аниқланади. Иш фронти узунлиги табиий шароитлар билан бир қаторда қазиб – юклаш ускуналарнинг русуми ва унумдорлиги бўйича аниқланади.
Ҳозирги вақтда карьерларда қаттиқ (қоясимон) жинсларни қазиб олиб, уларни ташқи ағдармага ташишда конвейер транспортидан самарали фойдаланишмоқда. Бунинг учун ташиладиган кон жинсларини керакли даражада майдалаш лозим бўлади ва бунда конвейер ишончли ва самарали ишлашига шароит яратилади.
Кон жинсларини лентали конвейерларда ташиш учун керакли даражада майдалашга икки усулда эришиш мумкин: кавжойида кўчиб юрувчи тегирмонлардан фойдаланиш, бунда бир чўмичли экскаватор кон массасини тегирмонга бункер – таъминлагич орқали юклайди ва тегирмонда майдаланган кон массаси конвейерга юкланади; кон массасини керакли даражада майдалаб, талаб қилинган гранулометрик таркибини таъминлаш учун бурғулаб – портлатиш ишларини такомиллаштириш.
Ҳозирги вақтда унумдорлиги 1000 т/соат бўлган ўрмаловчи (гусеницали) СДА-3 русумлм ўзи юрар майдалаш агрегати карьерларда қўлланилмоқда. Бу агрегат қабул қилиш бункери ва консолли юклoвчи ускунасига эга бўлиб, бир чўмичли экскаватор комплекси кўринишида ишлайди ва кавжойни қазиб олиниши мобайнида конвейер линияси бўйлаб сурилиб боради.
Мобил майдалаб – юкловчи агрегатларни ишлаб чиқарувчи энг катта фирма “ПХБ – Везерхютте” (ГФР) бўлиб, унумдорлиги 300 – 3000 т/соат бўлган ғилдиракли, гусеницали ва одимловчи кўринишдаги агрегатларни кўплаб ишлаб чиқаради.
Мобил майдалаб – сараловчи агрегатлар “Стемплер корпорейшен” (АҚШ) фирмасида ишлаб чиқарилади.
Бу агрегатлар баландлиги кичик бўлгани учун юклаш ишлари бевосита экскаватор билан бажарилиши мумкин. Тишдор валекли тегирмоннинг унумдорлиги 3000 т/соат бўлиб, оғирлиги 250 т, бункери ҳажми 110 т, узунлиги 8,23 м, кенглиги 9,15 м, баландлиги 8,53 м, майдалаш даражаси 1,37 дан 0,45 м ни ташкил қилади. Юклаш конвейери узунлиги 15,25 м, кенглиги 2,13м.
9.6. - расм.Карьерда конвейер транспорти қўлланилганда қаттиқ кон жинсларини қазиб олишнинг технологик схемаси.
Конвейер транспортида очиш ишлари технологияларининг саноат самарадорлиги горизонтни баланд поғоналари билан полли схемада қазиб олиш орқали таъминланади. Бу схемада кавжойдан қазиб олинган ёки тегирмонда майдаланган жинсларни транспорт бермасида иш фронти бўйлаб ўрнатилган конвейерга юклаш майдалаш агрегатининг консолли ва юклаш конвейери орқали амалга оширилади. Бунда конвейерни горизонт бўйлаб сурилиш қадами пол кенглигига тенг бўлишига шароит яратилади ва экскаватор ҳамда тегирмоннинг бекор туриш вақти минимум бўлиб, уларнинг унумдорлиги юқори бўлишига эришилади (9.6 расм).
Осон майдаланадиган, дарздорлик даражаси юқори бўлган яримқоясимон жинсларни қазишда майдалаш агрегатисиз конвейер комплекси қўлланиши мумкин. Бундай шароитларда кон массаси экскаватор билан бевосита панжарали саралагич ўрнатилган бункерга юкланади. Бунда ногабарит бўлаклар панжара устидан пастга тушиб кетади, панжара остига ўтган кон массаси эса ҳаракатланувчи қайта юклаш ускунаси орқали кавжой конвейерига юкланади.
Конвейер транспорти қўлланганда очиш ишлари технологияси меҳнат унумдорлиги юқори бўлиши билан бир қаторда кон ишларини автоматик бошқариш ва жадаллаштиришни таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |