Санъат ва ахлоқ. Бу икки маънавий ҳодиса шу қадан мустаҳкам алоқадаки, бири иккинчисининг иштирокисиз тўлақонли мавжуд бўлолмайди. Ҳар иккаласини ҳам инсоншунослик деб аташ мумкин, фақат улар анатомия каби одам аъзоларини эмас, инсон ахлоқий-эстетик-руҳий муруватларини, яъни унинг эзгулик ва гўзалликка, ёвузлик ва хунукликка муносабатини акс эттиради, ўрганади. шу сабабли ахлоқдан ташқарида санъатнинг мавжудлиги мумкин эмас, айни пайтда санъациз ахлоқ тарғиботдан маҳрум бўлиб қолади ва фаоллик хусусиятини йўқотади. Зеро санъатнинг азалий ва абадий бош мавзуси эзгулик билан ёвузлик ўртасидаги курашдир, бошқа барча инсоний муаммоларнинг ўртага ташланиши ва ҳал этилиши бадиий асарда ана шу мавзунинг очиб берилиши учун ёрдамчи вазифасини ўтайди.
Санъат, одатда, хулқий гўзаллик масаласини ўртага ташлайди, яъни ахлоқий идеал муаммоси бадиий асарнинг шоҳтомири ҳисобланади. У санъатда эстетик моҳият касб этади ва кўз олдимизда асар қаҳрамони эстетик идеал унинг қаҳрамонлиги улуғворлик тарзида гавдаланади. Хуллас, ижтимоий-ахлоқий муносабатлар санъатда гўзаллик, улуғворлик, фожеавийлик, кулгилилик, мўъжизавийлик каби эстетик хусусиятлар орқали ифода топади. М., Шекспирнинг «Отелло» пиесаси фожеавийлик асосига қурилган. Айни пайтда биз Отеллода – улуғворликни, Дездемонада – гўзалликни, Ягода – тубанликни эстетик идрок этамиз.
Ахлоқнинг санъатда инъикос қилиши икки хил йўл билан амалга ошади. Биринчиси – бевосита, яъни асардаги бадиий қиёфаларда ижобийлик, ахлоқий фазилатлари устун бўлади, ахлоқий идеални яққол кўриб турамиз. Иккинчисида эса, биз асарда ахлоқий идеал тугул, ҳатто бирор бир ижобий қаҳрамонни ҳам учрата олмаймиз. Лекин уларни баҳолаш имконига эга бўламиз. Чунки муаллиф иллатларни ўз замонаси эришган ахлоқий юксаклик даражасидан туриб фош қилади. М., Гулханийнинг «Зарбулмасал», Гоголнинг «Ревизор», Абдулла Қаҳҳорнинг «Майиз емаган хотин» асарлари шулар жумладан.
Бундан ташқари санъат билан ахлоқ алоқадорлигини махсус «ахлоқий» адабий жанрларнинг мавжудлигида ҳам кўриш мумкин. Оғзаки ва ёзма адабиётдаги мақол, матал, ҳикмат, ривоят, панднома, масал каби жанрлар бунга мисол бўла олади.
Шундай қилиб, санъат ва ахлоқнинг алоқадорлиги, халқона айтганда, эт билан тирноқ даражасидаги яқинликда, асардаги ахлоқий-эстетик яхлитликда намоён бўлади.
Санъат ва дин. Биз умумжаҳоний динларнинг вужудга келиши ва уларнинг санъат билан алоқадорлигини китобнинг тарихий қисмида кўриб ўтган эдик. Яна қўшимча қилиб, шуни айтиш мумкинки, санъат, аввало, ахлоқийликни тарғиб этиш нуқтаи назаридан дин билан боғлиқ. Буни барча умумжаҳоний динлар учун сўнг мақсад – юксак ахлоқ эгаси бўлмиш комил инсонни, солиҳ бандани тарбиялаш эканида кўрса бўлади. Зеро жуда кўп диний тушунчалар ахлоқий маънога, ахлоқий тушунчалар эса диний маънога эга. М., имон, диёнат, ҳалоллик, поклик, муҳаббат, виждон каби тушунчалар ҳар икки маънавий ҳодисага ҳам тегишлидир. Айни пайтда дин эзгулик, мурувват, шафқат, жўмардлик, ростгўйлик, ватанпарварлик каби ахлоқий фазилатларни тарғиб қилади ва қотиллик, ўғрилик, порахўрлик, хиёнат, ёлғончилик сингари иллатларни тақиқлайди. Буларнинг ҳаммаси асарда ўз ифодасини топар экан, бир варакай уч ёқлама – дин, ахлоқ ва санъат алоқадорлиги вужудга келади.
Бундан ташқари санъатнинг дин билан боғлиқ махсус йўналиши мавжуд. Биз уни диний-бадиий асар сифатида кўриб ўтган эдик. Унда дин санъатнинг равнақига, санъат эса диннинг ёйилишига хизмат қилади, ҳар икки ҳодиса қўлни - қўлга бериб фаолият кўрсатади. Масалан, Ҳазрат Али қиссаси, «Машраб қиссаси», Кёлн жомеси, Тож Маҳал мақбараси, Ал-Ҳумро масжиди, Имом Бухорий мақбараси, қадимги Буддҳа ҳайкаллари, ҳазрати Исо ва ҳаворийлар тасвирланган рангтасвир намуналари сингари диний бадиий асарлар шулар жумласидан. Улар аллақачон умуминсоний маънавий қадриятларга айланиб бўлган. Демак, санъат билан диннинг ҳамкорлик алоқалари натижасида маънавий қадриятларнинг вужудга келиши рўй беради.
Санъат умумжаҳоний динларнинг эътиқодий китобларида ҳам кенг ўрин агаллаган. Мусулмонлар эътироф этиши керак бўлган Таврот, Забур, Инжил ва Қуръонда кўплаб бадийлашган қиссаларни ривоятларни учратамиз. Масалан, Қуръондаги Юсуф қиссаси (3-сура) бунинг яққол далилидир.
Тўғри, муайян даврларда дин санъатни тақиқлашга, унинг баъзи турларини ман этишга уринган М., насронийлик дастлаб санъатнинг барча турларини, ислом эса тасвирий санъатни таъқиб остига олди. Лекин санъатни бўйсундиришдан кўра, унда фойдаланиш, у билан ҳамкорлик қилиш дин учун мақбул экани тезда маълум бўлиб қолди.
Шундай қилиб, санъат ва дин бевосита, ҳам билвосита бир-бири билан мустаҳкам алоқада фаолият олиб борадиган маънавий ҳодисалардир.
Do'stlaringiz bilan baham: |