17.3.Микрокредит ташкилотлари
Ўзбекистон Республикасида нобанк кредит ташкилотларининг, шу жумладан, микрокредит ташкилотларини фаолият юритиши ва тегишли хизматларни кўрсатиши учун етарли даражадаги ташкилий-ҳуқуқий база яратилган.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида микрокредит ташкилотлари ўз фаолиятларини йўлга қўйишлари ва олиб боришларига асос бўлиб ҳисобланади. Микрокредит ташкилоти атамаси “Микрокредит ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 3 моддасида қуйидагича изоҳланади:
Микрокредит, микроқарз, микролизинг бериш соҳасида хизматлар кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва ушбу Қонунга мувофиқ бошқа микромолиявий хизматлар кўрсатувчи юридик шахс микрокредит ташкилотидир.
Микрокредит ташкилотлари тижорат ташкилоти сифатида тижорат банкларида ҳисоб рақамларини очиш орқали фаолиятини амалга оширади, ҳисобварақларни очиш, ёпиш, бошқа банкларга кўчириш Марказий банкнинг тегишли йўриқномалари асосида амалга оширилади.
Микрокредит ташкилоти ишлаб чиқариш, суғурта, савдо-воситачилик каби фаолиятлар билан бевосита шуғулланишга ҳақли эмас. Микрокредит ташкилоти қуйидаги турлардаги микромолиявий хизматлар кўрсатиши мумкин:
микрокредитлар ёки микроқарзлар бериш;
қарз мажбуриятларини сотиб олиш ва сотиш (факторинг);
микрокредит ташкилоти лизинг берувчи сифатида иштирок этадиган микролизинг (молия ижараси) бериш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа турдаги микромолиявий хизматлар кўрсатиш, шу жумладан истеъмол кредитлари бериш кабилар шулар жумласидандир.
Шу ўринда микролизинг, микрокредит ва микроқарзга Ўзбекистон Республикасининг “Микромолиялаш тўғрисида”ги Қонунида берилган таърифни келтириб ўтамиз.
Микрокредит қарз олувчига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг кам иш ҳақининг минг баравари миқдоридан ошмайдиган суммада тўловлилик, муддатлилик ва қайтариш шартлари асосида бериладиган пул маблағларидир. Микрокредит қарз олувчига пул маблағларини шартномага мувофиқ муайян мақсадлар учун ишлатиш шартлари асосида (мақсадли микрокредит) берилиши мумкин.
Микроқарз микрокредит ташкилотлари томонидан жисмоний шахс бўлган қарз олувчига энг кам иш ҳақининг юз баравари миқдоридан ошмайдиган суммада муддатлилик ва қайтариш шартлари асосида, шартномада назарда тутилган ҳолларда эса тўловлилик шарти асосида ҳам бериладиган пул маблағларидир.
Микролизинг микромолиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилот томонидан лизинг олувчининг топшириғига биноан учинчи тарафдан мол-мулк олиш ҳамда унга эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг олувчига шартномада белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бериш назарда тутиладиган хизматдир. Микролизинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун лизинг тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ энг кам иш ҳақининг икки минг баравари миқдоридан ошмайдиган суммада берилади.
Мамлакатимизда кейинги пайтларда аҳолига микрокредитлар, микроқарзлар ва микролизинглар бериш борасида банклар билан бир қаторда микрокредит ташкилотлари ҳам ўз хизматларини кенгайтириб бормоқдалар.
Микрокредит ташкилоти микрокредитлар, микроқарзлар, микролизинг бериш ва бошқа микромолиявий хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ маслаҳат ва ахборот хизматлари кўрсатиши мумкин.
Микрокредит ташкилоти:
- қарз мажбуриятларини чиқаришга ҳамда юридик ва жисмоний шахслардан омонатлар (депозитлар) қабул қилишга;
- жисмоний шахслардан қарз маблағларини жалб қилишга, бундан ўз муассислари (иштирокчилари, мулкдорлари) мустасно;
- ўз муассисларининг (иштирокчиларининг, мулкдорларининг) мажбуриятлари бўйича кафил бўлишга ёки кафолат берувчи бўлишга, шунингдек, уларга ўз мажбуриятлари бажарилишини таъминлашнинг бошқа усулларини тақдим этишга ҳақли эмас.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг микрокредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишга доир ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки молиявий тизимнинг барқарорлигини сақлаш, қарз олувчилар ва кредиторларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ микрокредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солади ва назорат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда:
микрокредит ташкилотлари устав фондининг энг кам миқдорини белгилайди;
молиявий ва касса операцияларини амалга ошириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш қоидаларини, шунингдек, иқтисодий нормативларни белгилайди;
кўрсатилаётган микромолиявий хизматлар учун фоизларни ҳисоблаш тартибини тасдиқлайди;
микрокредит ташкилотларининг фаолиятини текширади ва уларнинг фаолиятида аниқланган микрокредит ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилишларини бартараф этишга оид бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;
микрокредит ташкилотининг фаолиятини аудитдан ўтказишга доир талабларни белгилайди;
микрокредит ташкилоти ижро этувчи органи раҳбарининг малакасига доир талабларни белгилайди;
микрокредит ташкилоти томонидан микрокредит ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари ва белгиланган иқтисодий нормативлар бузилган тақдирда, устав фондининг белгиланган энг кам миқдорининг бир фоизигача жарима ундиради;
микрокредит ташкилоти томонидан айрим молиявий операциялар ўтказишни уч ойгача бўлган муддатга чеклайди;
микрокредит ташкилоти лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туради ёки тугатади.
Қуйида “Мега-инвестмент плюс микрокредит ташкилоти” МЧЖнинг ҳисоботлари келтирилган.
“Мега-инвестмент плюс микрокредит ташкилоти”
Do'stlaringiz bilan baham: |