Кредит уюшмалари пассив операциялари – бу маблағларни жалб қилиш билан боғлиқ операцияларидир. Кредит уюшмалари маблағларни пай бадаллари, муддатли ва жамғарма депозитлар, бошқа молиявий муассасалардан кредит сифатида жалб қилиши мумкин. Шунингдек, кредит уюшмаларининг даромад ва фойдани шакллантириш билан боғлиқ операцияларини ҳам уларнинг пассив операциялари сифатида таснифлаш мумкин.
Кредит уюшмаларини ташкил этишнинг асосий пассив операциялари ва уларни ташкил этишнинг талабларидан бири устав капиталини шакллантириш ҳисобланади. Кредит уюшмалари пай бадаллари (устав капитали) унинг таъсисчилари томонидан шакллантирилади.
Кредит уюшмалари устав фонди пул маблағларидан, шунингдек, мазкур ташкилот устав фонди миқдорининг йигирма фоизидан ошмайдиган бошқа мол – мулк ҳисобидан шакллантирилиши мумкин. Кредит ҳисобидан ва гаровга олинган маблағлардан ҳамда бошқа жалб этилган маблағлардан кредит уюшмалари устав фондини шакллантиришга рухсат берилмайди.
Кредит уюшмаларининг муддатли ва жамғарма депозитлари унга аъзо жисмоний ва юридик шахслардан, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ҳисобидан шакллантирилади.
Таъкидлаш жоизки, кредит уюшмаларида муддатли ва жамғарма депозитлар бўйича тўланаётган фоиз ставкларининг юқорилиги аҳолининг кредит уюшмаларида омонатларни жамғаришга бўлган иштиёқини оширмоқда. Бироқ, бу омонатлар билан боғлиқ рискларни вужудга келишига сабаб бўлади.
Кредит уюшмалари, молиявий муассаса сифатида қўшимча ресурсларга кучли эҳтиёж сезади. Кредит уюшмалари, албатта ушбу эҳтиёжни устав капитали, омонатлар, тақсимланмаган фойда ҳисобидан қондиришга алоҳида эътибор қаратади. Шунга қарамасдан, ушбу молиявий манбалар ҳисобидан шакллантирилган маблағлар етарли бўлмаганда тижорат банкларидан қисқа ва узоқ муддатли кредитларни жалб этади.
Кредит уюшмалари актив операциялари – бу пассив операциялар натижасида шакллантирилган молиявий маблағларни тегишли фойдани шакллантириш мақсадида самарали мақсадларга жойлаштириши билан боғлиқ фаолияти мажмуидир. Кредит уюшмалари актив операциялари иқтисодий моҳиятидан келиб чиққан ҳолда моддий ва номмоддий активларга, рискли ва рисксиз активларга, даромад келтирадиган ва даромад келтирмайдиган активлар сифатида гуруҳлаш мумкин.
Кредит уюшмаларининг моддий активларига бевосита қиймат ва буюм кўринишида мавжуд бўлган активлар киради. Масалан, кассадаги нақд пуллар, кредитлар, асосий воситалар шулар жумласидандир. Номоддий активларга кредит уюшмасини фаолиятини ташкил этиш учун сотиб олинган дастурий маҳсуллар, гудвилл ва бошқа шу кабиларни киритиш мумкин.
Маълумки, кредит муассасалари томонидан амалга оширилаётган барча операцияларнинг асосий қисми бевосита риск билан боғлиқ. Шунингдек, кредит уюшмаларининг фаолияти ҳам бундан ҳоли эмас. Шу жиҳатдан уларнинг актив операциялари ҳам рискли ва рисксиз активлардан иборатдир. Кредит уюшмаларининг рискли операциялари бевосита уларнинг даромадларини шакллантириш билан боғлиқ операциялари жараёнида вужудга келиб, риск даражаси қанчалик юқори бўлса уларнинг даромадлари ҳажми ҳам шу даражада юқори бўлади ва аксинча.
Кредит уюшмаларининг рискли операциялари сифатида берилган кредитлар, инвестициялар, лизинглар ва бошқа шахслардаги омонатларини келтириш мумкин. Рисксиз активлар таркибига эса кассадаги нақд пуллар, тижорат банкларидаги маблағлари, асосий воситалар ва шунга ўхшаш активларини киритиш мақсадга мувофиқдир.
Кредит уюшмаларининг барча операциялари ҳам даромад келтирмайди, шундай бўлсада, уюшманинг фаолиятини ташкил этиш мақсадида улар даромад келтирмайдиган операцияларни амалга оширишга ҳам мажбурдирлар. Масалан, кассадаги нақд пул билан боғлиқ операциялари, асосий воситалар, банкдаги ҳисобварақларидаги маблағларни даромад келтирмайдиган активлар сифатида таъкидлаш мумкин.
Кредит уюшмаларининг даромад келтирадиган активлари таркибига кредитлар, инвестициялар, лизинг ва бошқа муассасаларга қўйилган муддатли жамғармаларни киритиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |