Танга сўмлар. Сўм қадри тушиб бориши билан паст номиналдаги қоғоз пуллар муомалада кўпроқ ушлаб турилиши учун танга кўринишидаги сўмларга алмаштириб борилган. Жумладан, 1997 йилда илк марта 1, 5 ва 10 сўмлик тангалар муомалага киритилган. Бундай кўринишдаги танга сўмлар 1998, 1999 йилларда ҳам ишлаб чиқарилган. 2000 ва 2001 йилларда 1, 5 ва 10 сўмлик тангаларнинг ҳажми кичрайтирилган ва дизайни ўзгартирилган.
Бундан ташқари, пўлат, мис ва никел қотишмали 50 сўмлик (2001) ва 100 сўмлик (2004) тангалар ҳам муомалага киритилган.
Расмий хабарга кўра, Марказий банк 2018 йил мобайнида майда купюраларни 50, 100, 500 сўмлик янги намунадаги тангаларга алмаштириш ҳамда 200 сўмлик тангаларни чиқариш масаласи кўриб чиқади.
Эсдалик тангалари. Марказий банк томонидан турли юбилей саналари ва бошқа шахсларга атаб эсдалик танглари ҳам чиқарилган. Жумладан, қимматбаҳо бўлмаган металлар — никель билан қопланган пўлатдан Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллигига атаб 25 сўмлик (1999), Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллигига атаб 50 сўмлик (2002), Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига атаб икки хил 100 сўмлик (2009), Ўзбекистон Мустақиллигининг 20 йиллигига атаб 500 сўмлик (2011) эсдалик тангалари катта тиражда чиқарилган ва реал муомалага ҳам киритилган.
2001 йилда Алишер Навоий таваллудининг 560 йиллига атаб 100 сўмлик жез танга чиқарилган;
Тилла қопланган қимматбаҳо бўлмаган металлардан ишлаб чиқарилган тангалар:
1994 — Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллигига бағишланган 1 сўмлик танга;
1994 — Ўзбекистон Мустақиллигининг 3 йиллигига бағишланган 10 сўмлик танга;
1999 йилда чиқарилган «Буюк сиймолар» сериясидаги кумуш тангалар (1999):
Уларнинг барчаси кумушдан тайёрланган ва рамзий 100 сўмлик қийматга эга. Ҳар бири 31,1 грамм оғирликдаги 999 сифатдаги кумушдан 1000 донадан тайёрланган. Тангаларда Абу Али ибн Сино, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Мусо ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Бобур, Амир Темур, Алишер Навоий сиймолари тасвирланган.
«Ўзбекистон мустақиллигига 10 йил» сериясидаги кумуш тангалар (2001). Бу тангаларнинг ҳам барчаси кумушдан тайёрланган ва рамзий 100 сўмлик қийматга эга. Ҳар бири 31,1 грамм оғирликдаги 999 сифатдаги кумушдан 1000 донадан тайёрланган.
Тангаларда Тошкентдаги Алишер Навоий ҳайкали, Тошкентдаги Амир Темур ҳайкали, Тошкент куранти, Самарқанддаги Регистон майдони, Оқ сарой, Олий Мажлис биноси, Темурийлар тарихи музейи, Тошкентдаги Мустақиллик майдонидаги монумент, Тошкент теннис корти фонидаги теннисчи, Миллий кураш тушаётган полвонлар, футбол майдони фонидаги футболчи, Олимпия шон-шуҳрати музейи фонида машъала ушлаган спортчи тасвирланган.
Бундан ташқари, турли йилларда бирор серия билан умумлаштирилмаган, 10, 50, 100 сўмлик кумуш тангалар чекланган муомалага чиқарилган. Тилла қопланган кумуш тангалар 1996 йилда — 50 сўмлик Мустақилликнинг 5 йиллигига атаб, 100 сўмлик пул Амир Темурнинг 660 йиллигига атаб чиқарилган. Албатта, улар кенг муомалага чиқмаган ва нумизматлар коллекциясидан ўрин олган. 999 сифатдаги, 31,1 грамм соф олтиндан 1997 йилда ишлаб чиқарилган чекланган сериядаги 100 сўмлик танга Амир Темурга аталган.
Марказий банк ва Кун уз материаллари асосий тайёрланган.
(cbu.uz/uzc/banknoty-i-monety/banknoty) ( kun.uz/news/2018/02/26/)
|
Do'stlaringiz bilan baham: |