Миллий валюта сўмни муомалага киритиш жараёнлари
Мустақиллик эришгандан сўнг маълум давра мобайнида мамлакатимизда собий иттифоқнинг рубллари пулнинг муомала ва тўлов воситаси функцияларини бажарди. 1992 йилнинг январидан истеъмол бозорини ҳимоялаш ва маҳсулотларни фақат Ўзбекистон фуқароларига сотиш учун бир марталик купонлар босиб чиқарилган. 1993 йилнинг 15 ноябрида сўм-купон чиқарилганидан сўнг 1 ҳафта ўтиб - 22 ноябргача оддий қоғозда чоп этилган ва ташкилотининг муҳри уриладиган карточкаси қирқиб олинувчи бир марталик купонлар амал қилган.
Озиқ-овқат дўконлари, умумий овқатланиш корхоналарида купонларнинг нақд пулда тўланиши керак бўлган ҳисобга яраша қисми қирқиб олинган. Бундай купонлар 10+25=35, 50, 100, 150, 200, 350, 500, 1000, 2000, 3000, 5000 рублга яраша карточкалар билан чоп этилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида параллел тўлов воситаси сифатида «сўм-купонлар»ни муомалага киритиш тўғрисида»ги 1993 йил 12 ноябрдаги №550-сонли қарорига кўра, ички бозорни ортиқча рубль массасидан ҳимоялаш, аҳолига пул маблағларини тўлашни ўз вақтида таъминлаш мақсадида 1961–1992 йилларда амалда бўлган совет рублига 1:1 нисбатда 1993 йил 15 ноябрдан бошлаб муомалага киритилади. 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100, 200, 500, 1000, 5000, 10000 сўмлик пулларнинг барчасининг олд қисмида Ўзбекистон герби ва пул номинали, орқа қисмида эса Самарқанддаги Регистон майдонида жойлашган Шердор мадрасасининг сурати туширилган эди. 1, 3, 5, 10, 25 сўмлик пуллар 120 х 61 мм ўлчамда, 50, 100, 200, 500, 1000, 5000, 10000 сўмлик пуллар 144 х 69 мм ўлчамда ясалган. Сўм-купон Англиядаги «Harrison & Sons Ltd» босмахонасида чоп этилган.
Сўм-купонлар 9,5 ой муомалада бўлиб, 1994 йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистоннинг миллий валютаси — сўм муомалага киритилганидан сўнг параллел равишда 1994 йилнинг 1 августига қадар амал қилган.
Ўзбекистоннинг амалдаги миллий валютаси сўм — Ўзбекистон Республикаси Олий кенгашининг 1993 йил 3 сентябрдаги №952-XII қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 16 июндаги ПФ-870 сонли фармонига биноан, 1994 йилнинг 1 июлида, ўзигача амалда бўлган сўм-купонга 1:1000 нисбатда муомалага киритилган. Сўм дастлаб 1, 3, 5, 10, 20, 50 тийинлик тангалар ҳамда, 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100 сўмлик қоғоз купюралар билан бир вақтнинг ўзида муомалага кирган. 1 сўм 100 тийинга майдаланган. Айтиш жоизки, сўм муомалага киритилган кунда валюта биржасида 1 АҚШ долларининг қиймати 7 сўм бўлган.
1994 йилда муомалага киритилган 100 сўмгача бўлган жамики қоғоз пуллар Германиянинг «Giesecke & Devrient» фирмасида чоп этилган. (Ҳозир бу ерда ЕИ валютаси — евро ҳам чоп этилади). 1997 йили муомалага киритилган 200 сўмликдан бошлаб, кейинги барча купюралар Тошкентдаги «Давлат белгиси» ДИЧБ давлат корхонасида босилмоқда.
Сўм дизайнида қадимий нақшларга, юртимиздаги осори атиқалар тасвирига катта эътибор берилган. 1 сўмликнинг орқа тарафида Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги давлат академик Катта театри, 3 сўмликда — Бухородаги Чашмаи Айюб мақбараси, 5 сўмликда — Ўзбекистон миллий боғидаги Алишер Навоий шарафига ўрнатилган ҳайкал ва меъморий композиция, 10 сўмликда — Самарқанддаги Гўри Амир мақбараси, 25 сўмликда — Самарқанддаги «Шоҳи Зинда» тарихий-меъморий ансамбли, 50 сўмликда Самарқанддаги Регистон тарихий-меъморий ансамбли, 100 сўмликда — Истиқлол саройи (собиқ Халқлар дўстлиги саройи) тасвирланган.
Кейинчалик 144 х 78 мм ўлчамда чоп этилган катта купюраларнинг дизайни ўзгартирилган, олд қисмида Ўзбекистон Республикасининг катталаштирилган герби, орқа қисмида асосан мустақиллик йилларида барпо этилган иншоотлар тасвирланган.
200 сўмликда Самарқанддаги Регистон ансамблининг Шердор мадрасасида тасвирланган, қуёш орқалаган шернинг рамзий тасвири, 500 сўмликда Тошкентда Амир Темурга ўрнатилган ҳайкал, 1000 сўмликда Тошкентдаги Темурийлар тарихи музейи биноси, 5000 сўмликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси биноси, 10000 сўмликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати биноси тасвирланган.
Айни пайтда энг йирик купюра бўлиб турган 50 минг сўмлик пул мутлақо замонавий дизайнга эга бўлди. 50000 сўм бўлган пул белгилари 144 х 78 мм. ўлчамдаги ҳимояланган қоғозда тайёрланган. У 2017 йилнинг 22 августидан муомалага киритилган, АҚШ долларига айрибошланса, ҳозирги ўртача курс билан қарийб 6,10 долларга тенг бўлади.
Банкнотнинг ўнг тарафидаги кенг оқ рангли сатҳда Ўзбекистон Республикаси Герби ва “50000” рақами кўринишида сув белгиси мавжуд. Оқ рангли сатҳнинг чап тарафидан қоғоз қатламида “Дарча” ва “3Д” эффектли юзага чиқиб, ичкарига ботувчи эни 4 мм. бўлган ҳимоя ипи ўтказилган. Банкнот олд томонининг марказида Мустақиллик майдонидаги «Эзгулик» аркаси тепасидаги парвозга шайланган лайлаклар тасвирланган.
Банкнотнинг марказида “ANJUMANLAR SAROYI” меъморий биноси тасвирланган. Тасвирнинг юқори чап бурчагида бир-бирини кесиб ўтувчи “50000” ва “SO‘M” ёзувлари мавжуд бўлиб, уларнинг тепасида банкнотнинг қиймати сўз билан “ELLIK MING” кўрсатилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |