Пул тизимининг учинчи босқичи 1994 июлдан то ҳозирги кунгача бўлган даврни ўз ичига олади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 122 – моддаси ва «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида»ги қонуннинг 11 – моддаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1993 йил 3 сентябрдаги 952 – ХИ – сонли қарорига мувофиқ 1994 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний тўлов воситаси бўлган миллий валюта «Сўм» муомалага киритилди.
Банк муассасалари томонидан 1994 йил 1 июл ҳолатига кўра мулкчилик шаклидан қатъи назар, республика ҳудудида рўйхатга олинган юридик шахсларнинг ҳисоб – китоб ва жорий ҳисобварақларидаги барча пул маблағларини, шунингдек, инвентарлаш ва бухгалтерлик ҳисоби маълумотлари асосида 1000 сўм – купон – 1 сўм нисбатида барча асосий ва айланма фондларнинг баланс қиймати, бошқа моддий бойликлар, дебиторлик ва кредиторлик қарздорликлари, бюджетга қарздорлик ҳамда банк баланси актив ва пассивларининг барча қолган моддалари, республика ва маҳаллий бюджетлар маблағлари қолдиқлари, шунингдек, ташкил топиш манбаларидан қатъи назар, бюджетдан ташқари фондларнинг маблағлари тўлиғича қайта ҳисобланди.
Аҳолига пулли тўловлар сифатида банклардан янги пул белгиларини бериш ҳамда ҳамда сўм – купонларни бир ой мобайнида чакана савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси орқали ва омонатларга жалб этиб муомаладан чиқарилди. Шу боис, 1994 йил июл ойи давомида республика ҳудудида миллий валюта «сўм» ва “сўм – купон”лар параллел равишда муомалада бўлди.
Шу тарзда мамлакатимиз пул тизимининг асоси бўлиб ҳисобланадиган миллий валюта барча ҳисоб – китоблар ва тўловлар бўйича ягона тўлов воситаси сифатида амал қила бошлади. Бу ўз навбатида, Марказий банк ва тижорат банкларига пул тизимини нафақат сиёсий жиҳатдан, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам тўлиқ мустақил бошқариш имкониятини вужудга келтирди.
6.2. Ўзбекистон пул тизимининг элементлари
Бозор иқтисодиёти шароитида мамлакат пул тизими элементлари муҳим аҳамият касб этади, пул тизими элементларининг тўлиқ амал қилиши ва барқарорлиги миллий иқтисодиётининг ривожига ижобий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон пул тизимининг элементлари мамлакатимиз 1991 йилда мустақилликка эришгандан бошлаб ташкил топа бошлади. У ўз ичига қуйидагиларни олади.
– пул бирлиги «сўм» бўлиб, 1 сўм 100 тийиндан иборат;
– баҳо масштаби товарлар ва хизматларга бўлган талаб ва таклиф асосида белгиланади;
– муомалада қоғоз ва танга пуллар тўлов воситасини бажаради. Қоғоз пуллар 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100, 200, 500, 1000, 5000, 1000, 5000 сўм қийматдаги банкнотлардан, танга пуллар 1, 3, 10, 50 тийин, 10, 25, 50 ва 100 сўмдан иборат;
– банкнот ва тангаларни эмиссия қилиш ва муомаладан қайтариб олиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига юклатилган бўлиб, муомаладаги барча пуллар унинг мажбурияти ҳисобланади;
– Марказий банк пул – кредит сиёсати инструментлари асосида мамлакатда пул муомаласини тартибга солади;
– мамлакатда пул айланмаси ва нақд пулсиз ҳисоб – китоб шаклидан иборат бўлиб, пул айланиши таркибида асосий улуш нақд пулсиз ҳисоб – китоблар ҳиссасига тўғри келади. Марказий банк пул муомаласи айланмасини ташкил этади ва ҳисоб – китобларнинг шаклларини белгилайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |