Тижорат банклари актив операциялари иқтисодий моҳиятига кўра:
-касса операциялари;
-ссуда операциялари (кредитлаш);
-инвестиция ва фонд операциялари;
-валюта операциялари ва кафолатлар бериш;
-банк фаолиятини амалга ошириш учун харажатлар (асосий воситалар, транспорт ва б.) билан боғлиқ операциялардан иборат.
Банклар касса операциялари орқали мижозларга нақд пулларни бериш ва улардан нақд пулларни қабул қилиш билан боғлиқ ишларни амалга оширади.
Ссуда операциялари орқали банклар мамлакатдаги фаолият юритаётган мулкий шаклидан қатъий назар барча хўжалик субъектларига тегишли кердитларни беради. Маълумки, банк кредитлари бир йилгача – қисқа муддатли, бир йил ва ундан кўп даврга – узоқ муддатли кредитларга бўлинади.
Инвестиция операцияларида банклар ҳўжалик юритувчи субъектлар ва давлатнинг қимматли қоғозларига молиявий маблағларни жойлаштиради. Албатта ушбу операциялар банклар учун маълум даражадаги рискли операциялар ҳисобланиб, банкларнинг фойдасини шакллантиришга хизмат қилади.
Фонд операцияларида банклар қимматли қоғозлар билан операциялар бажариш билан бирга, фонд биржаларида олди – сотди қилинадиган қимматли қоғозлар ва векселлар билан операцияларни амалга оширади.
Банкларнинг валюта операциялари бевосита хорижий мамлакатлар миллий валютасини олди – сотдиси билан боғлиқ операциялар ҳисобланиб, миллий валютанинг хорижий валюталарга нисбатан курсини ўзгариши ҳисобига фойда ёки зарар кўриши мумкин.
Банклар йирик ва юқори даражадаги тўлов қобилиятига эга молиявий муассаса сифатида компания, корпорация ва бошқаларга учинчи шахс сифатида кафолатлар бериши мумкин. Албатта, берилган кафолатлар эвазига банклар маълум даражадаги фойдани олишни режалаштиради.
Юқорида қайд эилганларга асосланиб, банкларнинг актив операцияларини тўртта гуруҳга ажратиш мумкин.
1.Эркин заҳиралар – бунга кассадаги нақд пуллар, Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварақларидаги қолдиқлар, бошқа кредит ташкилотларнинг вакиллик ҳисобварақларидаги маблағлар. Эркин заҳирлар юқори ликвидли маблағлар ҳисобланиб, банкка қисман ёки умуман даромад келтирмайди.
2.Берилган кредитлар ва депозит кўринишида бошқа молия муассасаларига, шунингдек Марказий банкка жойлаштирилган маблағлар.
3.Инвестициялар – бу банкнинг қимматли қоғозларга ва номоддий активларга, шунингдек пай кўринишида хўжалик фаолиятига йўналтирилган ресурслари.
4.Банкнинг ўзига (ички инвестициялар) моддий ва номоддий активларга йўналтирилган маблағлари. Бунга банк фаолиятини ташкил этиш учун зарур бўлган бинолар, жиҳозлар ва бошқа ускуналар киради.
Тижорат банкларининг даромади банкнинг 2 ва 3 гуруҳига кирувчи актив операциялари ҳисобидан ташкил топиб, банк активларининг риск даражаси қанча юқори бўлса, ушбу операциялардан келаётган даромадлар миқдори ҳам шунча юқори бўлади ва аксинча.
Демак, банкларнинг актив операциялари даромад келтириш даражасига қараб: Даромад келтирадиган (кредит ва инвестициялар) активлар ва даромад келтирмайдиган (эркин захиралар, моддий) активларга бўлинади.
Активлар Марказий банкнинг 2015 йил 13 июндаги 14/5-сонли қарори билан тасдиқланган “Тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Низомга асосан банкларнинг активлари сифатига кўра:
стандарт; субстандарт; қониқарсиз; шубҳали; умидсиз тоифаларга таснифланади. Активлар “Стандарт” сифатида таснифланган активлар бўйича қайтарилмаган кредит суммасининг 1 фоизи миқдорида захиралар тузиши шарт.
“Субстандарт” сифатида таснифланган активлар бўйича банк асосий қарзнинг тўланмаган суммасининг 10 фоизига тенг бўлган захираларни шакллантириши лозим.
Тижорат банки сифати “қониқарсиз” деб таснифлаган активлар учун уларнинг қайтарилмаган асосий қарз (қолдиқ) суммасининг 25 фоиз миқдорида махсус захира шакллантириши лозим.
“Шубҳали” деб таснифланган активлар бўйича банк асосий қарз тўланмаган суммасининг 50 фоизи миқдорида захирани ташкил этиши шарт.
Банк томонидан берилган кредитлар камида 180 кунга кечиктирилганда булар “умидсиз” деб таснифланади. Умидсиз деб таснифланган активлар бўйича банк асосий қарзнинг тўланмаган суммасининг 100 фоизи миқдорида, суд жараёнида кўриб чиқилаётган активларга 150 фоизгача захиралар яратиши керак.
Банк активлари ликвидли, яъни тез нақд маблағга айлантириш имконияти бўлиши керак. Банк активлари ликвидлилик нуқтаи назаридан қуйидагиларга бўлинади:
Юқори ликвидли активлар – бевосита пул кўринишидаги маблағлар бўлиб, ушбу активлар исталган пайтда банк мабуриятини бажаришга йўналтирилиши мумкин;
қисқа муддатли ликвидли активлар – қисқа муддатли кредитлар ва иккиламчи бозорга эга бўлмаган қимматли қоғозлар;
қийин реализация қилинадиган активлар – ўрта ва узоқ муддатли кредитлар, иккиламчи бозорга эга бўлмаган қимматли қоғозлар, пай улушлари ва бошқалар;
паст ликвидли активлар – банкнинг асосий воситаларига йўналтирилган маблағлар киради.
Демак, банкларнинг актив операциялари уларнинг фойдасини шакллантиришга хизмат қилиш билан бирга, маълум даражадаги рискларни вужудга келишига сабаб бўлади. Банклар актив операцияларни бажаришда асосий эътиборни мавжуд рискларнинг даражасини пасайтириш орқали баланснинг ликвидлигини таъминлашга қаратади.