Қўшимча (иккинчи даражали) капитал: жорий йилнинг соф фойдаси;
қайта баҳолаш захираси;
субординациялашган қарз мажбуриятлари;
шўъба корхоналарга қилинган қуйилмалар.
Юқоридан кўриниб турибдики, тижорат банклари регулятив капитали биринчи ва иккинчи даражали капиталдан ташкил топади. Иқтисодий адабиётлар, меъёрий ҳужжатлар ва Базель андозаларига кўра биринчи даражали капитал асосий капитал сифатида ҳам эътироф этилади.
Тижорат банклари асосий (биринчи даражали) капитали халқаро Базель андозаларига асосан устав капиталининг тўланган қисми, муддатсиз некумулятив имтиёзли акциялар, эмиссион даромад, соф фойда ҳисобидан шакллантирилган захира суммалари ва ўтган йилларнинг тақсимланмаган фойдасидан ташкил топади.
Тижорат банклари иккинчи даражали (қўшимча) капитали кредитлардан кўриладиган зарарларни қоплашга мўлжалланган захиранинг рискка тортилган активлар миқдори 1,25 фоизидан ошиб кетмайдиган қисми, қайта баҳолаш захираси, субординациялашган қарз мажбуриятлари ва консолидациялашган шўъба корхоналарини ташкил этиш мақсадига йўналтирилган қўйилмаларни ўз ичига олади.
Ўзбекистон тижорат банклари капиталининг таркиби ва унинг етарлилигига қўйилган талаблар Марказий банкнинг 2015 йил 14 июлдаги “Тижорат банклари капиталининг монандлигига қўйиладиган талаблар тўғрисида”ги Низоми асосида тартибга солинади.
Ўзбекистон тижорат банклари биринчи даражали капитали таркибига халқаро Базель андозаларидан фарқли ўлароқ, банкнинг устав капиталидаги валюта қисмига тенг бўлган валюта активларини қайта баҳоланиш ҳисобига ташкил этилган девальвация захираси алоҳида манба сифатида эътироф этилади. Шунингдек, тижорат банкларининг жорий йилдаги соф фойдаси иккинчи даражали капитали таркибига киритилган.
Мазкур параграфнинг поёнида таъкидлаш мумкинки, тижорат банклари пассив операциялари натижасида актив операциялар учун зарур бўлган ресурсларни шакллантиради, банкларнинг пассив операциялари харажатларни келтириб чиқаради.
16.2. Тижорат банкларининг актив операциялари
Тижорат банкларининг актив оперциялари – бу банкларнинг пассив операциялари натижасида шакллантирилган маблағларини иқтисодий жиҳатдан даромад (фойда) олиш мақсадида турли мақсадларга жойлаштириш ва ликвидлигини таъминлаш билан боғлиқ операциялардир. Тижорат банкларининг актив операциялари уларнинг фаолиятида жуда муҳим ҳисобланади. Чунки улар ушбу операциялар орқали даромадларни шакллантирадилар ва актив операциялар доимо маълум даражада риск, яъни қарздорнинг дефолти (тўловга қобилиятсизлик) билан боғлиқ бўлади.