2.7. Фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари
бўйича комиссияларни сайлаш
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддасида Фуқаролар йиғинларида фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича қуйидаги комиссиялар тузилиши белгиланган:
яраштириш комиссияси;
маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссия;
ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссия;
хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссия;
вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссия;
тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича комиссия;
экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссия;
жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссия.
Ушбу моддага кўра фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларга раҳбарлик, қоида тариқасида, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари томонидан амалга оширилади.
Комиссия аъзоларини сайлаш рўйхат бўйича очиқ овоз бериш йўли билан, фуқароларнинг қонунда белгиланган сайлов ҳуқуқлари кафолатлари таъминланган ҳолда амалга оширилади. Комиссия таркиби фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) иштирок этаётган фуқароларнинг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган тақдирда сайланган ҳисобланади.
Фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар (ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссия аъзоларидан ташқари) уч йил муддатга сайланади.
Комиссия аъзоси муддатидан аввал Комиссия таркибидан чиқса, Комиссиянинг янги аъзоси бир ой муддат ичида фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан сайланади.
Фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларнинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 октябрдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 274-сон қарори билан тасдиқланган низомларда белгиланган аъзолар сонидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тартиб ва таркибда сайланади:
Яраштириш комиссияси – фуқаролар йиғини ҳудудидаги ички ишлар органлари профилактика инспекторлари, имом-хатиб, таълим муассасалари раҳбарлари ёки уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, қишлоқ врачлик пункти (оилавий поликлиника) вакили, ҳаётий тажрибага эга бўлган, намунали оила бошлиқлари, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган ҳамда ўзининг тарбиявий таъсирини ўтказа оладиган маҳалла фаоллари, шу жумладан, ташаббускор ёшлар киритилган 8-12 нафар аъзодан иборат таркибда рўйхат бўйича сайланади. Комиссияга раҳбарлик фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) томонидан амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |