4.4. Инвестиция фондлари Инвестиция фондлари – бу жисмоий ва юридик шахслар маблағларини тўпловчи, фойда олиш, акциядорлар хатарини камайтириш мақсадида ушбу маблағларни фонд номидан қимматли қоғозларга, банк ҳисоб рақамларига ва омонатларга жойлаштирувчи ташкилотдир.24 Инвестиция фонди юридик шахс бўлиб, акцияларни чиқариш ва харид қилишни, қимматли қоғозлар билан бошқа битимларни амалга оширади, акцияларига эгалик қилаётган корхоналарнинг ривожланишида ва фаолияти самарадорлигини оширишда акциядор ҳуқуқлари билан иштирок этади. Юқорида санаб ўтилган операциялар инвестиция фондининг махсус фаолият турига киради. Инвестиция фонди фаолиятида қимматли қоғозларни операцияларнинг бошқа турлари билан бирга олиб боришга йўл қўйилмайди. Фондни сарфлаш билан боғлиқ барча хатарлар, уларнинг бозор нархлари ўзгаришидан кўрилган даромад ва зарарлар активлар қийматини ёки фонд акциялари жорий нархларини ўзгартириш йўли билан тўлиқ ҳажмда акциядорларнинг ҳисоб рақамларига киритилади. Инвестиция фондлари фақат очиқ акциядорлик жамиятлари кўринишида ташкил этилиши мумкин.
Инвестиция фондлари икки турга: очиқ ва ёпиқ инвестиция фондларга бўлинади. Очиқ турдаги инвестиция фондлари акцияларни уларни сотиб олиш мажбурияти билан муомалага чиқаради, яъни фонд қимматли қоғозларининг эгаларига уларнинг ўрнига пул суммаси ёки мол-мулкни олиш ҳуқуқини беради. Ёпиқ турдаги инвестиция фондлариакцияларни уларни сотиб олиш мажбуриятисиз муомалага чиқаради.
Инвестция фондларини ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятлари. Инвестиция фондларининг муассислари бўлиб юридик ва жисмоний шахслар иштирок этиши мумкин ва улар сони иккитадан кам бўлмаслиги керак. Инвестиция фондининг устав капитали энг кам иш ҳақининг 500 баробаридан кам бўлмаслиги лозим. Фонд акцияларига дастлабки обуна фонд давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмасдан амалга оширилади. Фонд устав сармоясининг камида 75 фоизи пул маблағлари билан тўланиши зарур. Инвестиция фонди давлат рўйхатига олиниб, инвестиция муассасаси сифатида фаолият кўрсатиш учун лицензия олганидан кейин у ташкил этилган ҳисобланади. Инвестиция муассасаси сифатида фаолият кўрсатиш учун лицензия 5 йил муддатга берилади.
Фондни ташкил этаётганда унинг акциялари очиқ обуна йўли билан тарқатилади, бундай обуна бошқарувчи компания томонидан амалга оширилади. Обунанинг энг узоқ муддати 6 ой қилиб белгиланади. Обунанинг якунланишида инвестиция фондининг устав сармояси у томонидан амалда жойлаштирилган акциялар билан мувофиқлаштирилади ва адлия идораларида рўйхатдан ўтказилади.