Инвестиция фондини бошқариш. Инвестиция фондининг олий органи акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳисобланади. Умумий йиғилишнинг махсус ваколатига қонун ҳужжатлари билан белгиланганлардан ташқари, фонд фаолиятининг чегараланиши, депозитарий ва бошқарувчи компаниялар билан шартномаларни маъқуллаш киради. Акциядорларнинг умумий йиғилишлари ўртасидаги давр 15 ойдан ошмаслиги керак. Ушбу вақт мобайнида кузатувчи кенгаш унинг олий органи ҳисобланади.
Инвестиция фонди инвестицияларини бошқариш, қимматли қоғозлари портфелини шакллантириш ва фондга маслаҳат хизматларини кўрсатишни бошқарувчи компания амалга оширади. Давлат бошқаруви идоралари томонидан таъсис этилган инвестиция муассасалари ёки устав фондининг 25 фоизи давлатга тегишли бўлган ташкилотлар, аффиляцияланган шахслар инвестиция фондининг бошқарувчи компанияси бўла олмайди. Инвестиция фондининг аффиляцияланган (тобе) шахслари деганда юридик ва жисмоний шахслар, бошқарувчи компаниянинг мансабдор шахслари, муассислар ва овоз берувчи акцияларнинг 10 фоизига эгалик қилувчи акциядорлар тушунилади. Аффиляцияланган шахслар таркибига мазкур бошқарувчи компания билан бошқариш тўғрисида шартнома тузган барча инвестиция фондлари киради. Инвестиция фондининг иштирокчилари бошқарувчи компаниянинг муассиси ва аъзоси бўлиши мумкин эмас, ўз навбатида, бошқарувчи компаниянинг муассислари, мансабдор шахслар, мутахассислар, аффиляцияланган шахслари инвестиция фондининг акциядорлари бўла олишмайди. Инвестиция фондининг кузатувчи кенгашлари, бошқарувчи компаниялар таркибига давлат ҳокимияти ва бошқарувчи идораларининг мансабдор шахслари киритилиши мумкин эмас. Бошқарувчи компания билан инвестиция фондининг активларини бошқариш тўғрисидаги шартномани акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан вакил этилган фондни кузатувчи кенгашининг раиси тузади. Кузатувчи кенгаш бошқарувчи компания томонидан тузиладиган битимларнинг рўйхатини, шунингдек, битимларнинг хусусияти ва ҳажмига кўра чегараларни белгилаши мумкин. Бошқарувчи компания ўз фаолиятини инвестиция фонди номидан амалга оширади, акциялари фондга тегишли бўлган корхоналар акциядорларининг умумий йиғилишида акциядор сифатида иштирок этади. Бошқарувчи компания томонидан олинадиган умумий йиллик мукофот пулининг миқдори инвестиция фонди соф активлари ўртача йиллик қийматининг 5 фоизидан ошмаслиги керак.
Фонд акциялари биринчи нашрининг ҳисоби Марказий депозитарийда, кейинги нашрларининг ҳисоби эса, Марказий депозитарий билан вакиллик муносабатларига эга бўлган бошқа депозитарийларда юритилади. Депозитарий фонд қимматли қоғозлари билан операцияларни ҳисобга олади, назорат қилади, қимматли қоғозларни алмаштириш, харид қилиш ва сотиш бўйича чекловларни амалга оширади. Депозитарийнинг талабига кўра унинг вакили фонд кузатувчи кенгашининг мажлисида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин. Инвестиция фонди акциядорларининг реестри депозитарий томонидан юритилади. Депозитарий фонднинг кредитори ёки кафили бўлиш ҳуқуқига эга эмас. Фонднинг, бошқарувчи компания ва депозитарийнинг ҳужжатлари, ҳисоботларини фонд томонидан тайинланган мустақил аудитор йиллик текширувдан ўтказади.
Do'stlaringiz bilan baham: |