Ўқотар қуролда қуйидагилар мавжуд бўлиши мумкин:
1) қўл излари;
2) қўлқоп излари;
3) порох ҳидининг излари;
4) ёнмаган порох ва қуролни мойлаш излари;
5) одам ҳидининг излари;
6) мато ва бошқа маҳсулотларнинг толалари;
7) агар отувчининг қўли бензин, қон ва бошқа шунга ўхшаш суюқликларга теккан бўлса, ушбу моддаларнинг зарралари;
8) соч толалари ва бошқа микрообьектлар.
Жиноятчи ўз қилмишларини яшириш мақсадида қуролни яширган ҳолатлари кўп учрайди. Бундан ташқари, тергов ва суриштирувни чалғитиш мақсадида ҳодиса жойида бошқа қуролларни ташлаб кетиш ҳолатлари ҳам учрайди. Албатта, бундай ҳолатларга аниқлик киритиш учун суд-тиббий экспертизаси ва баллистик экспертизалар тайинланади. Лекин, ҳодиса жойида ушбу масалага аниқлик киритилса, жиноятни «иссиқ изи» дан фош этиш ва самарали тергов ўтказилиши учун асос яратилган бўлади.
Револверлар ва силлиқ милли ов қуролларидан ташқари, деярли барча қуролларнинг қўлланилиши натижасида ҳодиса жойларида гилзалар қолдирилади (жиноятчи ўзи билан гилзаларни олиб кетишидан ташқари). Силлиқ милли қуролдан фойдаланганда патронни алмаштириш давомида гилза отувчи томонидан қолдирилган бўлиши ҳамда ўқ отиш натижасида қистирма (прокладка), пиж, порох ва бошқа ўқ отиш маҳсулотлари қолдирилган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳодиса жойида отиш йўналиши ва отувчининг жойи аниқланиши керак. Ушбу маълумотларга таяниб, режали асосда юқорида кўрсатилганларни қидириш амалга оширилади.
Қолдирилган гилзада отувчининг қўл излари мавжудлигини эътиборга олган ҳолда, уни қисгич (пинсет) ёрдамида ушлаш мақсадга мувофиқдир. Ҳодиса жойида топилган гилза бўйича қандай қуролдан фойдаланилганлиги тўғрисидаги дастлабки маълумотга янада аниқлик киритилади. Ҳодиса жойида топилган пиж, қистирма (прокладка) бўйича ҳам қандай калибрдаги ўқотар қурол билан отилганлиги тўғрисидаги маълумотга аниқлик киритилади.
Жиноятчининг бино ичига кириши ва ундан чиқиб кетиш йўлларида ҳамда жиноят содир этилган бинонинг полида пойафзал изларини топиш муҳим аҳамиятга эга, чунки у орқали ҳодиса жойида жиноятчининг ҳаракатлари, айрим ҳолатларда отувчининг жойи аниқланиши ҳамда ушбу излар орқали отувчининг шахси тўғрисидаги айрим маълумотларга эга бўлиш мумкин. Шунингдек, жиноятчининг шахсини аниқлаш мақсадида унинг қўли тегиши мумкин бўлган барча обьектларда қўл излари қидирилади.
Кўпинча, бундай жиноятларнинг содир этилиши пул ва ҳужжатлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳодиса жойидаги ва мурдадаги мавжуд пул ҳамда ҳужжатларни кўздан кечиришга, уларнинг ҳодиса жойидан йўқолганлигига алоҳида эътибор қаратилади. Бундан ташқари, бундай жиноятлар содир этилиши негизида наркотик воситалар ётган бўлиши мумкин. Бундай воситаларнинг ташувчиларидаги изларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак. Агар ҳодиса жойида озиқ-овқат маҳсулотлари аниқланса, улардаги тиш изларини қайд этиш ва олиш муҳимдир. Шунингдек, ушбу жойларда чекиш излари, гугурт, ёндиргич кабилар қайд этилади ва олинади.
Ўқотар қуролларнинг қўлланилиши билан боғлиқ бўлган жиноятларда яна бир муҳим аҳамият касб этадиган излардан бири бу тўсиқлардаги отиш изларидир. Тўсиқдаги отиш излари орқали отиш йўналиши ва масофаси аниқланади. Бунда штансмарка излари, рикошет излари ҳам муфассал қайд этилиши, олиниши ва улар ёрдамида дастлабки тадқиқотлар ўтказилиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |