Тушунча ва сўз.
Тушунча билан сўз бир-бирига чамбарчас борлангандир: сўзсиз тушунча бўлиши мумкин эмас. Сўз тушунчанинг «моддий» ифодаси ва тушунчанинг таянчидир. Тушунчалар ё бир сўз, ёки бир неча сўз билан ифодаланади. Масалан, «одам» деган тушунча бир сўз билан ифодаланган, лекин «Ўзбекистон фуқароси» деган тушунча эса икки сўз билан ифодаланган, «Ўз Ватанини севган киши» деган тушунча тўрт сўз билан ифодаланган.
Кўпинча тушунчалар алоҳида шартли белгилар – саволлар воситаси билан ифодаланади. Масалан, математикада + (плюс), – (минус), = (тенглик) ва бошқа шу каби белгилар ишлатилади. Кўп тушунчалар айрим ҳарфлар – а, в, с, х, у ва бошқа шу каби ҳарфлар билан ифодаланади. Бундай белгилар, одатда, сўз билан ифодаланадиган ибораларнинг ўрнида ишлатилади ва шартли аҳамиятгагина эга бўлади – сўзлашган вақтда бу ҳарфлар ўрнига оғзаки тилдаги сўзлар ва гаплар ишлатиш мумкин.
Сўзлар ва белгилар фақат тушунчаларнинг ифодасигина бўлиб қолмасдан, балки, шу билан бирга, тушунчалар ҳосил қилиш учун ҳам восита бўлади. Тушунчалар сезги, идрок, тасаввурлар асосида, сўз, нутқ ёрдами билан тафаккур жараёнида ҳосил бўлади.
Тушунчалар ҳосил қилишда фикрлашнинг асосий процесслари бўлган умумийлаштириш ва абстрактлаш фақат сўзлар ёрдами билангина рўёбга чиқиши мумкин. Сўзлар, терминлар тафаккур жараёнларидаги тушунчаларнинг мазмунини ифодалайди, онгда тушунчаларнинг «вакили» бўлиб хизмат қилади, сўз биринчи сигнал системасининг ҳамма сигналларининг сигналларидир; шу сигналларнинг ҳаммасини ифодалайди, шу сигналларнинг ҳаммасини умумийлаштиради (Павлов).
Ҳар бир сўз муайян мазмунни ва муайян ҳажмдаги тушунчани ифодалайди, шу сабабли, сўзлар алоқа қилишга ва тушунчаларни англаб олишига хизмат қилади ҳар бир тушунча сўзлар воситаси билан бошқа шахсларга билдирилиши мумкин. Тушунчаларни ҳамма англаб олиши мумкин. Биз ўзимиздаги тушунчаларнинг кўпчилигини бошқа одамлардан тайёр ҳолда олганмиз. Одамларнинг ҳамма кейинги авлодлари ўзларида бўлган тушунчаларнинг катта қисмини ўзларидан олдинги бўғинлардан тайёр ҳолда оладилар. Кейинги бўғиндаги одамлар аввалги бўғиндаги одамлар яратган тушунчаларни ўқиб олиб, уларни чуқурлаштирадилар, аниқлайдилар, бойитадилар. Шу билан биргаликда, кейинги авлодлар шу тариқа ўқиб олинган тушунчаларга ва ўз тажрибаларига асосланиб, воқеликнинг олдинги бўғиндаги кишилар тушунча яратиб бермаган нарса ва ҳодисалар тўғрисида янги тушунчалар яратадилар.
Ўқитишнинг моҳияти ҳам тайёр тушунчаларни (билимларни) мана шу тариқа бериш ва ўқиб олишдан иборатдир.
Тушунчаларнинг мана шундай бошқаларга берилиши ва уқиб олиниши бу тушунчаларнинг такомиллашувига ҳам сабабчи бўлади. Воқеликдаги нарса ва ҳодисалар тўғрисидаги тушунчалар тарихан – инсоният оламининг тараққиёти давомида ва ҳар бир кишининг болаликдан бошлаб то умрининг охиригача онгида такомиллашиб боради. Тушунчаларнинг такомиллашиб бориши уларни чуқурлаштиришдан ва уларнинг мазмунини аниқлашдан, шунингдек, уларнинг ҳажмини кенгайтириш ва аниқлашдан иборат бўлади. Масалан, бундан беш юз йил муқаддам одамларнинг Ер тўғрисидаги, Қуёш тўғрисидаги ва Ер билан Қуёшнинг бир-бирига нисбати тўғрисидаги тушунчалари унчалик тўлиқ ва аниқ тушунчалар бўлмаган эди. Ўша вақтдаги одамларнинг назарида, Қуёш нур сочиб турган бир гардиш бўлиб, осмон гумбази бўйлаб, Ер теварагида айланар эди. Ҳозирги вақтда бизнинг Қуёш тўғрисидаги, Ер тўғрисидаги ва уларнинг бир-бирига нисбати тўғрисидаги тушунчаларимиз бутунлай ўзгариб кетди. Бу тушунчалар янги мазмун билан бойиди, аниқроқ ва тўғрироқ бўлиб қолди. Энди биз қуёшнинг нур сочиб турган гардиш эмас, балки жуда катта ловиллаб турган газсимон шар эканлигини, Қуёш Ер теварагида айланмасдан, балки Ер ўз ўқи теварагида ва Қуёш теварагида айланаётганлигини биламиз ва ҳоказо.
Қуёшнинг физик, химик ва атом таркиби тўғрисида энди одамлар кўпгина нарсаларни билиб олишди, қуёш нурларининг Ерга, атмосферада ва космосдаги таъсири ҳақида ҳам одамлар кўп нарсаларни билиб олишди.
Ҳар бир кишининг ёшига қараб, тарбия ва таълим таъсири билан ва кишининг фаолияти жараёнида унинг онгидаги тушунчалар ривожланиб боради. Чунончи, биз болалик чоғимиздаёқ турли ўсимликлар тўғрисида ва умуман ўсимликлар тўғрисида баъзи бир тушунчаларга эга бўламиз. Мактабда ботаника ва бошқа табиёт фанларини ўқиш туфайли, ўсимликлар тўғрисидаги тушунчаларимиз бойийди ва аниқланади.
Ҳукм, хулоса чиқариш ва тушунчалар фикрлаш фаолиятида бир-бири билан чамбарчас боғланган бўлади. Тушунчалар ҳукмларда очиб берилади. Муҳокама юритиш жараёнида ўзимизда бўлган ҳукмлар асосида хулоса чиқариш йўли билан янги ҳукмларда нарсаларнинг янги (яъни шу вақтгача номаълум бўлган) белгилари очиб берилади ва шу билан бирликда, бу нарсалар тўғрисидаги тушунчалар тағин ҳам кўпроқ бойийди, чуқурлашади ва аниқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |