Характернинг тараққийсида жамоанинг роли
Бола характерининг таркиб топишида жамоанинг тарбиявий роли ниҳоят каттадир. Инсон якка, бир-биридан ажралган танҳо ҳаёт кечирмайди, муайян бир жамоада, чунончи, муайян оилада, мактабда, цехда, колхозда ҳаёт кечиради. Жамоа шахс билан жамият ўртасидаги боғловчи звенодир. Одамнинг фаолияти ўйин, ўқиш ва меҳнати худди мана шу жамоада воқе бўлади. Жамоа шахснинг энг яқин конкрет муҳити бўлибгина қолмай, балки шахсни тарбиялайди ҳам. Киши характерининг керакли ижобий хислатлари фақат жамоадагина тарбияланмоғи мумкин ва ҳақиқатан ҳам жамоада тарбияланади.
Ҳар бир ўқитувчи ва тарбиячи бола характерининг айрим хислатларини тарбиялашда фақат жамоа орқали таъсир этгандагина, ижобий натижаларга эришмоғи мумкин.
Характернинг ташаббускорлик, қатъийлик, дадиллик, саботлилик сингари ижобий хислатлари болалар боқчасидаёқ бола ўйинларида таркиб топа бошлайди.
Болада мактабгача тарбия ёшида таркиб топа бошлаган хислатлар мактаб жамоасида ўсади ва янада яхшироқ мустаҳкамланади. Тўғри уюштирилган мактаб жамоаси шароитида ўқувчиларда уюшқоқлик, интизом, саранжом-саришталик, ўз-ўзини тута билиш, ўзини идора қилиш, ўзига нисбатан талабчан бўлиш каби характер хислатлари тарбияланиб етишади. Характер мактаб таълим-тарбиявий ишлари ва ўқитувчининг ҳар томонлама таъсирида, ўқитувчи бошчилик қилган ўқувчилар жамоаси, камолот ёшлар ташкилотлари таъсирида, ижтимоий фойдали меҳнатда таркиб топади.
Ўртоқлари билан яқиндан алоқада бўлишда болаларда ўз шахсий интилишларини жамоа иродасига бўйсундириш кўникма ва малакаларини ўстиради, жамоачилик – ўртоқлик ва дўстлик ҳислариии тараққий эттиради.
Кейинроқ –мактабни (ёки олий ўқув юртини) битиргандан кейин эгалланган ихтисос ва меҳнат жамоаси инсон характерининг таркиб топишига ўзини тарбияловчи таъсирини кўрсатади.
Мактаб ва меҳнат жамоаси шароитида жамоа олдида қабул қилинган қарорни ( берилган ваъдани) ёки мажбўриятни бажариш юзасидан олинган ўзаро ва шахсий мажбўриятни характерни, жумладан, характернинг иродавий белгиларини тараннум эттиришнинг муҳим воситаси деб ҳисобламоқ лозим. Бунинг самаралилиги шундаки, киши ўзи учун шахсан қарор қабул қилганида у ҳеч бир қийналмасдан ўз қарорини бажарилишини кечиктириши ёки уни бажаришдан воз кечиши мумкин. Борди-ю, у шу қарорни бошқаларга, бу ишни фалон вақтгача сифатини яхшилаб бажараман, деб ваъда (мажбўрият) тарзида маълум қилган бўлса, ўзининг берган бу ваъдасини бажармасдан қўймайди. Бундай ҳатти-ҳаракат (берган ваъдани бажармаслик) кишига «номуносиб» ҳатти-ҳаракатдек туюлади. Бу эса унинг номусига табиий иззат-нафсига тегади. Бундай ҳолларда киши ўртоқлари олдида уялиб ва жуда ноқулай аҳволга тушиб юриши мумкнн. Киши мажбўриятни бажармаса, ноқулай аҳволга тушиб қолиш мумкинлигини олдиндан билиб, шундай ҳол юз бермаслиги учун ўзининг иродавий фаоллигини ишга солади ва ваъдасини ўз вақтида бажаради. Жамоа аъзолари олдида ҳудди шу тарзда ихтиёрий равишда берилган ваъдалар ва олинган мажбўриятлар ўз-ўзидан тиришқоқлик, матонатлилик, масъулиятни ҳис этиш ва интизомлилик каби ирода сифатлари тарбиялаш воситасига айланади.
Жамоа суръатда бажариладиган маълум бир меҳнат фаолияти кишида ижобий характер хислатларини тарбиялашга ёрдам беради. Ҳар бир касб ўзининг спецификасига кўра, кишидан алоҳида характер хислатлари бўлишини талаб этади ва бу хислатларнинг ўсишига ёрдам қилади.
Киши жамоа аъзоси сифатида бошқа одамларга, меҳнатга ва ўз-ўзига муносабатида ўз характерининг ҳар хил хусусиятларини намоён қилади. Киши жамоада муомала қилиш жараёнида бошқаларнинг ва ўзининг характер хусусиятларини билиб олади. Характернинг бир хили ижобий, бошқа бир хили салбий эканлигини ажратиб олади. Бундай шароит кишини ўз характерни ўзи тарбиялаш, жумладан, ўз характерини қайтадан тарбиялаш йўлига солади.
Do'stlaringiz bilan baham: |