III. ДИҚҚАТНИНГ ТУРЛАРИ.
Диққат даставвал ўзинннг фаоллиги жиҳатидан – ихтиёрсиз ва ихтиёрий деб фарқланади.
Диққат асосан икки турга, яъни ихтиёрсиз ва ихтиёрий диққат турига ажратилади.
Бирон ташқи сабаб билан ва бизнинг ҳоҳишимиздан ташқари ҳосил бўладиган диққатни ихтиёрсиз диққат дейилади.
Ихтиёрсиз диққатни туғдирувчи сабаблар, аввало, бизга таъсир қилувчи қўзғовчиларнинг қандайдир машҳур хусусиятларидир: чунончи, уларнинг гўзаллиги, ёрқинлиги, кучи, катталиги, ҳаракатчанлиги, узоқ давом этиши, тўсатдан содир бўлиши, контрастлиги ва ҳоказо. Масалан, шиқилдоқли чиройли ва ялтироқ ўйинчоқбоқча ёшигача бўлган болаларнинг диққатини ўзига жалб қилади. Қаттиқ товуш – момақалдироқ, отилган ўқнинг овози – беихтиёр равишда диққатимизни ўзига тортади. Чунончи, кутилмаган ҳолда тўсатдан синфга учиб кирган капалак ёки қовоқари ихтиёрсиз равишда ўқувчиларнинг диққатини ўзига тортади. Шунингдек, Москванинг кўчаларидаги жуда катта баланд бинолар диққатимизни беихтиёр ўзига жалб қилади. Жимжитлик давом этиб турган бир пайтда тўсатдан пайдо бўлган шовқин-сурон ва, аксинча, шовқин-сурондан сўнг содир бўлган жимжитлик ҳам беихтиёр равишда диққатимизни жалб қилади.
Бундан ташқари, ихтиёрсиз диққат бизнинг фаолиятимиз, турмуш тажрибамиз билан боғлиқ бўлган ва эҳтиёжларимиз, қизиқишларимизга жавоб бера олувчи ҳамда бизда маълум бир ҳиссиёт уйғота олувчи нарсаларнинг таъсири билан ҳам вужудга келади.
Ихтиёрсиз диққатнинг юзага келиши одамнинг айни чоғдаги ҳолатига ҳам боғлиқ. Бир хил нарсалар ва ҳодисалар диққатимизни ўзига тортиши мумкин ва мутлақо тортмаслиги ҳам мумкин. Бу нарса одамнинг айни чоғдаги ҳолати билан боғлиқ бўлади.
Ихтиёрсиз диққатнинг дастлабки физиологик асоси ориентировка ёки текшириш рефлексларидан иборат.
Бу рефлексларни академик И. П. Павлов бошқача ном билан «бу нима экан» рефлекси деб атайди. Шу билан бирга, Павлов кишиларда «бу рефлекс жуда ҳам юксак тараққий қила бориб, ниҳоят фанни ярата оладиган билимга ҳавас тарзида кўринади» дейди. (Польное собрание сочинений, IV том, 28 бет).
Диққатимиз қаратилиши лозим бўлган нарсани олдин белгилаб олиб, онгли равишда қўйилган мақсад билан ишга солинган диққатни ихтиёрий диққат дейилади.
Бу диққатнинг бошланиши ва, кўпинча, бутун қилинаётган иш мобайнида давом эттирилиши куч ва зўр беришни, яъни ироданинг иштирокини талаб қилади. Шунинг учун уни иродавий диққат дейилади. Ихтиёрсиз диққатнинг кучи асосан қийинчиликларни енгиш билан боғлиқ бўлган иродавий зўр бериш даражаси билан характерланади.
Масалан, бу ерда ана шундай қийинчиликларни айни чоғдаги ишга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ва ихтиёрсиз тарзда юзага келадиган кераксиз таассурот, тасаввур, фикр, ҳиссиёт ва майлларни енга билиш орқали ифодалаб бериш мумкин.
Ихтиёрий диққат физиологик томондан, асосан, иккинчи сигналлар системасининг фаолияти билан белгиланади.
Ўқувчининг тушунтирилаётган янги дарсни эшитиб ўтириши шу ихтиёрий диққат билан ишлашнинг мисоли бўла олади. Бунда ўқувчи «эшитиб ўтираман» деб, илгаридан ўз олдига мақсад қўяди ва ўз диққатини фақатгина ўқитувчининг сўзига қаратиш учун куч сарф қилади. Шунинг билан бирга, ўқувчи беихтиёр равишда пайдо бўлиб, ўқитувчининг сўзини эшитишга ҳалақит берувчи идрок, фикр, ҳиссиёт, хаёл каби бошқа психик жараёнларни йўқотиш учун онгли равишда ҳаракат қилади. Ихтиёрий диққат, масалан, нинага ип такиш каби жуда оддий ишда айниқса очиқ кўринади. Жуда кўп ҳар хил ишлар борки, улар асосан, ихтиёрий диққатни талаб қилади, масалан: корректорнинг иши, ғишт терувчининг иши, экскаваторда ишлаш ва шунинг кабилар. Бу ишлар бошланишдан охиригача ихтиёрий диққат асосида бажарилади.
Ихтиёрий ва ихтиёрсиз диққат турлари ўртасидаги фарқ яна шундан иборатки, ихтиёрсиз диққат билан қилинадиган фаолият кўпинча унчалик зўр бермай, анча енгиллик билан ва деярли толиқмасдан амалга оширилади; ихтиёрий диққат билан амалга ошириладиган ҳар қандай фаолият эса анчагина зўр беришни талаб қилади ва бирмунча толиқарли бўлади. Юқорида кўрсатилган ихтиёрсиз ва ихтиёрий диққат ўртасидаги айирмаларга иккита алоҳида функция деб қараш ярамайди. Ихтиёрсиз ва ихтиёрий диққатнинг ҳам муҳим белгилари бир хилдир. Бундай белгилар бирон фаолият давомида биз идрок ва тасаввур қиладиган ҳамда унинг ҳақида фикр юргизадиган маълум нарсага онгимизнинг қаратилиши ва тўпланишидан иборатдир.
Бир хил иш жараёнида ва, шу жумладан, ўқиш жараёнида ҳам, ихтиёрий диққат ихтиёрсиз диққатга ва, аксинча, ихтиёрсиз диққат ихтиёрий диққатга ўтиб кетиши мумкин. Масалан, қандайдир ўқиш материалини ўзлаштиришнинг бошланиши ўқувчилардан ихтиёрий диққат талаб қилади. Лекин, кўпинча, ўзлаштириш жараёнида бу ихтиёрий диққат ихтиёрсиз диққатга ўтиб кетади. Диққатнинг бундай ўзгариши ўқиш матереали мазмунининг баъзи хусусиятлари (масалан, унинг маънодорлиги, қизиқтирарлиги) туфайли ёки баён қилишнинг ҳусусиятлари – кўргазмали бўлиши, жонлилиги ва шунинг билан бирга, ўқувчиларнинг ўқиш материали мазмунига қизиқишлари туфайли содир бўлади. Ихтиёрий диққатнинг ихтиёрсиз диққатга мана шундай ўтиб кетиши билимларни ўзлаштириш жараёнини анча енгиллаштиради.
Бунинг аксинча ҳолати ҳам бўлади. Агар бирон фаолият жараёнида (масалан, билим эгаллаш жараёнида) қандайдир қийинчилик учраб қолса, бундай пайтда ихтиёрсиз диққат ихтиёрий диққатга ўтиб кетади.
Фаолият жараёнида, кўпинча, диққатнинг ихтиёрсиз равишда асосий ишдан бўлак нарсаларга кўчиб туриши учрайди. Бундай ҳодисани диққатнинг чалғиши деб аталади. Диққатнинг чалғиши ишга ёмон таъсир қилади. Шу сабабли, диққатни, гарчи салгина бўлса ҳам чалғитмаслик учун, иш жараёнида орасира ихтиёрий диққатни кучайтиришга ҳамда беихтиёр пайдо бўлиб, ишга алоқаси бўлмаган идрок тасаввур ва фикрларни босмоқ учун зўр беришга тўғри келади.
Ихтиёрсиз диққат ҳам ва ихтиёрий диққат ҳам ўзининг йўналишига кўра ташқи ва ички бўлиши мумкин.
Манбаи бизнинг онгимиздан ташқарида бўлган диққатга ташқи диққат деб аталади. Ташқи диққат даставвал бизнинг идрокларимиз жараёнида намоён бўлади. Шофёр, вагон ҳайдовчиси, тикувчининг ишида содир бўладиган диққат ташқи диққатга мисол бўла олади. Ўқувчининг ўқитувчи баёнини тинглашдаги, китоб ўқишдаги, суратларни кўришдаги ва табиат ҳодисаларини кузатишдаги диққати ҳам ташқи диққатдир.
Нарса ва ҳодисаларни қайси сезги аъзоимиз билан идрок қилаётганимизга қараб, ташқи диққатни кўриш, эшитиш ва шунинг билан бирга, туйиш, ҳид билиш ва таъм билиш турларига ажратиш мумкин.
Ташқи диққат фақат идрок қилишимиз жараёнидагина намоён бўлади деб ҳисоблаб бўлмайди. Ташқи диққат биз тасаввур қилаётган ва фикр қилаётган нарсаларимизга ҳам қаратилиши мумкин. Масалан, инженер ўз хонасида ишлаб ўтириб, кўрилаётган бинонинг кўринишини тасаввур қилаётгаданда ва бу бинонинг қурилиши билан боғлиқ бўлган математик ҳисобларни чиқараётганда унинг диққати ташқи диққат тарзида намоён бўлади.
Манбаи бизнинг тасаввурларимиз, фикрларимиз, ҳиссиётларимиз ва майлларимиздан иборат бўлган диққатга ички диққат деб аталади.
Биз онгимизнинг ўзида содир бўлаётган жараёнларни кузатаётганимизда, яъни ўз ҳиссиётларимизни, фикрларимизни, истакларимизни ва шунинг кабиларни кузатаётганимизда ички диққат намоён бўлади. Масалан, биз ўз фикрларимизни кузатаётганимизда, бу фикрларни текшираётганимизда, пушаймон қилиш ҳиссини бошимиздан кечираётганимизда, ўз-ўзимизни танқид қилаётганимизда ва ўз истакларимизни мулоҳаза қилаётганимизда ички диққат намоён бўлади.
Таълим жараёнида ўқитувчи дарснинг боришини ва ўз фикрларининг баён этилиш системасини кузатиб боришида ички диққат намоён бўлади. Ўқувчиларда ички диққат ақлий ҳисоблаш иши билан шуғулланаётганларида ва хусусан улар қандайдир қийинчиликларга дуч келганларида намоён бўлади. Диққатнинг бу тури одамнинг ўз-ўзини тарбиялаш ишида жуда яққол кўринади. Ички диққат одамнинг ўз-ўзини тарбиялаши билан узвий боғлиқдир. Ички диққат ўз-ўзини тарбиялашнинг таркибий қисмлардан бири ҳисобланади.
Ички диққат ташқи диққатдан ўзининг ортиқ кучлилиги билан фарқланади ва кўпроқ ихтиёрий бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |