Эшитиш сезгиларининг физик сабаби
Эшитиш сезгиларининг физик сабаби – ҳаво тўлқинларининг ҳаракати бўлиб, бу ҳаво тўлқинлари товуш чиқарувчи жисмлар тебранганда ҳосил бўлади, Музикавий товушлар тўлқинларнинг текис, ритмик ҳаракатлари натижасида ҳосил бўлади, шовқинли товушлар эса тўлқинларнинг нотекис ҳаракатларидан туғилади.
Товуш баландлиги асосий тоннинг баландлиги билан белгиланади. Тон баландлиги товуш тўлқинларининг вақт бирлиги ҳисоби билан тезлик даражасига (частотасига) боғлиқ. Товуш чиқарувчи жисмлар тебраниш тезлиги (частотаси) қанча кўп бўлса, эшитиладиган товуш шунча юқори бўлади.
Секундига 16-20 дан тортиб 20000-22000 тебраниш бўлганда одам қулоғи тонларни сеза олади. Секундига 100дан тортиб, 5000 гача тебранувчи ўртача баландликдаги тонларнинг фарқи айниқса яққол сезилади. Музика асбоблари (рояль) секундига 20 дан тортиб, 4200 гача тебраниш доирасида 7 оқтавага эгадир. Одам нутқидаги товушларнинг регистри секундига 150 дан тортиб, 2000 гача тебраниш ўртасидадир.
Товушнинг қаттиқлиги – товушнинг субъектив сезиладиган кучидир. Шу сабабли, товушнинг қаттиқлиги аввало тебраниш энергиясига боғлиқдир. Аммо товушнинг қаттиқлигини товуш кучи билан тенглаштириш ярамайди. Бир хил кучдаги, аммо
турли баландликдаги товушлар бизга қаттиқлиги жиҳатидан ҳар хилдек сезилади. Товуш кучи ошган сари товушнинг қаттиқлиги ошавермайди. Товушнинг қаттиқлиги қулоқнинг товуш манбаидан қанча масофада эканлигига ва товуш тарқаладиган шароитга боғлиқ Тембр товуш тўлқинининг шаклига боғлиқ. Товуш тўлқинининг шакли одам сезгиларида хилма-хил тонларда акс этади, бу товуш шу тонлардан ҳосил бўлади. Товуш тембри бир қанча обертонлардан ташкил топади. Бу обертонлар асосий тонга қараганда 2, 3, 4 ва ҳоказо марта ортиқ тебраниши мумкин. Одам овозининг тембрларидаги, музика асбобларининг тембрларидаги фарқлар обертонлардан қайси бирининг кучлироқ жаранглашига ва бу обертонларнинг баландлигига боғлиқдир.
Эшитиш сезгиси жараёни.
Эшитиб сезишлар чоғида эшитиш органида рўй берадиган специфик жараёнлар сабабини англатишда энг кўп қабул қилинган назария Гельмгольц ишлаб чиққан резонанс назариясидир. Бу назарияга кўра ҳавонинг тўлқинсимон ҳаракатлари ташқи ва ўрта қулоқ орқали ички қулоқдаги эндолимфага ўтади. Бу ерда эндолимфага ботиб турувчи қиллар орқали асосий мембрана толалари ҳаракатга келади, улардан эшитиш нерви ҳам ҳаракатга келади.
Гельмгольц эшитув сезгиларининг сифат фарқларини (тонларнинг фарқларини) тушунтирганда умумий резонанс назариясига таянади. Бу назарияга кўра, ҳар бир музика асбоби ташқаридан келувчи бирон товушга жавобан ўша товушга бир тонда мосланган торини тебрантиради холос. Гельмгольц назариясига мувофиқ, одам қулоғида ҳам шунга ўхшаш ҳодиса воқе бўлади.
Эндолимфага ўтувчи муайян баландликдаги ҳар қандай товушга жавобан асосий мембрана ўз толаларидан биронтасини тебрантиради, қўзғалиш ўша тола орқали эшитиш нервига ўтади.
Эшитиш ҳақидаги резонанс назарияси кўп фактлар билан тасдиқланишини айтиб ўтмоқ керак.
Асосий мембрана толаларининг сони одам қулоғи сезадиган товушларнинг сонига умуман баравар келади, яъни 20000 тача бўлади. Сўнгра, арпа ёки гуслининг узун торлари сингари, асосий мембрананинг узун толалари ҳам паст (йўғон) товушларга резонанс (акс садо) беради, музика асбобининг калта торлари сингари, асосий мембрананинг калта толалари ҳам баланд (ингичка) товушларга резонанс беради. Бу, масалан, ҳайвонлар устида қилинган қуйидаги тажрибалар билан исбот этилади. Агар ит қулоғининг асосий мембранасидаги узун толалар қирқиб олинса, у паст (йўғон) товушларни сезмайдиган бўлиб қолади, агар асосий мембрананинг калта толалари кесиб олинса, баланд (ингичка) товушларни сезмайдиган бўлиб қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |