Тери сезгилари
Тери сезгиларига туюш ва температура сезгилари киради, бу сезгиларнинг тери сезгилари деб аталишига сабаб шуки, бу сезгиларнинг чекка нерв аппаратлари (рецепторлар) терида ва организмимизнинг ташқи шиллиқ пардаларида бўлади.
Туюш сезгилари – тегиш, тарқалишни туюш сезгилари ёки туюш таначалари. Тактил. сезгилар, шунингдек, силлиқ ёки ғадир-будурни туюш сезгиларидир. Бирор нарсанинг тегишини сезиш ташқи таъсир (қўзғалиш) кучайганда сиқиқ сезишга айланади. Қўзғалиш янада кучайганда сиқиқ оғриқ сезгисига айланиши мумкин. Аммо терида сезиладиган ҳар қандай ортиқ терига таъсир этадиган ташқи қўзғалишга боғлиқ бўлавермайди, албатта;
Туюш сезгилари органи – теридаги ва ташқи шиллиқ пардалардаги туюш таначалари деган маҳсус таначалардир. Ўша таначаларнинг ичида, қисман эса ташқарисида (бевосита эпителийда) туюш нервининг чекка тармоқлари бор. Улар терида ва гавдамизнинг шиллиқ пардаларида бир текисда тақсимланган эмас. Бу таначалар бармоқларнинг учида, тил учида, лабда зич жойлашгандир. Шунинг учун ҳам гавдамизнинг ана шу қисмлари теккан нарсани, силлиқ ва ғадир-будурни бошқа қолганларидан энг кўп сезгиридир. Туюш таначалари орқа терисида жуда сийракдир.
Туюш таначалари ва сезувчи нервнинг чекка тармоқлари нечоғли зич тақсимланганлиги эстезиометр номли маҳсус асбоб ёрдами билан аниқланади.
Бу асбоб кериладиган иккита оёкли циркулдан иборат. Циркуль ўзагидаги даражалар оёқчаларнинг учлари ўртасидаги масофани кўрсатиб беради. Бирон масофада керилган икки оёқча бир вақтда текканда, текширилувчи киши икки ёки бир нуқтани сезаётганлигини синаб кўриш мумкин. Бармоқларнинг учларида 1 мм.дан 2 мм гача масофада, қўл кафтида 10 мм масофада, орқада эса 60–70 мм масофада бир йўла икки оёқча тегаётганлигини сезиш мумкин эканлиги шу йўл билан аниқланган. Оёқчалар ўртасидаги масофа камайтирилганда терининг ўша қисмларидаги икки таъсир бир-биридан фарқ қилинмай, битта таъcир деб сезилади. (Бир йўла икки таъсир фақат битта таъсир деб сезиладиган тери қисмлари «сезги доиралари» деб аталади.)
Туюш маркази бош мия пўстининг орқадаги марказий пуштасида деб фараз қилинади.
Туюш сезгиларининг ташқи, физик сабаби бирон бир буюмларнинг терига бевосита тегишидир.
Бунда биз нарсага тегиш билан бирга уни пайпасласак, унинг билан бирон иш қилсак, туюш сезгиси ҳийла ошади.
Бундай ҳолларда туюш органлари мускул-ҳаракат органлари билан биргаликда ишлайди.
Ҳаракат билан боғлиқ сезгилар (бу хақда қуйидаги бўлимда сўзланади) тактил сезгилар ила бирга қўшилганда, нарсаларнинг асосан, силлиқ ёки ғадир-будур эканлиги билинади. Туюш сезгисида ва пайпаслашда қўл, жумладан, қўл бармоқлари айниқса катта роль ўйнайди. Одамнинг фаолиятида, теварак-атрофдаги оламни билишида қўл туюш ва пайпаслашнинг маҳсус органи бўлиб хизмат қилади.
Температура сезгиларига иссиқ ва совуқни сезиш киради.
Терида ва шиллиқ пардаларда маҳсус таначалар бор, уларнинг ичида иссиқни ёки совуқни сезадиган маҳсус нервларнинг чекка тармоқлари бўлади.
Температура сезгиларининг ташқи сабаби бирон температурага эга бўлган қаттиқ, суюқ ва газсимон жисмларнинг организмимизга тегиб туришидир. Иссиқни ёки совуқни айириш теримизга тегиб турган нарса (қўзғовчи) температураси билан бадан температураси ўртасидаги нисбат билан белгиланади. Агар қўзғовчининг температураси баданимиз юзасининг температурасидан пастроқ бўлса, совуқ сезамиз, агар қўзғовчининг температураси бадан температурасидан юқорироқ бўлса иссиқ сезамиз.
Иссиқ ёки совуқнинг фарқига бориш биз температурасини сезаётган жисмларнинг иссиқ ўтказувчанлигига ҳам боғлиқ. Шу сабабли, баравар температурада, масалан, 10 градус совуқда яхши ўтказгич (масалан темир) ёмон ўтказгичга (масалан, юнгга) қараганда совуқрок бўлиб туюлади.
Температура сезгилари фақат (одам организмига нисбатан) ташқаридаги нарсалар таъсири билангина эмас, балки организмнинг ичида асосан, қон айланишининг кучайиши ёки сусайиши натижасида ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Шу сабабли, масалан одам қаттиқ қўрққанда баъзан «Қўрққанимдан дир-дир титраб кетдим» дейди, қаттиқ уялганда эса: «Уялганимдан истмам чиқиб кетди» дейди. Биринчи ҳолда қон томирлари тораяди, иккинчи ҳолда эса кенгаяди.
Do'stlaringiz bilan baham: |