Кайфият.
Кайфият - заиф ёки ўртача кучга эга бўлган ва, одатда, анча барқарор эмоционал ҳолатдир. Одамдаги баъзи бир кайфият бир неча кун, бир неча ҳафта, бир неча ой ва ундан ҳам кўпроқ давом қилиши мумкин. Қувноқ кайфият, маъюс кайфият, ғамгинлик кайфияти, ғазаб кайфияти ва шу каби кайфиятлар, яхши ёки ёмон кайфиятлар бўлиб туриши ҳаммага маълум. Биз бирор кишидан, аҳволларингиз қалай, деб сўраганимизда, биз, асосан, унинг кайфиятини назарда тутамиз.
Одамдаги турли кайфият турлича сабаблар туфайли туғилиши мумкин. Одамнинг шахсий ёки ижтимоий ҳаётида содир бўлган ва шу одам учун катта аҳамиятга эга бўлган бирор воқеа мана шу хилдаги кайфиятнинг туғилишига сабаб бўлиши мумкин. Бирор ишнинг муваффақиятли бажарилганлиги одамда бир неча кун давом қиладиган хурсандлик, шодлик кайфиятини туғдириши мумкин. Бирор ишнинг муваффақиятли бажарилганлигига мўътабар киши ёки муассаса томонидан берилган юксак баҳо одамнинг кайфини чоғ қилиб юборади. Ишдаги чатоқлик, муваффақиятсизлик, одамнинг қилган ишига паст баҳо берилганлиги унинг руҳини тушириб юборади, унда маъюслик туғдиради, унинг ўз кучига ишончсизлик вужудга келтиради.
Одамдаги нерв системасининг ҳолати ва умуман одам соғлигининг ҳолати одамда маълум бир кайфиятнинг туғилишига сабаб бўлиши мумкин. Баъзан киши ўзида муайян кайфият туғдирган сабаб нималигини англамайди. Бундай ҳодиса кўпинча организмнинг ҳолати, жумладан, нерв системасининг ҳолати сабабли вужудга келади.
Одатда, муайян кишида у ёки бу хил кайфият устунлик қилиши мумкин. Одатда қай хилдаги кайфиятнинг устунлик қилганига қараб, биз баъзи кишиларни қувноқ, ҳушчақчақ, бардам кишилар деймиз, баъзи кишиларни эса ғамгин, маъюс бепарво кишилар деймиз. Мана шундай устунлик қилган кайфият одам характерининг хислати бўлиб қолади.
Одамнинг барча психик жараёнларида ва фаолиятида кайфият катта роль ўйнайди. Тасаввурлар ва фикрларнинг ўтишидаги тезликка, шунингдек, тасаввур ва фикрларнинг мазмунига ҳамда йўналишига кайфият таъсир қилади. Одамдаги бошқа эмоционал кечинмаларнинг ҳаммасига кайфият, одатда ўзининг таъсирини ўтказиб туради, бу кечинмаларнинг, интилишларнинг ва ҳаракатларнинг фаоллигида шу кайфият ўзгаришини кўрсатади. Масалан, одамнинг кайфи чоғ бўлса, у анча активроқ бўлади, одам маъюс бўлса, унчалик актив бўлмайди. Одамнинг кайфияти унинг теварак-атрофдаги кишиларга ва нарсаларга муносабатига таъсир қилади. Чунончи, одам хурсанд бўлиб турганида унинг кўзига ҳамма нарса яхши бўлиб кўринади, одам хафа ва маъюс бўлиб турганида, унинг кўзига ҳамма нарса ёмон кўринади. Ижобий кайфият, ҳушчақчақлик ва хурсандлик кайфияти устун бўлиб турганида, одам вақтинча муваффақиятсизликларни ва хафагарчиликни ҳам осонлик билан ўтказиб юборади.
Одамзод онглидир, бинобарин, у салбий кайфият билан курашмоғи: маъюсликка, бўшангликка, сабабсиз тажангликка берилмаслиги мумкин ва лозим. Одамнинг ўзида ва бошқа кишиларда бардамлик, хурсандлик, ҳушчақчақлик кайфияти туғдира билиши унинг энг яхши хислатидир.
Одамнинг ўзидаги эътиқод, маслак, қизиқиш ҳамда ўзи яшаб ва ишлаб турган вазият ундаги муайян кайфиятнинг давом эттирилиши учун катта аҳамиятга эгадир. Бардамлик, ҳушчақчақлик, кайфияти бизнинг кишиларимизни асосий хусусиятидир. Ўзбек халқи мустақилликка эришишини ўз мақсади ва маслаги деб билади. У ўз меҳнатининг эркинлигини англаб, Ватани учун сидқидилдан ҳаракат қилиш уларда мана шундай кайфиятни вужудга келтирди. Бизда ҳар бир киши нима учун меҳнат қилаётганини, ким учун меҳнат қилаётганини билади. Меҳнатнинг таги роҳат эканлигини ҳис қилади.
Маълумки, меҳнат ижтимоий фойдали, моддий ёки маънавий маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган фаолиятдир. Меҳнат фаолияти ўзининг амалга оширилиши учун юксак психологик функцияларни талаб қилиш билан бирга, инсоният тараққиёти жараёнида уларни таркиб топиши учун шарт-шароитлар юзага келтиради. Бу эса инсон кайфиятига таъсир қилади. Кайфиятнинг чоғлиги меҳнатни унумдорлигини оширади. Уни сермаҳсул қилади.
Мустақиллика тўла эришиб олгунга қадар қанча уқубатли меҳнатларга дуч келинди. Халқимиз тушкунликка тушмай, қийинчиликларга бардош бериб, тўсиқларни енгиб, кўтаринки кайфият билан меҳнат қилиб ўз мақсадларига эришдилар. Халқимиз қийинчиликларни қунт билан енгишга доим тайёрдирлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |