VI. НУТҚ ТУРЛАРИ.
Нутқ, ўзининг ташқи ифодаланиш усулига қараб оғзаки ва ёзма нутққа ажралиб қолмасдан шу билан бирга, қандай вазифани бажаришига ва синтактик тузилишининг хусусиятларига қараб ҳам бир-биридан фарқ қилади.
Нутқ ўзининг бажарадиган вазифасига қараб, ички ва ташқи нутққа бўлинади.
Ички нутқ
Ички нутқ шундай бир нутқдирки, унинг ёрдами билан фикрлар бошқа одамларга маълум қилинмасдан олдин ичда ифодаланади.
Ички нутқнинг ўз хусусиятлари бор. Бу нутқ, кўпинча товушлар овоз чиқариб айтмайдиган нутқдир, бу нутқ одам «ўз ичида гапирадиган» нутқдир. Баъзан ички нутқ «ташқарига» чиқади яъни товушлар овоз чиқариб айтилади. Бирор нимани фикр қилаётган одам қандайдир қийинчиликка учраб қолганида, шунингдек, ҳиссиёти қаттиқ қўзғалиш натижасида ҳаяжонланиб кетганида ёки ўзининг олдида бошқа одамлар бўлмаган вазиятда у, ўзи сезмаган ҳолда, «овоз чиқариб ўйлайди» – овоз чиқариб ўз-ўзи билан гаплаша бошлайди. Одам якка қолиб, ўз ичида ўйлаб ўтирганида кўпинча имо-ишора ва мимикадан ҳам фойдаланади. Кичкина болалар кўпинча «овоз чиқариб ўйлайдилар», гаплашиб ва ҳаракат қилиб туриб фикр қиладилар.
Форма жиҳатидан ички нутқ кўпроқ монолог тарзида содир бўлади, ички нутқни одамнинг ўз-ўзи билан ва ўзича гаплашуви дейиш мумкин. Лекин баъзан ички диалог шаклида, хаёлдаги суҳбатдош билан гаплашиш ёки мунозара қилиш тарзида ҳам содир бўлади.
Синтаксис тузилиши жиҳатидан кўпинча ички нутқ қисқартирилган, бўлак-бўлак гаплардан иборат бўлади. Ички нутқда гапнинг фақат айрим бўлакларигина, асосан эга бирмунча аниқ қилиб ифодаланади («ичдан, ўз-ўзига» айтилади). Ички нутқ овоз чиқариб «айтиб юборилганида» ҳам ўзининг шу хусусиятини сақлаб қолади. Масалан, поезддан кечга қолган пассажир вокзалга яқинлаша туриб соатга қарайди ва шу оннинг ўзидаёқ, ўзига керакли поезднинг кетган ёки кетмаганлигини ўзича ҳал қилиб, ўз фикрини овоз чиқариб айтилган «Эҳ, кетиб қолибди-я!» деган сўз билан ифодалаб юборади. Бунда фақат кесимнинг ўзигина ифодаланади. Лекин шу кишининг ички нутқида (ичида, ўз-ўзича нутқида), албатта, гапнинг бўлаклари, бошқа сўзлар ҳам бўлади, фақат гапнинг шу бўлаклари унчалик шаклланмаган бўлади, шу сабабли, гапнинг шаклланмаган шу бўлаклари дарҳол ташқарига чиқмайди, эшиттирилиб айтила қолмайди. Бу ҳолда фақат биргина кесим билан айтилган фикр поездга худди шу кишидек шошилиб келаётган ва мана шундай шубҳага тушиб қолган бошқа кишиларгагина тушунарли бўлади. Ички нутқнинг тўлиқ бўлмаслигига, бўлак-бўлак бўлишига сабаб шуки, тафаккур объекти ва шу тафаккур содир бўлаётган вазият фикр қилувчи кишининг ўзига равшандир ва тўлиқ гап билан қайд қилинишини талаб этмайди. Нутқ тафаккур объектида тасдиқланадиган ёки инкор қилинадиган нарса устидагина тўхталади.
Ички нутқ, одатда, ихтиёрсиз равишда ўтади. Бунда тафаккур жараёнларининг ўзи ихтиёрий равишда, маълум куч сарфлаш йўли билан ҳам бориши мумкин. Лекин ихтиёрий тафаккур жараёнининг боришига ёрдам берган ички нутқ ихтиёрсиз равишда ўз-ўзича майдонга чиқади дейиш мумкин. Ички нутқ диалог шаклида содир бўлган ҳоллардагина ихтиёрийлик моментлари пайдо бўлади. Бундай ҳолларда ички нутқ ўзининг синтаксис тузилиши жиҳатидан ҳам ташқи нутқ тузилишига яқинлашиб қолади. Ички нутқнинг характерли белгиси шуки, бунда тавушларининг артикуляцияси кўзга кўринмайди, И. М. Сеченов буни қуйидагича тасвирлайди: «Мен фикр қилаётганимда жуда кўп вақт оғзимни очмай ва ёпиб туриб, гапира бераман, яъни оғиз бўшлиғидаги тил мускуллари ҳаракат қилаверади. Бирор фикрни, асосан бошқаларга ўқтирмоқчи бўлиб, ифодалашга уринган ҳолларнинг ҳаммасида эса шу фикрни албатта пичирлаб такрорлаб тураман»1. (Избранные философские и психологические произведения, Госполитиздат, 1947, 142-бет).
Ички нутқнинг кўзга кўринмайдиган мана шундай артикуляцияси борлиги ҳозирги вақтда экспериментал йўл билан исботланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |