V. НУТҚ ВА ТАФАККУР.
Нутқ тафаккур билан чамбарчас боғлангандир. Одам нутқ бўлмаса, тил воситалари бўлмаса фикр қилолмайди. Юқорида айтиб ўтилганидек, нутқ фикрлаш қуролидир. Тафаккур бўлмаса нутқ тил бўлиши ҳам мумкин эмас.
Фанга хилоф бўлган буржуа идеалистик таълимот учун характерли нарса шуки, у тафаккурни нутқдан, тил формаларидан ажратиб қўяди. Масалан, психологларнинг Вюрцбург мактаби деб аталган идеалистик психология намояндалари (Бюллер, Мессер, Кюльпе, Ах ва бошқалар) одамдаги тафаккур жараёнлари образлардан – идроклар ва тасаввурлардан мустақил равишда, шунингдек, нутқ тилдан мустақил равишда содир бўлади деб исбот қилмоқ учун, буни ҳатто тажриба қилиб кўрсатишга ҳам уриниб кўрдилар.
Образлардан ва нутқдан мустақил мана шундай «соф» тафаккур бўлиши мумкин, деган идеалистик таълимот бутунлай асоссиз таълимотдир. Тафаккур идрок ва тасаввурлардан мустақил суръатда ўса олмайди. Нутқ бўлмаса, тафаккур ҳам бўлмайди, тил материали бўлмаса фикрни ифодалаб бериб бўлмайди.
Бизнинг ҳукмларимиз, мантиқий таърифларимиз, хулосаларимиз тил материаллари ва гаплар ёрдами билан ифодаланади. Тил материаллари ва гаплар воситаси билан анализ ва синтез қилинади, абстракция қилинади ва умумийлаштирилади.
Тил материаллари бўлмаса, биз ҳатто энг оддий ҳукмни ҳам ўзимиз учун ифодалай ололмаймиз – биз шу оннинг ўзида идрок қилиб турган буюмлар тўғрисида ҳам бирор нимани тасдиқ қилиб ёки инкор қилиб айтолмаймиз. Биз сўзлар бўлмаса, битта ҳам тушунчани фикримизга жойлаштира олмаймиз.
Фақат тил ёрдами билангина одамлар бир-бирларига ўз фикрларини айта оладилар. Одамлар нутқ орқали бир-бирлари билан алоқа боғлаганларида, тафаккур натижаларини ва ўтмиш аждодларнинг билиш соҳасида эришган муваффақиятларини тил ёрдами билан ўзлаштириб оладилар ва айни вақтда ўз фикрларини ва билимларини авлодларига топширадилар.
Инсон тафаккури ҳам тарихий тараққиёт жараёнида, тил ёрдами билан бўладиган нутқ алоқаларида ўсди - тафаккурнинг мантиқий формалари ишлаб чиқилди.
Ҳар бир кишининг тафаккури унинг бутун умри давомида тил ёрдами билан бўладиган нутқ алоқалари жараёнида ўсиб боради.
Лекин биз тафаккур, нутқ ва тил бир-бирига чамбарчас боғланган деганимизда шуни ҳам назарда тутишимиз керакки, нутқ, билан тафаккур айнан бир нарса эмас нутқ билан тафаккурни, фикр билан тилни бир-бирига айнан тенг дейиш ярамайди. Биз баъзи буржуа психологларининг тафаккур билан нутқ айнан бир нарса деб даъво қилувчи сохта таълимотини қатъиян рад қилишимиз лозим.
Америка психологияси деб аталган оқимининг намояндалари бўлган бихэвиористлар нутқ билан тафаккур бир-бирига айнан тенг бир нарса деган мана шундай нуқул механистик таълимотни, фанга бутунлай хилоф бўлган таълимотни тарғиб қилишга айниқса зўр бериб уриндилар.
Уларнинг таълимотига кўра, тафаккур нуқул нутқдан иборат бўлади. Фақат нутқнинг ўзигина реал мавжуддир. Тафаккур эса у ҳам ўзи бир нутқдир, лекин товушсиз, ёки тормозлантирилган нутқидир. Бихэвиористларнинг таълимотига кўра, нутқ нерв-мускул ҳаракатларидан таркиб топади, у алоҳида кўникмалардан иборатдир, демак, тафаккур ҳам фақат мана шу малакалардан иборат бўлиши лозим. Шу таълимотга қараганда, биз мускуллар ёрдами билан фикр қиладиган бўлиб чиқамиз. Бихэвиористларнинг шу таълимотига кўра, тафаккур муаммосининг ўзи ҳам бўлиши мумкин эмас, тафаккур масаласи батамом нутқ масаласининг ўзи бўлиб қолади. Нутқ билан тафаккур айнан бир нарса, деган таълимотни буржуа психологлари тафаккурнинг реаллигини рад қилмоқ учун, шу билан бирликда, меҳнаткаш кишиларнинг фаолиятида онгнинг актив роли борлигини ҳам рад қилмоқ учун ўйлаб чиқардилар. Бихэвиористларнинг тафаккур нутқдан иборат, деган бу таълимоти воқеликка бутунлай зид таълимотдир. Нутқ билан тафаккур айнан бир нарса эмаслигини кўрсатадиган жуда кўп фактлар бор.
Масалан, маълумки, бошқа бировнинг нутқини тушуниб олишда баъзан бирмунча қийналамиз. Одатда, биз, бошқа бировнинг нутқини эшитаётганимизда ёки ёзма нутқни ичимизда ўқиётганимизда, шунингдек, бошқа бировнинг нутқини баланд овоз билан такрорлаётганимизда, бу нутқларда ифодаланган фикрларни айни шу вақтда тушуниб ололмаймиз. Кўпинча, ҳамма нутқ органлари тўла-тўкис ҳаракат қилади (тўғри талаффуз қилади), лекин бунда ҳам нутқдаги фикрни айни шу вақтда дарров тушуниб бўлмайди. Баъзан нутқни тушунмоқ яъни унинг маъносини билиб олмоқ учун аниқ, таърифларни (оғзаки ёки ёзма) бир неча нарта такрорлашга тўғри келади.
Агар нутқ, билан тафаккур айнан бир нарса бўлганда эди, бошқа бировнинг нутқини фақат эшитиш ёки биринчи такрорлаш биланоқ, тушуниб олинган бўлур эди. Модомики, бировнинг нутқини фақат эшитиш ёки биринчи такрорлаш биланоқ тушуниб бўлмас экан, бинобарин, тафаккур билан нутқни ҳам айнан бир нарса деб бўлмайди.
Шундай ҳам бўладики, айни бир фикрнинг ўзини турли одамлар ва айни бир кишининг ўзи турли ҳолларда, турли сўзларда, турли ибораларда ифодалайди. Мисол учун математиканинг қуйидаги таърифини кўрсатиш мумкин: плюс-плюсга кўпайтирилганида ва минус-минусга кўпайтирилганида плюс ҳосил бўлади, плюс минусга кўпайтирилганида эса минус ҳосил бўлади. Шу фикрнинг ўзи бошқа бир иборада ифодаланиши мумкин: бир хилдаги аломатларга эга бўлган рақамлар бир-бирига кўпайтирилганда мусбат рақам ҳосил бўлади, аломатлари турлича бўлган рақамлар бир-бирига кўпайтирилганида манфий рақам ҳосил бўлади. Нутқ билан тафаккур айнан бир нарса бўлганида эди, бундай ҳодисаларнинг бўлиши мумкин бўлмас эди.
Тафаккур билан нутқ ўртасида фарқ борлигини шу фактдан ҳам билиш мумкинки, айни бир фикрни грамматика тузилиши турлича бўлган турли тилларда (масалан, рус, ўзбек, хитой ва бошқа тилларда) айнан бир маъно билдирадиган қилиб ифодалаш мумкин.
Агар тил билан тафаккур айнан бир нарса бўлганида эди, у ҳолда ҳамма тилларда грамматика тузилиши ҳам айнан бир-бирига ўхшаш бўлиши керак эди, ёки ҳар қайси миллатда шу миллат тилининг грамматика тузилишига мувофиқ равишда, тафаккур формаларининг тузилиши ҳам турлича бўлиши керак эди. Ҳар бир халқда ўзига хос мантиқ бўлиши лозим бўлиб қолур эди. Лекин бундай ҳолда, турли миллат одамларининг бир-бирларини тушунишлари мумкин бўлмай қолур эди, айнан бир фикрни бир тилдан иккинчи тилга таржима қилиш мумкин бўлмай қолур эди. Тил билан тафаккурнинг бевосита алоқаси фақат тилнинг тафаккур учун бўлган аҳамиятидагина ифодаланиб қолмасдан, балки, шу билан бирга, тафаккурнинг тил учун бўлган аҳамиятида ҳам ифодаланади.
Тафаккурнинг тараққиёт тарихида тилнинг роли қанчалик катта бўлса, тилнинг тараққиёт тарихида ҳам тафаккурнинг роли шунчалик каттадир. Грамматика қонунларини, формаларини ва қоидаларини тузишда ва уларнинг такомиллашиб боришида тафаккур айниқса катта аҳамиятга эга бўлади.
Ҳар бир кишидаги тафаккурнинг ўсиши шу киши нутқининг ўсиши билан баб-баравар бўлганидек, шу киши нутқининг ўсиши ҳам ундаги тафаккурнинг ўсишига боғлиқ бўлган. Грамматика формалари ва қоидаларини ўзлаштириш жараёнининг ўзи одамнинг ўз тафаккурини зўр бериб ишлатишини талаб қиладики, бу ҳаммага маълумдир.
Шундай қилиб, тафаккур билан нутқ турли ҳодисалардир, лекин айни вақтда бу икки ҳодиса бир-бири билан чамбарчас боғланган, бир-бирини тақозо қилувчи ва бир-биридан ташқарида воқе бўлмайдиган ва ўса олмайдиган ҳодисадир. Нутқ ва тафаккур бир-бири билан диалектик бирлик асосида боғлангандир.
Нутқ билан тафаккурнинг бирлигини Павловнинг иккинчи сигнал системаси тўғрисидаги таълимоти ҳам исботлаб беради, иккинчи сигнал системаси биринчи сигнал системаси билан бир-бирига ўзаро таъсир қилган ҳолда нутқнинг ҳам, тафаккурнинг ҳам нерв-физиологик негизини ташкил қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |