ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ ДАВЛАТ ЭКОЛОГИК ФУНКЦИЯСИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ
Абдулазиз Иномиддинов,
ТДЮУ магистранти
Қулай табиий атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқи инсоннинг табиий ҳуқуқлари сирасига кирганлиги учун Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ у ажратиб бўлмайдиган, яъни узвий ҳуқуқ ҳисобланади. Шундай экан, ушбу қонуний ҳуқуқ қандайдир вақт чегараларига боғлиқ бўлмаган ҳолда амал қилади. Унинг моҳияти инсоннинг атроф табиий муҳитга салбий таъсир кўрсатмайдиган шарт-шароитларда яшаши ва қонун билан манъ этилмаган ҳолатларда фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлишидир.
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш мақсадида давлатнинг бир нечта вазифалари кўрсатилган бўлиб, ушбу вазифаларнинг жумласига фуқароларнинг тоза экологик муҳитда истиқомат қилишларини таъминлаш киради. Конституциянинг 2-моддасида “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига ҳизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, - деб кафолатланган. Яъни, давлат ўз фаолиятини амалга ошириш давомида фуқароларнинг фаровонлигини кўзлаб уларга яшаши ва ривожланиши учун ҳар томонлама имкониятлар яратиб беради. Бундай шароитлардан бири тоза ва қулай экологик муҳитда яшаш имкониятидир. Давлат ўз фаолияти давомида бир нечта вазифаларни амалга оширади. Шу вазифалар қаторида давлатнинг экологик вазифалари ҳам муҳим ҳисобланади. Давлатнинг экологияга оид вазифаларини у ваколат берган идоралар томонидан амалга оширилади.
Давлатнинг экологияга оид вазифаларини бажарувчи давлат органлари икки турга бўлинади: умумий ваколатли давлат органлари ва махсус ваколатли давлат органлари. Умумий ваколатли давлат органлари деганда шундай органларни тушунишимиз лозимки ўз ваколатларни амалга ошириш давомида умумий ваколатларига кирувчи экологик ваколатларини ҳам амалга оширувчи давлат органларини тушунамиз. Буларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари киради. Ушбу умумий ваколатли давлат органларининг ҳуқуқий мақоми ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга оид вазифалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва бошқа қонун ости ҳужжатларида белгилаб қўйилган.
1992 йил 9 декабрда қабул қилинган “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 31-моддасида табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли органлар кўрсатиб ўтилган бўлиб уларга Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси киришлиги белгиланган. Ушбу махсус ваколатли давлат органлари Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитдан фойдаланиш, табиий ресурсларни асраш ва экологияга оид барча ижтимоий муносабатларни амалга оширилишини таъминлаб турадилар ва ўз навбатида назорат қилиб борадилар.
Фуқаролар давлатдан ўз экологик функциялари доирасида қонунчиликда назарда тутилган чора-тадбирларни тегишли равишда амалга оширишни талаб этишлари мумкин. Бу ерда гап асосан атроф муҳит сифатини режалаштириш ва нормага солиш, экологик зарарли фаолиятларни бартараф этиш, авариялар, ҳалокатлар, табиий офатлар олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш, атроф муҳитни соғломлаштириш, экологик қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат олиб бориш, экологик хавфсизлик ва барқарор тараққиёт концепциялари ва дастурларини ишлаб чиқиш, тегишли чоралар кўриш борасидаги давлат мажбуриятлари хусусида кетмоқда.
Ўзбекистон Республикаси атроф табиий муҳитининг хозирги ҳолати атроф табиий муҳитни сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган илмий асосланган давлат сиёсатини олиб боришни талаб этади. Айнан шу сабабдан, давлатимизнинг экологик сиёсатга оид стратегик сиёсатининг мақсади жамиятни барқарор ривожлантириш, ҳаёт кечириш сифатини ошириш, фуқароларга қулай табиий атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш учун экологик тизимни сақлаш, табиий ресурлар холатини яхшилаш, уларнинг бутунлиги ва ҳаётни таъминлаш функцияларини қўллаб-қувватлаш бўлиб ҳисобланади1.
Барқарор экологик вазиятни вужудга келтириш, инсон ҳаёти ва фаолияти учун қулай экологик шарт-шароитлар яратиш, одамларнинг саломатлигини таъминлаш масалаларини ҳал қилиш юридик ва жисмоний шахслардан қонунларда кўрсатиб қўйилган ҳуқуқ ва мажбуриятларга амал қилишларини ҳамда уларни ўз вақтида бажаришларини талаб этади2.
Мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи йиллариданоқ атроф табиий муҳит муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилди. Конституциямиз билан бир вақтда «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди, 1998 йилда «Атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг миллий ҳаракат режаси», 1999 йилда «1999-2005 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитини муҳофаза қилиш ишлари дастури» ишлаб чиқилди, ўнлаб замон талабига мос келувчи янги турдаги экологик қонунлар ва юзлаб норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистонда инсон хуқуқларини ҳимоя қилувчи мустақил институтлар пайдо бўлди ва 70 дан зиёд турли йўналишдаги инсон хуқуқларига оид халқаро ҳужжатларга имзо чекилди. Лекин инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш талаблари бизда ўз ечимини тўлиқ топган, дея олмаймиз. Инсоният ривожлана боргани сари унинг янги-янги тур ва шаклдаги ҳуқуқлари юзага чиқаверади. Улардан бири қулай атроф табиий муҳитга эга бўлиш ҳуқуқидир. Чунки учинчи минг йилликнинг бошига келиб инсоният кўзга кўринмас экологик хавфга дуч келиб қолди, буни ўз вақтида англаб етмаслик ўзини-ўзи ўлимга махкум этиш билан баробардир.
Экологик муаммоларни нақадар долзарблигини ушбу сохага Ўзбекистон Республикаси Конституциясида алохида урғу берилиб, ушбу сохадаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг устивор қоидалари ўрнатилганлигида кўришимиз мумкин. Конституциямизнинг 50, 54, 55 ва 100-моддаларида давлатимизнинг экологияга оид умумий қоидалари назарда тутилган.
Конституциясининг 50-моддасида фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар деб кўрсатилган бўлиб, фуқароларнинг ушбу мажбуриятлари атроф табиий муҳитни асраш ва экологик муҳитни тоза холда сақлаш учун хизмат қилади. 54-моддада мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт деб кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек Конституциянинг 55-моддасида ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир деган тартиб-қоида белгилаб қўйилганки ушбу табиат неъматларини умуммиллий бойлик сифатида баҳолаб давлат ўз муҳофазасига олган. Ушбу ўрнатилган нормадан мақсад табиат обеъктларини асраш ва улардан оқилона фойдаланиш ва келажак авлодларга ҳам соф ҳолда етказишдан иборат.
Конституциянинг 100-моддасида маҳаллий ҳокимият органлари ихтиёрига кирадиган ваколатлардан бири сифатида атроф муҳитни муҳофаза қилиш мажбурияти юклатилган. Ушбу қоидаларнинг белгиланиши давлатимиз сиёсатида атроф табиий муҳитни асраш ва табиий ресурсларга нисбатан оқилона муносабатда бўлишнинг нақадар муҳимлигидан далолат. Фуқаролар табиат бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқлари билан биргаликда уларни тежаб-тергаб ишлатишлари ва келажак авлодларга ҳам етказишлари лозимлиги уқтирилган. Инсон билан табиат узвий боғлиқ. Табиатни асраш ўзини асраш демакдир.
Атроф муҳит ва барқарор ривожланиш концепциясини маъқуллаган тарзда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов БМТнинг 48, 50, 55-сессияларида қилган маърузаларида Орол ва Оролбўйи муаммолари нафақат Марказий Осиё давлатларининг «чуқур табиат яраси» бўлибгина қолмай, балки бутун инсоният цивилизациясига хавф туғдираётган глобал миқёсдаги муаммо эканлигини таъкидлаган эди1.
Ўзбекистон Республикаси «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида» ги Қонунининг 25-моддасига биноан атроф муҳит сифатини нормага солиш атроф муҳитга таъсир ўтказишнинг йўл қўйса бўладиган чегараларини аниқлаш учун амалга оширилади. У аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлаши, унинг генетик фондини сақлаб қолишига имкон бериши тўхтовсиз тараққий этиб бориши шароитида табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклашни таъминлаши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |