ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ИНСТИТУТЛАРИ РОЛИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШДА КОНСТИТУЦИЯНИНГ ЎРНИ
Қалбай Бабаназаров,
Қорақалпоқ давлат университетининг
катта илмий ходим-изланувчиси
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўрнатилган нормалар асосида амалга оширилаётган туб ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад инсон ҳуқуқлари юксак даражада таъминланадиган, демократия ва қонун устуворлиги ҳукмронлик қиладиган фуқаролик жамиятини барпо этишдан иборатдир. Бу ижтимоий маконда инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари олий қадрият ҳисобланади, фуқароларнинг давлатни бошқаришда кенг иштирок этиши каби демократиянинг умумтан олинган асосий тамойиллари тўла таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида белгиланишича, фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади1. Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади.
Шу сабабдан, бугунги кунда Асосий қонунимизга биноан мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини янада такомиллаштиришга миллий давлатчилигимизни ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида қаралмоқда.
Маълумки, демократик жамиятнинг етуклигини ифода этадиган кўрсаткичлар тизимида давлат билан барча фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий муносабатларнинг ривожланганлик даражаси алоҳида ўрин тутади. Зотан, давлат билан жамоат тузилмалари ўртасидаги ижтимоий ҳамкорлик ва шерикчилик муносабатларидан ҳам давлат, ҳам жамият бирдек манфаатли бўлади.
Ижтимоий шерикчилик бу – давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари (жамоат ташкилотлари, ННТ, ўзини-ўзи бошқариш органлари ва ш.к.) ўртасида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал этиш, мамлакатимиз аҳолиси турли қатламларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат тузилмалари билан ўзаро муносабатларидаги аниқ чегараларни белгилаш ва ташкилий-ҳуқуқий меxанизмларни такомиллаштириш юзасидан ўзаро ҳамкорликка асосланган муносабатлар тизимидир.
Маълумки, демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш вазифаси фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат органлари фаолияти устидан чинакам жамоат назорати олиб борилишини тақозо этади, ёҳуд ҳақиқий жамоатчилик назоратининг мавжудлиги – фуқаролик жамиятининг ривожланганлик даражасини кўрсатади. Жамоатчилик назорати сиёсий партиялар, оммавий ҳаракатлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, оммавий ахборот воситалари, ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролар ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари субъектлари томонидан давлат органлари фаолиятида қонунийликка ва инсон ҳуқуқларини таъминлашга риоя этилиши устидан амалга ошириладиган ижтимоий назоратдир.
Жамоатчилик назорати жамиятда ижтимоий адолат қарор топиши учун шахс, жамият ва давлат муносабатларида мувозанат, тенглик, ўзаро масъулият бўлишига хизмат қилувчи асосий восита бўлиб, унинг мавжудлиги сиёсий ҳокимиятнинг том маънода халқ қўлида эканлигининг кўрсаткичи ҳисобланади. Фуқаролик жамияти институтлари орқали олиб бориладиган назоратнинг асосий хусусиятлари шахс ва жамият манфаатларининг устуворлиги, кенг қамровлилиги, оммавийлиги, ошкоралиги каби тамойилларда намоён бўлади.
Фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга ошириладиган жамоатчилик назорати тизимида атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга, экологик хавфсизликни таъминлашга, жамият аъзоларининг қулай атроф табиий муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган жамоат экологик назорати муҳим аҳамият касб этади. Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрь куни бўлиб ўтган қўшма йиғилишидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузасида дaвлaт ҳокимияти вa бошқaруви оргaнлaри томонидaн қонун ҳужжaтлaрининг ижро этилиши устидaн жaмият, фуқaролик жамияти институтлaри нaзорaтини aмaлгa оширишнинг тизимли вa сaмaрaли ҳуқуқий мехaнизмини ярaтишгa хизмат қиладиган “Ўзбекистон Республикaсидa жaмоaтчилик нaзорaти тўғрисидa”ги ва “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунларини қaбул қилиш таклиф қилиниб, ушбу қонунлар парлементимиз томонидан қабул қилинди.
Шуни айтиш керакки, экологик назоратни амалга ошириш фуқаролик жамияти институтлари экологик функциясининг таркибий қисми бўлиб, у табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш борасида жамоат ташкилотлари фаолиятини амалга оширишнинг зарурий эълементи ҳисобланади.
Экологик назоратнинг мақсади экологик хавфсизликни таъминлаш, хўжалик ёки бошқа фаолиятнинг инсон ҳаёти ва соғлиғига, атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатишининг олдини олиш ҳамда бартараф этишдан иборатдир. Улар турли ташкилий-ҳуқуқий усуллар, яъни атроф табиий муҳит ҳамда унинг алоҳида объектларининг ҳолатини кузатиб бориш, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлаш борасидаги тадбирларнинг бажарилишини текшириш ва умумлаштириш, экологик қонунчилик нормалари ва талабларининг ижросини текшириш, юридик ва жисмоний шахслар юритадиган экологик зарарли фаолиятнинг олдини олиш, чеклаш, тўхтатиб қўйиш ҳамда тугатиш йўли билан экологик зарарли фаолиятнинг олдини олиш ва уни баҳолаш, табиатдан махсус фойдаланиш лицензияларида (рухсатномаларида) ва шартномаларда айтиб ўтилган шартларнинг бажарилишини текшириш ва лицензия бериш, экологик қоида-талабларни бузган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий жавобгарлик чораларини қўллаш орқали амалга оширилади.
Ушбу ташкилий-ҳуқуқий усулларни амалда таъминлашга қаратилган “Экологик назорат тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши том маънода мамлакатимизда экологик назоратнинг жаҳон андозалари асосида ташкил этишга, ҳаракатдаги экология қонунчилигини тўлдиришга ҳамда экологик қонунлар ижроси устидан жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари назорати механизмини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. Ушбу қонунни қабул қилинишининг асосий сабаби бугунги кунда экологик ҳавфсизликни таъминлаш дунё ҳамжамияти учун энг долзарб муаммолардан бирига айланиб қолганлигидадир.
Ҳозирги вақтда экологик хавф-хатарнинг кўриниши иқлим ўзгариши, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, биохилмахилликнинг қисқариши, ернинг деградацияга учраши, атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши, одамларнинг касалланиш даражасининг ўсиши, сув ресурсларининг тақчиллиги ҳамда улар сифатининг ёмонлашуви, чўл зоналари майдонининг ошиб бориши, аҳолининг ўсиши натижасида табиий заҳиралардан хўжалик мақсадларида янада кўпроқ фойдаланишда намоён бўлмоқда.
Ўзбекистонда экологик хавф-хатарнинг оқибати сифатида Орол экологик инқирозини кўрсатиш мумкин. Орол экологик инқирозидан ташқари, бугунги кунда Ўзбекистон учун хавфли экологик хавф-хатар ўчоқлари бўлиб Регар алюминий заводи, Роғун ва Қамбар ота ГРЭСларининг қурилиши саналмоқда.
“Экологик назорат тўғрисида”ги Қонуннинг моҳияти ҳақида фикр юритганда, унда жамоат экологик назоратининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланганлиги, уни амалга ошириш усуллари ва шакллари, субъектлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамоат экологик назоратини ўтказишдаги роли, жамоат экологик назоратини амалга ошириш тартиби, жамоат экологик назорати якуний ҳужжати ва унинг юридик табиати аниқ белгилаб берилганлигини таъкидлаш ўринлидир.
Шунингдек, ушбу қонунда жамоат экологик назоратининг вазифалари сифатида табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирокини таъминлаш, экологик назоратнинг асосий принциплари сифатида холислик, мустақиллик, ошкоралик, шахс, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, экологик назоратнинг жамоатчи инспектори, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари каби масалалар батафсил тартибга солинган.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунининг қабул қилиниши жамоат экологик назорати институтининг самарадорлигини оширишга, фуқаролик жамияти институтлари, хусусан нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқароларга экологияга тааллуқли масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишда кенг иштирок этиш ҳуқуқини қонун даражасида мустаҳкамлашга, кенг жамоатчиликнинг экологик масалаларни ҳал этишдаги иштирокининг шакл ва усулларини такомиллаштиришга, экологик қонунчиликни янада демократлаштиришга хизмат қилди.
Хулоса қилиб айтганда, фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга ошириладиган жамоат экологик назоратининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш атроф табиий муҳитни муҳофаза килиш, уни соғломлаштириш, фуқароларнинг қулай атроф табиий муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш бўйича давлат билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасида самарали ҳамкорликни ўрнатишга хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |