Тадқиқот мавзуси бўйича адабиётлар таҳлили:
Оролбўйининг табиий-географик хусусиятлари узоқ муддат давомида кўплаб олимлар (Берг, 1913; Аболин, 1929; Четиркин, 1943; Мурзаев, 1953; Макеев, 1956; Федорович, 1963; Бабушкин ва Когай 1964) [28] томонидан ўрганилган. Ўрганишлар турли хил тамойил асосида олиб борилган. Маълумки, табиий географик ҳолат одатда уч (регионал, зонал ва аралаш) хил тамойил асосида амалга оширилади.
Биринчи марта оролбўйи ҳудуди Ўрта Осиёнинг таркибий қисми сифатида Л.С.Берг [29] зонал тамойил бўйича ўрганилган ва бу ҳудудда ландшафт зоналарни ажратиб берган. Булар: тоғли, чала чўл ва чўл ландшафт ҳудудлар ҳисобланади. У Ўрта Осиё чўлларининг типологик таснифини ўрганган ҳолда чўлларнинг гилли, қумли, шўрхок ва тошлоқ 4 турларини – ажратган.
Р.И.Аболин [30] Ўрта Осиё ҳудудини районлаштириб, ёз ойларининг ҳарорат кўрсаткичлари асосида энг иссиқ, иссиқ, энг илиқ, илиқ, илиқ-мўътадил, совуқмўътадил, совуқ ва энг совуқ минтақаларни (8 та минтақа) ажратган. У ёғин-сочин миқдорини, айниқса унинг фасллар бўйлаб ўзгариши асосида жами 6 та - Туркистон, Орол, Чу, Балхаш, Марказий Тяншан ва Помир округларини ажратиб берган. Орол округи Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудудларини ўз ичига олган. Муаллиф округда унинг айрим ички табиий тафовутлари асосида учта - Устюрт, Чимбой ва Казалинск табиий географик районларини ажратади.
Э.М.Мурзаев [31] Ўрта Осиёни маъмурий чегаралашга уринган ва бунда у геоморфологик омиллар асосида ҳудудни текисликлар ва тоғлар округига фарқлайди. Яъни ҳудудни иқлимий ва тупроқ – ботаник омилларга қараб шимолий ва жанубий кичик зоналарни ажратади. Зоналарни, округлар ва областларга (текисликда 10 та ва тоғларда 6 та), ўз навбатида уларни географик районларга (51 та) бўлади. Э.М.Мурзаевнинг районлаштириш харитасига асосан, Орол ва Оролбўйи шимолий кичик зонага, текисликлар округи таркибига кириб, унинг ичига Устюрт, Қизилқум ва Амударё дельтаси каби областлар киради.
П.С.Макеев [32] районлаштиришни табиат зоналари (кенглик ва баландлик) ва улардаги ландшафтлар асосида ўтказишни тавсия этади. Мазкур тадқиқотчи ҳам Э.М.Мурзаев каби Ўрта Осиё ҳудудини йирик икки қисмга ажратган: текислик ва тоғлик. Улардан биринчисига, мўътадил кенгликдаги чўл зонаси кириб учта – шимолий, ўрта ва жанубий кичкин ҳудудларга бўлинади. Бу кичик ҳудудлар ўз навбатида 26 областга, улар эса ўз навбатида районларга бўлинади. Чўл-кенглик зонасидаги табиат зоналарининг вертикал системаларни бирлаштирувчи тоғли қисм 11 асосий минтақага бўлинган
ва улар баъзи жойларда баландлик зоналар тизими, бошқа жойларда област ёки провинциялар деб аталган.
Қозоғистон ҳудудини районлаштириш Н.Г.Рибин (1948), Л.Н.Соболев (1950), Б.А.Федорович (1963, 1969), Н.А.Гвоздецкий (1970), томонларидан олиб борилган.
Н.Г.Рибиннинг фикрича (1948) Қозоғистон ҳудудини табиий районларга ажратиш ландшафт-географик ҳудудий тамойили асосида амалга оширилиши керак. Шу тамойил асосида у Қозоғистон ҳудудини дашт, чала чўл ва чўл учта каби учта зонага бўлган.
Муаллиф зоначаларни ландшафт типлари доирасида табиий географик районларга ажратган. Аммо кейинчалик ландшафт тамойилидан воз кечилиб морфологик тамойилдан фойдаланилган ва Қозоғистон ҳудуди бешта қисмга бўлинган: Жанубий, Ғарбий, Шимолий, Шарқий ва Марказий. Бу қисмларнинг ичида морфологик областлар, уларнинг ичида табиий географик районлар, районлар ичида эса ландшафт типлари фарқланади.
Л.Н.Соболев (1950) ҳам бошқа олимлар сингари Қозоғистон доирасида учта зонани ажратади. Булар: дашт, чала чўл ва чўл зоналар. Бу зоналар кичик зоналарга, кейин ландшафт типларини бўлинади. Унинг таксономик бирликлар схемаси зона-зонача-ландшафт типлари-округ-районлардан иборат. Мазкур олимнинг ишларида Оролбўйи Орол-Каспий шимолий гилли чўли, Сирдарёолди жанубий қумли ва гилли чўли каби округларда жойлашган.
Б.А.Федорович (1963) географик табиий районлаштиришда Ўрта Осиё ва Қозоғистон ҳудудини бир бутун ҳолда олган. Ушбу муаллиф ҳам районлаштиришда иқлимий омилнинг таъсиридан келиб чиқиб, иккита зонани, яъни чўл (мўътадил ва субтропик зона) ҳамда баландлик минтақаларини ажратган. Унинг районлаштиришда фойдаланилган таксономик бирликлар схемаси: зона-кичик зона провинция-кичик провинция-округ-област-жой типлари кўринишида бўлган. Районлаштиришнинг бу тажрибасида зонал ва регионал белгиларни умумлаштирган ягона генетик бирликлар юқори таксономик даражада қисмларга бўлинган. Оролбўйи ҳудудлари бу муаллиф томонидан Қозоғистон кичик провинциясининг Тўрғай ва Оролбўйи округига киритилган.
Районлаштириш бўйича аввал бажарилган ишларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида Л.Н.Бабушкин ва Н.А.Когай [33] ҳудуднинг янги схемасини ишлаб чиқишган. Ушбу схема ҳам табиий географик омилга асосланган. Муаллфлар томонидан Ўрта Осиё Евросиё материгидаги бетакрор, ўзига хос, табиий географик яхлит ўлка сифатида ўрганилган. Уарнинг тадқиқотларида Орол бўйи ҳудудлари Марказий Осиё табиий географик комплексларининг ҳудудий ёнма-ён, туташ бўлаги сифатида ўрганилган.
Мазкур муаллифларнинг ишларида Оролбўйи Турон ва Марказий Қозоғистон провинцияларига кирган.
Ўрта Осиё ва Ўзбекистонда бажарилган кейинги табиий географик районлаштиришларнинг аксарияти Л.Н.Бабушкин ва Н.А.Когайнинг районлаштириш схемаларига асосланган ҳолда амалга оширилган. Шунингдек, М.Қориев (1968), П.Баратов (1996), П.Баратов (2002), И.А.Ҳасанов, П.Н.Ғуломов (2002, 2007), Ш.С.Зокиров, Р.А.Ибрагимова (2015) ва бошқалар [34].
Do'stlaringiz bilan baham: |