ДЮРКГЕЙМ Эмиль (1858 – 1917) – француз социологи ва файласуфи . Француз социология мактабининг асосчиси. Францияда социологиянинг оёққа туриши Д.Э. номи билан боғлиқ. У О.Контнинг позитивистик анъаналарини давом эттирди, табиий фанлар намуналаридан фойдаланиб, назарий тузилмаларнинг эмпирик асосланганлиги ва аниқлигига эътибор қаратдилар. Социологиянинг мустақил фан сифатидаги умумий шартлар, деганда Д.Э. алоҳида предмет ва унга мос методологиянинг мавжудлигини тушунган. Бундай предмет алоҳида бўлиб, у билан ҳозиргача биронта фан мустақил шуғулланмаган. Бундай борлиқнинг асосини иқтисодий, психологик, жисмоний ва бошқа далилларга боғланмаган ижтимоий далиллар ташкил этади ва улар бир қанча мустақил хусусиятларга эга. Уларнинг энг муҳим белгилари – индивидга объектив таъсир кўрсата олиш қобилияти, уни мажбурловчи куч. Индивиднинг жамиятдаги ҳатти–ҳаракати асосан индивидуал сабаблар ва омиллар билан эмас, балки уни у ёки бу ҳатти–ҳаракатга йўналтирувчи ижтимоий далилларнинг мажмуаси билан белгиланади. Ижтимоий далиллар жамиятнинг "моддий субстратини" ташкил этувчи (аҳоли зичлиги, аҳоли жойлашуви табиати каби) морфологик далиллар ва маънавий, номоддий далиллар ("жамоавий тасаввурлар", жамоавий ёки умумий онг)га бўлинади.
Д.Э. асосан жамоавий онг, унинг турли шакллари (дин, аҳлоқ, ҳуқуқ)нинг аҳамиятини ўрганган. Д.Э. қарашлари системаининг назарий–услубий асосини социологизм (социологик реализмнинг кўринишларидан бири) ташкил этади. У ижтимоий мавжудликнинг ўзига хослиги ва автономлигини (алоҳидалигини) таъкидлайди. Д.Э. жамиятга индивиддан жисмоний ва ахлоқий устун бўлган хусусиятларни қиёслайди. У барча ижтимоий фанлар учун социологик услубни қўллаш кераклигини уқтиради. Ижтимоий далилларга "нарсалар" сифатида қараб, улардан табиий ("позитив") фанлар қоидаларига амал қилишни талаб этади. Д.Э. бутун концепцияси давомида ижтимоий бирдамлик ғоясини асослашга уринган. У жамиятдаги механик ва органик бирдамликни ягона эволюцион занжирнинг ҳалқалари деб изоҳлаган. Механик бирдамлик қадимий жамиятда устун бўлган ва у индивидларнинг ривожланмаганлиги ҳамда уларнинг ижтимоий функциялари ўхшашлигига асосланган. Органик бирдамлик эса замонавий жамиятга хос ва у меҳнат тақсимотига асосланган.
Инсон фаолияти маҳсулотларининг айирбошланиши жамият аъзоларининг бир–бирига боғлиқлигини талаб этади. Лекин уларнинг ҳар бири алоҳида олганда мукаммал бўлмаганлиги учун меҳнат ва ижтимоий тақсимотининг вазифаси – индивидларни жипслаштириш, ижтимоий организмнинг бирлигини таъминлашдан иборатдир. Д.Э. бирдамликка олий умумий қадрият сифатида қараган. Шунинг учун меҳнат тақсимоти ахлоқий асосга эгадир. Меҳнат ва капитал антагонизми, капиталистик жамиятнинг ахлоқий ва иқтисодий инқирозларини Д.Э. меъёрдан (зарур меъёрдан) оғиб кетиш, жамиятнинг асосий синфлари ўртасидаги муносабатларнинг етарли даражада йўлга солинмаганлиги натижаси деб билган. Замонавий жамиятда зарур ижтимоий алоқа, синфлар ўртасидаги бирдамлик мурватларини тузиш ғоясини асослашга уринган. Улар ёрдамида жамиятда зиддиятли муносабатларни юмшатиш, ижтимоий оғишларнинг олдини олиш мумкин. Ижтимоий интеграцияда ҳал қилувчи ўрин идеаллар ва эътиқодга (жамоавий тасаввурларга) боғлиқ. Бунда Д.Э. дин ва ахлоқнинг асосий кўринишларини назарда тутган. Умуман Д.Э. Францияда ижтимоий фанлар ривожига сезиларли таъсир кўрсатди. Ҳозирги пайтда у Ғарб социологиясининг тан олинган классик вакили ҳисобланади. Унинг концепциялари Ғарб социологияси хусусан азалий тузилмавий функционализм пойдеворининг шаклланишида асос бўлиб хизмат қилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |