МАЪРИФАТПАРВАРЛИК – капиталистик муносабатлар шаклланиши даврида, маданий–мафкуравий ва фалсафий оқимларнинг вужудга келиши билан боғлиқ, юзага келган, қонуний босқич.
М. миллий хусусиятлардан қатъий назар қуйидаги умумийликка эга: демократизм, яъни кенг оммани маданият ва билим манбаларидан фойдаланиш учун шароит яратиб бериш, инсон тафаккурининг чексиз имкониятларига ишониш. М. тушунчаси биринчи бор, Францияда шаклланиб, XVIII асрнинг бошларида ривож топа бошлади. Француз жамиятида М. Вольтер, Ш.Л.Монтескье, Ж.Милье билан боғлиқдир.
М. моҳиятан миллийдир, чунки унинг шаклланиши миллатнинг равнақи билан боғлиқ. М. миллийликдан ташқарида бўла олмайди. Ижтимоий тараққиётнинг турли босичларида, француз, инг., булғор, рус, татар, ҳинд, турк, ўзбек ва б. м. оқимлари вужудга келиб, уларнинг мазмуни, умуман, м.ка хос бўлган ягона қонуний хусусиятларга эга бўлган ғоя билан суғорилган ва айни пайтда, ўзининг ижтимоий–сиёсий, миллий–руҳий жиҳатларига кўра, бир–биридан фарқланади.
М. турли тарихий шароит, тарихий муҳитда шаклланиши, ҳудудий ва аниқ тарихий омиллар таъсирида, маълум даражада ўзгариши мумкин.
М. ғояси нафақат миллий, балки ўзининг ҳудудий жиҳатларига кўра ҳам фарқланади. Бу, ўз навбатида, Узоқ, Яқин, Ўрта Шарқ маърифатпарварлиги, шунингдек, америкача, Европача ва ҳ.к. м.нинг шаклланганлигидан далолат беради. Ҳар бир минтақанинг м. ғояси ўзининг алоҳида хусусиятларига эга бўлади. Бироқ, минтақавий м. ҳаракати ижтимоий–итисодий тараққиёт даражасига, турли маънавий қадриятларга, Европа давлатларига қарамлиги даражасига, мавжуд диний система хусусиятига (ислом, буддизм, индуизм) араб, сезиларли фарқ қилади. Бинобарин, улар ҳар бир миллат маърифатпарварлиги заминида шаклланди.
Шарқ маърифатпарварлигининг хусусияти – ислоҳотлар, гуманизм, миллий ўз–ўзини англаш, диний ақидапарастликка қарши кураш, тарбия, таълим ва ҳ.к.ларни ўз ичига қамраб олганлигидир. Бу белгилар ўз навбатида, м.нинг бошқа турли шаклларининг ривожланишига ҳам асос бўлиб, уларнинг ривожи, маълум мамлакатнинг ижтимоий–тарихий тараққиёти хусусиятлари билан боғлиқ равишда, маълум чегарада таркиб топган. Бу ўринда, «европоцентризм маърифатпарварлиги» ғоясига, бирмунча, танқидий ёндашмоқ лозим (Дильтей, Касидери ва ҳ.к.).
М. маданий–тарихий тараққиёт жараёнидаги алоҳида муҳим босқич бўлиб, у мураккаб ва серқирра ҳодисадир. Чунки, у ижтимоий тараққиётда, ўтиш даврига тўғри келиб, бир–бирига ўзаро, турли йўналишда таъсир қилувчи, ижтимоий ва психологик тамойиллар билан боғлиқдир.
Айнан боғловчилик, яъни анъанавий эски ва янги маданиятлар ўртасидаги, вазифаси маърифатпарварлик ғоясининг шаклланиши ва ривожланишининг асосий сабаби бўла олади. Бу ҳодисанинг «тўқнашувчанлик» хусусияти юқорида зикр этилган икки ёқлама маданий ўзаро таъсир тушунчаси моҳиятини янада чуқурлаштириш ва уни уйғунликда намоён бўлишини таъминлаш билан боғлиқ.
Айнан феодализм ва куртак отаётган капитализм ўртасидаги кескин зиддият буржуа жамиятининг ички антагонистик м. ғояси қолоқлик пешволарининг, эзилган ижтимоий куч вакили сифатида, намоён бўлишига ва уларни ижтимоий ҳимоя қилишга шароит яратади, замин тайёрлайди.
Ўрта Осиёда м. қонуний, ижтимоий–тарихий жараёндир ва айни пайтда, серқирра ижтимоий–сиёсий хусусиятларга ва алоҳида аҳамиятга эга.
Ўтган асрнинг 70–80 йилларида, Ўрта Осиёда, пайдо бўлган маърифатпарварлик Европа маърифатпарварлигидан нафақат табиати, шакли, ҳаракатнинг тарихий тақдирига кўра, балки янги давр маданиятига ва умуман, ижтимоий тараққиётга таъсири билан фарқ қилади. Агар Европа маърифатпарварлари буржуа инқилобига мафкуравий замин яратган бўлса (мас., Франция инқилоби ва кейинроқ Англия воқеалари), Ўрта Осиё маърифатпарварлари бундай мақсад ва вазифаларни мутлақо режалаштирмаганлар, улар фаолиятининг асосини туб ислоҳотлар ташкил қилиб, очиқ маданиятни тарғиб қилганлар, яъни, бунда, тарихий мерос, ворисийликка асосланиб, фойдаланиш, бошқа халқларнинг, айниқса, Европа мамлакатлари ютуқларига таянишни тарғиб қилган. Бунинг учун эса, энг аввало, хорижий тилларни ўзлаштириш, ўрганиш (Беҳбудий) учун ёшларни бошқа мамлакатларга йўллаш, кейин эса уларнинг билим малакаларидан, ислоҳотлар жараёнида, фойдаланишни мақсад қилиб қўйган.
Ўрта Осиё м. ғоясининг хусусияти шундаки, мафкура бу ерда бир нечта йўналишга эга бўлган. М.нинг асосий йўналишлари: либерал–демократик (Аҳмад Дониш, Муқимий, Фурқат ва ҳ.к.) инқилобий–демократик (Завқий, Ҳамза, С.Айний ва ҳ.к.), либерал–буржуа (Беҳбудий, Авлоний, Фитрат ва ҳ.к.).
Do'stlaringiz bilan baham: |