КАМТАРЛИК – шахснинг атрофидагиларга ва ўз–ўзига муносабатини ифодаловчи, унинг ўзига нисбатан ортиқча иззат–икром, эътибор талаб қилмаслигида, мақтанишни истамайдиган, ўзини бошқалардан паст оладиган, мағрурланмайдиган, содда камсуқумликда намоён бўладиган, ахлоқий хислат, фазилат.
Камтар одам бошқаларга иззат–эъзоз билан қарайди, ўзининг муваффақият ёки борлигидан мақтанмасдан, ўзига маҳлиё бўлиб кетмасдан, ўз фаолияти, ҳаёти, хатти–ҳаракати ва хулқ–одобига доимо танқидий кўз билан қарайди.
Камтар одам, доимо, камолотга, яъни илму–билим олиш, малакасини ошириш, ижтимоий ҳаётнинг ижобий жиҳатларини ўзлаштиришга интилиб яшайди.
Халқимиз ҳамиша камтарлик камсуқумликни ардоқлаб, манманлик, кеккайишни қоралаб келган. «Камтарга – камол, манманга – завол», деган мақол бунинг ёрқин ифодасидир. Ижтимоий ва шахсий ҳаётда камтарлик шарқона хулқ–одобимизнинг, турмуш тарзимизнинг энг муҳим талабларидан биридир.
Ҳадиси шарифда ҳам «Кимки тангри наздида ўзини камтар тутса, унинг мартабаси ва обрўсини зиёда қилур», –дей.ган.
Инсон ўз манфаати ёки ютуғини эмас, бошқалар меҳнати, мувафаққиятини қадрласа, манманлик, мақтанишдан йироқ бўлиб, ўзгаларни камситмай, чуқур ҳурмат қилса, кишилар кўнглида унинг муомаласи, одобу икром билан хушнудлик ва шодлик туйғусини уйғотса, бундай инсонни олижаноб, камтарин одам дейиш мумкин. Камтар одам ҳайриҳоҳ, меҳрибон, хушфъел бўлади. Бадгумонлик, манманлик, ҳасад ва димоғдорлик унга ётдир. Камтар одам ўз хатти–ҳаракати, хулқ–одобини замон талабига мос ахлоқий қоидалар, нуқтаи назардан баҳолайди ва уни назорат қилиб боради. Бундай киши жамият, миллат, оила ва кишилар олдидаги обрў ва масъулиятини чуқур ҳис қилади ва шуларга амал қилиб яшайди. Камтарликнинг япроғи – ахлоқ, илдизи – ички дунё, меваси – яхши фазилатдир. Ўзбекистон Президенти И.А.Каримов айтганларидек, ҳар қандай вазиятда ҳам инсоннинг оёғи ердан узилмаслиги лозим.
КАМЮ АЛЬБЕРТ (1913–1960) – француз ёзувчиси ва файласуфи, атеистик экзистенциализмнинг вакили, Нобел мукофотининг соҳиби (1957). К.нинг қарашлари Кьеркегор, Ницше, Достоевский ҳамда немис экзистенциалист файласуфлари таъсири остида шаклланди. К. фалсафасининг марказий мавзуи – инсон яшашининг маъноси ҳақидаги, "ҳаёт яшашга арзийдими", - деган масаладан иборат. К. жамиятнинг бюрократча тузилишига киритилган замонавий индивидни қараб чиқаркан, яшаш маъноси хусусида ҳар қандай ўй–хаёлдан маҳрум қилинган зиёлининг маънавий ҳаёти зиддиятларини таҳлил қиларкан, инсоннинг яшаши беҳуда, деган хулосага келади ва "беҳудалик" категориясини ўз фалсафасининг бош тамойили қилиб қўяди.
Инсон ҳаётининг бемаънолиги К.да Сизифнинг афсонавий образини гавдалантиради: маккорлиги учун жазога тортилган Сизиф катта тошни думалатиб тоққа чиқаради ва тоғ чўққисига чиқай деганда, тош яна юмалаб пастга тушади ҳамда Сизифнинг бу иши тўхтовсиз такрорланаверади. Инсон бундай бемаъниликка чидай олмасдан "исён кўтаради"; ана шундан бошлаб, вақт–вақти билан "исёнлар", инқилоблар кўтарилиб, улардан инсон ўзининг "сизифча аҳволи"дан қутилиш учун стихияли равишда нажот излайди. К. "уюштирилган", "тайёрланган" инқилобни ўз тушунчасига зид деб ҳисоблайди, шунингдек, инқилоб унинг ўзини вужудга келтирган вазиятдан, ҳақиқатан, қутилиш йўлини кўрсатиши мумкин, деган ҳар қандай умидни пучга чиқаради. К.нинг руҳий кайфияти – "беҳуда" дунёда нажотсиз ёлғизликда қолган, замонавий жамиятнинг шафқатсизлигини ўзича ифодалаган инсон кайфиятидир. Асосий асарлари: "Сизиф ҳақида афсона" (1942), "Чекка киши" (1942), "Исёнчи" (1951).
Do'stlaringiz bilan baham: |