ИНТЕНЦИЯ – (лот. Intentio – интилиш)–онгни, тафаккурни бирон–бир предметга, объектга йўналтирилганлигидир. Интенция тушунчаси ўрта аср схоластикасида, Брентано, Гуссерл, неотомизм фалсафасида қўлланилган.
ИНТЕРИОРИЗАЦИЯ – (лот. Interior – ички) – ташқи ижтимоий воқеликни ўзида ўзлаштириш орқали инсон психологияси ички тузилишининг шаклланиши. И. француз психологлари – Пьер Жоне, Пиаж, Анри Валлон томонидан фанга киритилган бўлиб, психоанализда индивидлар муносабати, тузилмасини инсон психикасига ўтишини ва онгсизликни (индивидуал ёки жамоа), уларнинг қайсиси, ўз навбатида, онгнинг ички режасини ташкил қилишини билдиради. Виготскийнинг фикрича, и. – индивид томонидан унинг инсоний қадриятларни ўзлаштириши натижасида ўзида асл инсон психикани шакллантиришдир.
ИНТЕРНЕТ - жаҳон ахборот системаси ёки бир-бири билан узлуксиз боғланган тармоқлар бирлашмасидир. Мазкур тармоққа уланган ҳар қандай компьютер бошқа компьютер билан бир лаҳзада боғланиши мумкин. Мазкур жаҳон ахборот системаси ўзига хос кибернетик муҳитни, идеал борлиқни, ўз тушунчалари, қадриятлари, фикрлаш тарзи ва тилига эга кибернетик маданиятни вужудга келтиради.
Интернет системаи ХХ асрнинг 60-йиллари охирида АҚШда Пентагон ядро қуроллари билан бериладиган зарбани қайтаришга мўлжалланган барқарор компьютер тармоқларини яратиш мақсадида ишлаб чиққан тадқиқотлар дастури негизида вужудга келди. АҚШ мудофаа вазирлиги техник ходимларининг хаёлида пайдо бўлган дадил схема Интернетни барпо этди. Унга ҳаракатчанлиги ва ҳудудни яхши билганлиги ҳисобига душманга қарши туриш мақсадида кенг майдонда партизанлар кучларининг тарқалиши билан боғлиқ маоистлар тактикаси асос бўлиб хизмат қилди. Бунинг натижасида тўрсимон архитектура пайдо бўлади. Бу архитектура, унинг бунёдкорлари фикрига кўра, қандай бўлмасин марказдан назорат қилина олмаслиги ва электрон тўсиқларни айланиб ўтувчи ҳисобсиз алоқа йўлларига эга минглаб мустақил (автоном) компьютер тўрларидан иборат.
АҚШ мудофаа вазирлиги тармоғини турли радио ва йўлдош тармоқлари билан бирлаштиришга уринишлар натижасида истиқболли тадқиқотлар бошқармаси тармоғи ташкил топди. Бу ҳарбий тадқиқотлар учун мўлжалланган экспериментал тармоқ эди. Мазкур тармоқда ишлашга қўй.ган олимлар, ўқитувчилар ва б. мутахассислар унинг афзалликларини жуда тез ҳис қилдилар. Натижада тармоқ хизматларига талаб кучайди ва АҚШда узлуксиз ишлайдиган тармоқ (ҳозирги интернетнинг илк кўриниши) ташкил этилди.
1970 йилларда янги коммуникация тармоғи Шим. Америка бўйлаб кенг тарқалди, сўнгра ундан ташқарида, энг аввало Ғарбий Европа, Исроил, Австралия, Янги Зеландия ва Японияни қамраб олди. 1980 йилларнинг ўрталарида интернетга жамоатчилик ва тижорат тармоқлари ҳам улангач, тармоқ кун сайин эмас, балки соат сайин ўса бошлади. Соф техник нуқтаи назардан глобал тармоқ бир-бирига симлар, телефон тармоқлари, кабеллар ва йўлдошли алоқа воситалари билан уланган Интернет компьютер бўғинларидан ташкил топади. Шу боис, у кўпинча жаҳон электрон почтаси деб аталади. 1993 йилнинг ўрталарида Интернетга мультимедиа уланди ва бу фойдаланувчиларга тармоқ бўйлаб тасвир ва овоз ёрдамида “сайр” қилиш имконини берди. Интернет оддий электрон ахборот узатиш воситасидан кибернетик майдонга, коммуникациялар, ахборот ва ўйинлар оламига айланди.
Ҳозирги кунда интернет бутун дунёни қамраб олган, жаҳоннинг 150 дан ортиқ мамлакатида 150 миллионга яқин абонентга эга бўлган глобал компьютер тармоғидир. Тармоқ ҳар ойда 7-10% га ўсиб бормоқда.
Маълумки, Интернетдан фойдаланишда макон ва вақт ҳеч қандай роль ўйнамайди, чунки турли минтақаларда жойлашган одамларнинг бир вақтда фикр алмашувига масофа тўсқинлик қилмайди. Интернет виртуал ҳамжамият яратиб, унда нафақат жуғрофий узоқлиги, ҳатто ҳар хил маданиятлар орасидаги фарқ ҳам тугатилади. Биз керакли мавзуни бутун дунё вакиллари билан бемалол муҳокама қилиш имкониятига эга бўламиз.
Интернет кўпинча виртуал макон ҳисобланиб, унда маълум қоидаларни ўрнатадиган ҳеч қандай раҳбарият йўқ. Аммо Интернет бир қанча мустақил тармоқлардан тузилган ҳамда бу тармоқларнинг шахсий эгалари ўз системаларидан қандай мақсадларда фойдаланишни ўзлари ҳал қиладилар.
Интернет имкониятлари чексиздир. Бу ерда ҳар бир одам ўз диди ва кайфиятига қараб, ўзини қизиқтирган нарсани топиши мумкин. Глобал тармоқ ҳозир фақат ахборот манбаи эмас, балки одамлар ўзаро алоқа қиладиган ва ҳордиқ чиқарадиган ўзига хос муҳит ҳамдир. Интернет томонидан кўрсатиладиган барча хизматларни икки тоифага ажратиш мумкин: тармоқ абонентлари ўртасида ахборот алмашиш ва тармоқнинг маълумотлар базаларидан фойдаланиш.
Интернет ҳозирги ижтимоий тараққиётнинг муҳим объектив қонунияти - кишилик жамияти глобаллашувининг қудратли техник-технологик воситасидир. Барча замонавий ахборот техникаси ва технологияси ютуқлари ҳозир сайёрамизни ягона ахборот жамиятига бирлаштиришга хизмат қилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |