Ўзбекистон республикаси алоҚа ва ахборотлаштириш агентлиги Тошкент ахборот технологиялари университети
"Компьютер тизимлари" кафедраси
Олий таълимнинг
5521900 – Информатика ва ахборот технологияси,
5523500 - Ахборот хавфсизлиги, 5140900 - Касб таълими (Информатика ва ахборот технологияси), 5811300 - Сервис (электрон ва компьютер техникаси)
бакалавриатура йўналишлари бўйича таҳсил оладиган талабалар учун "Схемотехника" фанидан маърузалар тЎплами
Тошкент – 2009 Муқаддима
Ушбу "Схемотехника" фанидан маърузалар матни "Ахборот технологиялари" факультетидаги барча бакалавриатура йўналишлари ўқув режаларининг 3 блок фанлари сирасига киради. Ўқув режасига биноан 34 соат маъруза ўқиш, 16 соатлик амалий машғулотлар ва 16 соатлик лаборатория ишларини бажариш кўзда тутилган.
Тўпламда компьютер ва компьютер тизимлари схемотехникаси ривожининг тарихи, яримўтказичлар, турли яримўтказгич тузилмалари асосида қурилган мантиқий элементлар схемотехникаси, компьютер базавий узелларининг схемотехникаси ва ишлаш принциплари, хотирловчи қурилмаларнинг замонавий тузилмалари, рақам-аналог ва аналог-рақам ўтгартгичлар схемотехникаси, микропроцессор ва микроконтроллер қурилмалари баён этилган.
Тузувчилар: т.ф.д., проф. С.К. Ғаниев,
т.ф.н., доц. Т.А. Қўчқоров,
катта ўқит. Х.Н. Ғуломова.
"Схемотехника" фанидан тузилган маърузалар матнини "Компьютер тизимлари" кафедраси жамоаси ўрганиб чиқиб, унинг ушбу фан дастури асосида тузилганлигини тасдиқлайди ва чоп этишга тавсия этади.
10-сон қайднома, 25 феврал 2009 йил.
1-маъруза Кириш. Схемотехника таърифи, фаннинг бакалавр
тайёрлаш тизимидаги мақсади ва вазифалари.
Компьютер ва компьютер тизимларининг схемотехник
асоси ривожининг қисқача тарихи
Режа:
1. Фаннинг вазифаси ва мазмуни.
2. Компьютер схемотехникаси асоси ривожининг қисқача тарихи.
3. Компьютер элементларининг туркумланиши.
4. Ахборотни физик сигналлар орқали ифодаланиши.
Таянч иборалар: компьютер, қурилма, элементлар, узел, электрорадиокомпонентлар, компьютер тизими (КТ), компьютернинг элемент асослари, компьютер авлодлари, интеграл схема (ИС), катта интеграл схема (БИС), ўта катта интеграл схемалар (СБИС), потенциал, импульс, параллел код, кетма-кет код.
1. Замонавий компьютерлар ва компьютер тизимлари ва тармоқлари "Схемотехника" фанида ўрганиладиган намунавий электрон схемаларда қурилади.
"Схемотехника" фанининг вазифаси замонавий компьютер, компьютер тизимлари ва тармоқларининг схемотехник асосини ўрганишдан иборат.
Фаннинг ўрганиш натижасида талабалар:
замонавий компьютер, компьютер тизимлари ва тармоқлари асосини ташкил этувчи интеграл схемалар мажмуаларини, характеристикаларини ва функционал вазифаларини билишлари;
интеграл схемалар асосида комбинацион ва тадрижий (хотирали) схемаларни қура олишлари;
катта интеграл схемалар асосида қурилмаларни қуришнинг асосий усулларини билишлари;
интеграл схемалар асосида яратилган қурилма параметрларини ўлчаш, уларни созлаш ва синаш кўникмаларига эга бўлишлари шарт.
Маълумки, ҳар қандай компьютер ва компьютер тизими ахборотни қабул қилувчи, вақтинча сақловчи, ахборотга ишлов берувчи ва истеъмолчига тақдим этувчи қурилмалардан (процессор, хотира, киритиш-чиқариш қурилмалари) иборат.
Қурилмалар намунавий узеллар (регистрлар, санагичлар, жамлагичлар, дешифраторлар ва ҳ.) асосида қурилади.
Намунавий узеллар эса элементлар (мантиқий ва тадрижий элементлар)дан ташкил топади.
Элементлар электрорадиокомпонентлар (резистор, конденсатор, диод, транзистор ва ҳ.) асосида қурилади ва компьютернинг элемент асосини ташкил этади (1.1-расм).
2. Ишлатиладиган элемент асосининг компонентлари бўйича, компьютер авлодларига ўхшаш компьютер схемотехникаси ривожининг тўртта асосий авлодини ажратиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |