32
2007-йилга келиб Кореяда марказий бошқарув органларининг 55 фоизида давлат
аппаратининг 96,6 фоиз ходимлари ахборотларни қайта
ишлашнинг миллий электрон
тизими - “Он-Нара” (корейсча, онлайн-мамлакат) тизимидан фойдаланишга ўтган. Бунинг
натижаси ўлароқ, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш муддати 30-44 кундан 7-
13 кунгача қисқарган.
Давлат тузилмаларида маълумотларни қайта ишлашнинг инновацион тизими -
“Он-Нара” 2007-йилдан тўлиқ ишга тушган бўлиб, унинг олдига қуйидаги мақсадлар
қўйилган:
• маълумотларни қайта ишлаш ва алмашиш доирасида барча бошқарув
жараёнларини стандартлаштириш;
• давлат органларининг марказлашмаган операцияларини бошқаришни
ягона
тизимга солиш;
• тизим иштирокчилари ўртасида ахборотларни алмашиш ва тарқатишни
таъминловчи турли жараёнларни ўзаро боғлаш ва бир-бирига интеграция қилиш.
Жанубий Кореяда ҳозирда деярли барча давлат харидлари веб-технологиялар
ёрдамида амалга оширилади - тендерларнинг 93 фоизи ва онлайн-харидларнинг 99,6
фоизи.
Давлат инстанцияларига товар ва хизматларни етказиб
беришда электрон шаклга
ўтиш натижасида ҳар йили 4,8 миллиард доллар маблағ тежалмоқда. Чунки, барча тендер
таклифлари веб-сайтдаги махсус компютер дастури воситасида кўриб чиқилади ва
баҳоланади, бу тендернинг қанчалик очиқ ва шаффоф эканлигини кўрсатиб беради.
Ташқи савдода экспорт бўйича божхона декларацияларини кўриб чиқиш учун
кетадиган вақт 1 кундан 2 дақиқагача, импорт бўйича эса - 2,5 кундан 1,5 соатгача
қисқартирилган. Бу эса, йилига 2,5 миллиард доллар маблағни тежаш имконини бермоқда.
Умумий ҳисобда, Жанубий Кореяда электрон ҳукуматни жорий этиш ортидан ҳар
йили 10 миллиард доллардан ортиқ маблағ тежаб қолинмоқда.
2008-йилдан учинчи босқич бошланган. Бу босқичда асосий эътибор барча мавжуд
тизимлар ва турли даражадаги электрон ҳукуматлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш
ва уларни бир-бирига интеграциясини таъминлашга қаратилган. Бу фуқароларга ва
компанияларга комплекс давлат хизматларини тақдим қилиш имконини беради.
Ушбу босқичда Корея Республикаси бошқа давлатларга (жумладан, Эквадор,
Индонезия, Бангладеш,
Шри-Ланка, Мали) электрон ҳукуматни шакллантириш учун
технологик ечимларни етказиб бериш бўйича шартнома ҳам тузган. Бунгача, 2004-йилдан
бошлаб Жанубий Кореяда электрон ҳукумат учун ишлаб чиқилган
технологияларни
импорт қилувчи асосий давлат Япония бўлган.
Жанубий Корея ҳукумати турли соҳаларда ахборот технологияларни қўллаш
борасида илғор давлатлар қаторига киради. Мамлакатда, бир сўз билан айтганда, божхона
ишидан тортиб то интеллектуал мулк масалаларигача автоматлаштирилган тизимга ўтган.
Шунинг учун ҳам у ҳозирда дунёда электрон ҳукуматнинг ривожланиш даражаси бўйича
биринчи ўринда туради.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2002-йилдан бери дунёдаги 192 та давлат учун
электрон ҳукумат ривожланиши индекси (инглизча “e-Government Development Index”) ва
электрон иштирок индексини (инглизча “e-partisipation index”) ҳисоблаб, бу бўйича
йиллик рейтингни эълон қилади. Бунда биринчи индекс
мамлакатдаги миллий онлайн-
сервисларнинг мавжудлигини баҳоласа, иккинчиси эса ўша сервислардан фойдаланиш
даражасини баҳолайди. Жанубий Корея 2008-йилда ушбу рейтингда электрон ҳукумат
ривожланиши бўйича жаҳонда олтинчи, аҳоли ва
бизнес вакилларининг онлайн-
сервислардаги электрон иштироки бўйича иккинчи ўринда турган бўлса, у 2010-йилдан
бери ҳар иккала рейтингда ҳам етакчиликни ўз қўлида сақлаб келмоқда.