Мавзунинг ўрганилганлик даражаси. Ўзбек хусусий кино студиялари ва фильмлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида, газета ва журналларда ҳар хил шов-шувли мақтов ва танқидий фикрларни эшитиб қоламиз, лекин айнан фильмнинг тасвирий жихати, оператор ижодига тўхталиб ҳам ўтишмайди. Ўзбек хусусий киносида профессионал кинооператорлар фаолияти ҳамда ҳаваскор ёшлар ижоди, улар суратга олган фильмлар чуқур ва аниқ мақсадларда ўрганилмаган. Мазкур битирув малакавий ишида мамлакатимиз хусусийкиностудиялари шаклланиш даврида яратилган фильмлар, шу билан бирга, фильмнинг асосий ижодкорларидан бири бўлган операторнинг касбий маҳорати ва фильмларни тасвирга олишда замонавий техник воситалар имкониятлари асосий объект сифатида ўрганилади. Кинооператорлар ижодини аниқ таҳлил қилинган ишлар жуда оз.
Хусусан, “Санъатшунослик журналистикаси” бўлими битирувчиси Ҳолида Солиҳова томонидан ёзилган “Ўзбек операторлик санъати” (Кинооператор А.И.Исмоилов ижоди мисолида) номли бакалаврлик битирув малакавий ишида фақатгина кинооператор А.И.Исмоиловнинг ижодий фаолияти ёритилган.
2006 йилда ёзилган яна бир бу соҳадаги қилинган тадқиқот иши “Санъатшунослик журналистикаси” бўлими талабаси С.Исломовга тегишли бўлиб, у “Хусусий киностудиялар томонидан яратилган фильмлар ва уларнинг фаолияти” деб номланган. 2007 йилда эса “Санъатшунослик журналистикаси” сиртқи бўлими битирувчиси У.Сориев томонидан “Хусусий киностудиялар томонидан яратилган тижорий фильмлар” номли тадқиқот иши олиб борилган бўлиб, ҳар иккала малакавий битирув ишларида асосан фильмларнинг бадиийлик масалалари, ҳусусан, экран асарининг драматургик асоси ва улардаги ютуқ ва камчиликлар, фильм режиссураси, актёрлар масаласи таҳлил қилинган. Бу ишларнинг бирортасида операторнинг касбий кўламидан келиб чиқиб операторлик ишига мукаммал тўхталинмаган.
Шу ўринда яна бир эътибор қаратадиган жихат, шу кунгача хусусий киностудиялар ва улар томонидан суратга олинган фильмлар тўғрисида ким томонидан ва неча номдаги тадқиқотлар олиб борилган, ўрганилган бўлсада, уларнинг хеч бирида энг биринчи хусусий киностудия ва энг биринчи хусусий кинофильм ҳақида аниқ маълумотлар йўқ ёки нотўғри маълумот берилган. Мисол учун, Ф.Нодирова раҳбарлик қилган С.Исломов ва У.Сориевларнинг битирув малакавий ишларида биринчи хусусий фильм деб Миллий Телерадиокомпаниянинг "Ёшлар" телерадиоканали ижодий гурухи томонидан суратга олинган “Тоҳир ва Зуҳра” фильмини энг биринчи хусусий фильм деб маълумот берилгани, бунинг хатолик экани ва Кинооператор Х.Ҳ.Файзиевнинг 2011 йилда собиқ Ўзбекистон Давлат санъат институти Олийгоҳ профессор-ўқитувчиларининг санъат соҳасидаги масалаларни ўрганишга қаратилган илмий-тадқиқот ишлари “Йилнома”сида босилиб чиққан “Ўзбекистон мустақиллиги даврида яратилган бадиий фильмлардаги операторлик маҳорати” мақоласида “Байрам” студияси томонидан яратилган “Бумбастик” фильмини энг биринчи хусусий кино деб юритилгани ва аслида бу картина ўзбек хусусий студиялари томонидан яратилган иккинчи хусусий фильм эканлиги илмий ишимни ўрганиш натижасида аниқланди.
Ишнинг бошқа тадқиқот ишларидан фарқли томони шундаки, мазкур битирув малакавий ишимда ўзбек хусусий кино санъатида кинооператорлар фаолияти, уларнинг ўрни, шу соҳада ижодини самарали давом эттириб келаётган операторлар ҳамда улар томонидан суратга олинган фильмлар таҳлил этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |