2-§. АСОСИЙ ВОСИТАЛАРНИ ТУГАТИШ
МУНОСАБАТИ БИЛАН УЛАРНИ БАЛАНСДАН
ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ
6. Асосий воситалар қуйидаги ҳолларда уларни тугатиш муносабати билан балансдан ҳисобдан чиқарилиши мумкин:
а) белгиланган хизмат муддати тугаганидан (тўлиқ эскириш ҳисоблаб ёзилганидан) кейин;
б) жисмоний эскириш, ҳалокатлар, табиий офатлар, фойдаланишнинг рисоладаги шарт-шароитларини бузиш оқибатида яроқсиз ҳолга келганлари;
в) маънан эскирганлари**;
г) тегишли давлат органларининг қарорлари бўйича чиқиб кетадиганлари;
д) корхона ва ташкилотларнинг қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, замонавийлаштирилиши ва техник қайта жиҳозланиши муносабати билан чиқиб кетадиганлари.
Тикланиши мумкин бўлмаган ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаган асосий воситалар тугатилиши керак.
7. Асосий воситаларни тугатишни қуйидагилар амалга оширадилар:
а) бюджет ташкилотлари - юқори ташкилот билан келишган ҳолда, юқори ташкилот мавжуд бўлмаганда - қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда; (АВ 12.05.2010 й. 1401-1-сон билан рўйхатга олинган МВ Буйруғи таҳриридаги кичик банд) (Олдинги таҳририга қаранг)
б) унитар корхоналар томонидан хўжалик юритиш ҳуқуқи билан уларга тегишли бўлган кўчмас асосий воситалар - корхона мол-мулкининг мулкдори розилиги билан, қолган асосий воситалар эса - қонун ҳужжатларига асосан мустақил равишда;
в) тезкор бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат унитар корхоналари томонидан (бундан кейин давлат корхоналари) корхона муассисининг розилиги билан; (АВ 12.05.2010 й. 1401-1-сон билан рўйхатга олинган МВ Буйруғи таҳриридаги кичик банд)
г) бошқа корхона ва ташкилотлар - қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда.
8. Корхона ва ташкилотларда асосий воситаларни тугатиш муносабати билан уларни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш учун раҳбар (раҳбар ўринбосари) ёки бош муҳандис раислигида комиссия тузилади. Комиссия таркибига корхона ва ташкилотнинг тегишли мутахассислари, бухгалтерия ходимлари ва моддий жавобгар шахслари киритилиши керак. Комиссия корхона ва ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тузилади.
9. Асосий воситаларни тугатиш муносабати билан уларни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш учун тузиладиган комиссия қуйидаги ваколатларга эгадир:
а) ҳисобдан чиқариш керак бўлган асосий воситаларнинг бевосита кўригини амалга оширади, бунда зарур техник ҳужжатлар (паспорт, босқич режалари ва бошқа ҳужжатлар), шунингдек, бухгалтерия ҳисоби маълумотларидан фойдаланади;
б) уларни тиклашнинг мумкин эмаслигини ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслигини аниқлайди;
в) асосий воситаларни ҳисобдан чиқариш сабабларини (тўлиқ эскиришни ҳисоблаб ёзиш, жисмоний эскириш, реконструкция қилиш, фойдаланишнинг рисоладаги шарт-шароитлари бузилиши, табиий офатлар, фалокатлар ва ҳоказони) аниқлайди;
г) асосий воситаларнинг муддатидан олдин фойдаланишдан чиқиб кетишига айбдор бўлган шахсларни аниқлайди, ушбу шахсларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритади;
д) тугатилаётган асосий воситаларнинг айрим узеллари, деталлари, материаллари, рангли ва қимматбаҳо металларидан фойдаланиш имкониятини белгилайди ва уларни баҳолайди;
е) тугатилаётган асосий воситалардан яроқли узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металларни олиш устидан назоратни амалга оширади, уларнинг миқдори, оғирлигини белгилайди ва тегишли омборга топширилишини назорат қилади.
10. Корхона ва ташкилотларнинг қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, замонавийлаштирилиши ва техник қайта жиҳозланиши муносабати билан асосий воситалар тугатиладиган ҳолларда комиссия ҳисобдан чиқаришга тақдим этилган асосий воситаларнинг юқори ташкилот ёхуд корхона ёки ташкилот мол-мулкининг мулкдори томонидан тасдиқланган корхона ва ташкилотларнинг қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, замонавийлаштирилиши ва техник қайта жиҳозланиши режасига мувофиқлигини текшириши керак. Бундай режа бўлмаган тақдирда корхона ёки ташкилотни бошқариш органларининг қарори бўлиши керак.
Бунда комиссия асосий воситаларни тугатиш далолатномасида тасдиқланган режа ёки тегишли қарорнинг банди ва санасига ҳавола қилади.
11. Асосий воситаларни уларнинг тугатилиши сабабли ҳисобдан чиқариш тўғрисида комиссия томонидан қабул қилинган қарор натижалари мазкур Низомга 1-сон иловага асосан асосий воситаларни тугатиш тўғрисидаги далолатнома билан (АВ-4-сон шакл), шу жумладан транспорт воситалари бўйича мазкур Низомга 2-сон иловага асосан транспорт воситаларини тугатиш тўғрисидаги далолатнома (АВ-4а-сон шакл) билан расмийлаштирилади.
Асосий воситаларни тугатиш тўғрисидаги далолатнома (АВ-4-сон шакл) ва транспорт воситаларини тугатиш тўғрисидаги далолатнома (АВ-4а-сон шакл) икки нусхада тузилади, корхона, ташкилот раҳбари томонидан тайинланган комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва корхона, ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади. Биринчи нусхаси бухгалтерияга берилади, иккинчи нусхаси асосий воситалар объектларининг сақланиши учун жавобгар бўлган шахсда қолиб, ҳисобдан чиқариш натижасида қолган моддий бойликлар ёки темир-терсакни омборга топшириш ва сотиш учун асос бўлади. Транспорт воситасини ҳисобдан чиқаришда бухгалтерияга далолатнома билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати органларида ҳисобдан чиқарилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳам тақдим қилинади.
12. Асосий воситаларни тугатиш далолатномаларида тугатилаётган асосий воситаларни тавсифлайдиган қуйидаги маълумотлар кўрсатилади: асосий воситани тайёрлаш ёки барпо этиш йили, унинг корхона ёки ташкилотга келиб тушиш санаси, фойдаланишга топшириш санаси, асосий воситанинг дастлабки (қайта баҳоланганлари учун - тиклаш) қиймати, бухгалтерия ҳисоби маълумотлари бўйича фойдаланишнинг бутун муддати учун ҳисоблаб ёзилган эскириш суммаси, асосий воситани тугатиш сабаблари ва қисмларга бўлишдан олиниши мумкин бўлган яроқли узеллари, деталлари, материаллари, рангли ва қимматбаҳо металларининг борлиги ва улардан кейинчалик фойдаланиш имкониятлари.
13. Транспорт воситасини тугатишда, бундан таш-қари, транспорт воситаси бажарган ишларнинг ва кўрсатган хизматларнинг ҳажми ёки у босиб ўтган йўл кўрсатилади.
14. Фалокатлар ёки фойдаланишнинг рисоладаги шарт-шароитлари бузилган тақдирда чиқиб кетган асосий воситаларни балансдан ҳисобдан чиқаришда тугатиш далолатномасига фалокат ёки фойдаланишнинг рисоладаги шарт-шароитлари бузилганлиги тўғрисидаги далолатноманинг кўчирма нусхаси илова қилинади, шунингдек фалокат ёки фойдаланишнинг рисоладаги шарт-шароитлари бузилишига олиб келган сабаблар аниқланади ва айбдор шахсларга нисбатан кўрилган чоралар кўрсатилади.
15. Табиий офатлар оқибатида чиқиб кетган асосий воситаларни балансдан ҳисобдан чиқаришда тугатиш далолатномасига махсус ҳукумат комиссиясининг хулосаси илова қилиниши мумкин.
16. Асосий воситаларни тугатиш комиссияси томонидан тузилган асосий воситаларни тугатиш далолатномалари уларнинг балансида асосий воситалар қайд этилган корхона ёки ташкилот раҳбари томонидан:
а) бюджет ташкилотларида - тегишли юқори ташкилотлар билан, юқори ташкилот мавжуд бўлмаганда - қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда; (АВ 12.05.2010 й. 1401-1-сон билан рўйхатга олинган МВ Буйруғи таҳриридаги кичик банд) (Олдинги таҳририга қаранг)
б) унитар корхоналарда хўжалик юритиш ҳуқуқи билан уларга тегишли бўлган кўчмас асосий воситалар бўйича - корхона мол-мулкининг мулкдори билан;
в) давлат корхоналарида - корхона муассисининг билан келишгандан сўнг тасдиқланади. (АВ 12.05.2010 й. 1401-1-сон билан рўйхатга олинган МВ Буйруғи таҳриридаги кичик банд)
17. Тугатиш далолатномалари тасдиқлангунига қадар асосий воситаларни қисмларга бўлиш ва демонтаж қилишга йўл қўйилмайди.
Тугатиш жараёни якунланганидан сўнг корхона ёки ташкилот бухгалтерияси томонидан асосий воситаларни тугатиш билан боғлиқ харажатлар ва уларни тугатишдан моддий бойликларнинг келиб тушиши тўғрисида мазкур Низомга 3-сон иловага асосан маълумотнома тайёрланади.
Қисмларга бўлинган ва демонтаж қилинган асосий воситанинг бошқа асосий воситани таъмирлаш учун яроқли бўлган барча узеллари, деталлари, материаллари, рангли ва қимматбаҳо металлари улар ҳисобга олинадиган тегишли ҳисобварақларга асосий воситаларни тугатиш комиссияси томонидан белгиланадиган эҳтимолий фойдаланиш нархи бўйича кирим қилинади. Яроқсиз узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металлар иккиламчи хом ашё (темир-терсак, қийқинди ёки ўтин) сифатида кирим қилинади ҳамда корхона ёки ташкилотнинг хоҳиши бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлатилади.
18. Бюджет ташкилотлари учун тугатилган асосий воситаларни қисмларга ажратиш ва демонтаж қилишдан олинган товар-моддий бойликларни сотишдан олинган маблағлар қонун ҳужжатларига мувофиқ тақсимланади. (АВ 12.05.2010 й. 1401-1-сон билан рўйхатга олинган МВ Буйруғи таҳриридаги банд) (Олдинги таҳририга қаранг)
19. Унитар, давлат ва бошқа корхона ҳамда ташкилотлар учун узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металларни, шунингдек, асосий воситаларни қисмларга ажратиш ва демонтаж қилишдан олинган иккиламчи хом ашёни сотишдан олинган маблағлар, тугатиш билан боғлиқ харажатлар чегирилгач, улар тасарруфида қолади ва, агар қонун ҳужжатларида бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса, уларнинг хоҳишига қараб фойдаланилади.
20. Асосий воситаларни тугатишдан олинган молиявий натижа (фойда ёки зарар), мазкур объектни тугатишга доир харажатлар ва яроқли узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металлар қиймати ҳисобга олинган ҳолда, ҳисобдан чиқарилаётган асосий воситаларнинг дастлабки (тиклаш) қиймати билан жамланган эскириш ўртасидаги резерв капиталини ҳисобга олиш ҳисобварақларида ҳисобга олинадиган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаларига (сальдога), яъни аввалги қўшимча баҳоланган суммаларнинг асосий воситалар ушбу объектини аввалги арзонлаштиришлар суммасидан ошишига тузатилган фарқ сифатида аниқланади.
21. Бюджет ташкилотларида асосий воситаларни тугатиш муносабати билан уларни балансдан ҳисобдан чиқариш бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:
а) агар эскириш ҳисоблаб ёзилмаган бўлса:
250-"Асосий воситалар фонди" ёрдамчи ҳисобварағи дебети;
"Асосий воситалар" ҳисобварағининг тегишли ёрдамчи ҳисобварағи кредити;
б) эскириш тўлиқ ҳисоблаб ёзилмаганда:
250-"Асосий воситалар фонди" ёрдамчи ҳисобварағи дебети;
020-"Асосий воситаларнинг эскириши" ёрдамчи ҳисобварағи дебети;
"Асосий воситалар" ҳисобварағининг тегишли ёрдамчи ҳисобварағи кредити;
в) эскириш тўлиқ ҳисоблаб ёзилганда:
020-"Асосий воситаларнинг эскириши" ёрдамчи ҳисобварағи дебети;
"Асосий воситалар" ҳисобварағининг тегишли ёрдамчи ҳисобварағи кредити;
г) олинган узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металлар қийматини кирим қилиш:
06-"Материаллар ва озиқ-овқат маҳсулотлари" ҳисобварағининг тегишли ёрдамчи ҳисобварағи ва бошқа ёрдамчи ҳисобварақлар дебети;
230-"Ташкилот харажатлари ва бошқа тадбирлар учун бюджетдан молиялаштириш" ёрдамчи ҳисобварағи кредити (ғазначилик хизмат кўрсатишига ўтмаган бюджет ташкилотлари бўйича);
273-"Бепул олинган (берилган), инвентаризация натижасида ортиқча чиққан товар-моддий бойликлар ҳамда пул маблағларини кирим қилиш" ёрдамчи ҳисобварағи кредити (ғазначилик хизмат кўрсатишига ўтган бюджет ташкилотлари бўйича).
(АВ 12.05.2010 й. 1401-1-сон билан рўйхатга олинган МВ Буйруғи таҳриридаги банд) (Олдинги таҳририга қаранг)
22. Унитар, давлат ва бошқа корхона ҳамда ташкилотларда уларни тугатиш муносабати билан асосий воситаларни балансдан ҳисобдан чиқариш бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:
а) асосий воситаларнинг дастлабки қийматини ҳисобдан чиқаришда:
"Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши" 9210-ҳисобварағи дебети;
асосий воситаларни ҳисобга олувчи ҳисобварақ (0100) кредити;
б) асосий воситаларнинг жамланган эскиришини ҳисобдан чиқаришда:
асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобга олувчи ҳисобварақ (0200) дебети;
"Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши" 9210-ҳисобварағи кредити;
в) тугатиш бўйича харажатлар суммасига:
"Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши" 9210-ҳисобварағи дебети;
материаллар (1000), меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ходимлар билан ҳисоб-китоблар (6700), суғурта ва давлатнинг мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича қарзларни ҳисобга олувчи (6500) ва бошқа тегишли ҳисобварақлар кредити;
г) олинган узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металлар қийматини кирим қилиш:
материалаларни ҳисобга олувчи ҳисобварақ (1000) дебети;
"Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши" 9210-ҳисобварағи кредити;
д) резерв капиталини ҳисобга олиш ҳисобварақларида ҳисобга олинадиган асосий воситаларнинг ушбу объектини қайта баҳолаш натижалари (сальдо) суммасига:
"Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар" 8510-ҳисобварағи дебети; (АВ 12.05.2010 й. 1401-1-сон билан рўйхатга олинган МВ Буйруғи таҳриридаги хатбоши)
"Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши" 9210-ҳисобварағи кредити;
е) асосий воситаларни тугатишдан олинган фойда суммасига:
"Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши" 9210-ҳисобварағи дебети;
"Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан олинган фойда" 9310-ҳисобварағи кредити;
ж) асосий воситаларни тугатишдан кўрилган зарар суммасига:
"Бошқа операцион харажатлар" 9430-ҳисобварағи дебети;
"Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши" 9210-ҳисобварағи кредити.
Do'stlaringiz bilan baham: |