6-§. УСТАВ КАПИТАЛИГА УЛУШ СИФАТИДА БЕРИЛИШИ
МУНОСАБАТИ БИЛАН АСОСИЙ ВОСИТАЛАРНИ
БАЛАНСДАН ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ
36. Асосий воситалар таъсис шартномасига асосан:
а) унитар корхоналар томонидан - хўжалик юритиш ҳуқуқи билан уларга тегишли бўлган кўчмас асосий воситалар - корхона мол-мулки мулкдорининг розилиги билан, қолган асосий воситалар эса - қонун ҳужжатларига асосан мустақил равишда;
б) давлат корхоналари томонидан - корхона муассисининг розилиги билан; (АВ 12.05.2010 й. 1401-1-сон билан рўйхатга олинган МВ Буйруғи таҳриридаги кичик банд)
в) бошқа корхона ва ташкилотлар томонидан - қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда бошқа корхоналар ва ташкилотларнинг устав капиталига улуш сифатида берилади.
37. Асосий воситалар уларни улуш сифатида устав капиталига берадиган корхона ва ташкилот балансидан баланс қиймати бўйича ҳисобдан чиқарилади.
Бунда корхона ва ташкилотлар асосий воситаларни бошқа корхоналарнинг устав капиталига улуш сифатида қонун ҳужжатлари билан ўрнатилган тартибга мувофиқ баланс қийматидан фарқ қиладиган бошқа қийматда беришлари мумкин.
38. Асосий воситаларни улуш сифатида устав капиталига беришдан олинган молиявий натижа (фойда ёки зарар), қўшилган қиймат солиғи ва улуш сифатида устав капиталига бериш харажатлари ҳисобга олинган ҳолда, таъсис шартномасига ёки қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа тартибга мувофиқ баҳоланган қиймат билан берилаётган асосий воситаларнинг қолдиқ (баланс) қиймати ўртасидаги, резерв капитални ҳисобга олиш ҳисобварақларида ҳисобга олинадиган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаларига (сальдога), яъни аввалги қўшимча баҳолашлар суммаларининг асосий воситалар ушбу объектини аввалги арзонлаштиришлар суммасидан ошиб кетишига тузатилган фарқ сифатида белгиланади.
39. Унитар, давлат ва бошқа корхона ҳамда ташкилотларда улуш сифатида устав капиталига бериш муносабати билан асосий воситаларни балансдан ҳисобдан чиқариш бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:
а) асосий воситаларни устав капиталига улуш сифатида таъсис шартномасига мувофиқ ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳужжатларга асосан белгиланган қиймат бўйича бериш:
узоқ муддатли инвестицияларни ҳисобга олувчи ҳисобварақ (0600) дебети;
"Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши" 9210-ҳисобварағи кредити;
б) қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб ёзганда:
"Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши" 9210-ҳисобварағи дебети;
"Бюджетга тўловлар бўйича қарзлар (турлари бўйича)" 6410-ҳисобварағи кредити;
в) асосий воситаларнинг дастлабки қийматини ҳисобдан чиқарганда:
"Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши" 9210-ҳисобварағи дебети;
асосий воситаларни ҳисобга олиш (0100) ҳисобварағи кредити;
г) асосий воситаларнинг жамланган эскиришини ҳисобдан чиқаришда:
асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобга олувчи ҳисобварақ (0200) дебети;
"Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши" 9210-ҳисобварағи кредити;
д) асосий воситаларни улуш сифатида устав капиталига беришдаги харажатлар:
"Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши" 9210-ҳисобварағи дебети;
материаллар (1000), меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ходимлар билан ҳисоб-китоблар (6700), суғурта ва давлатнинг мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича қарзларни ҳисобга олувчи (6500) ҳисобварақлар ва бошқа тегишли ҳисобварақлар кредити;
е) резерв капитални ҳисобга олувчи ҳисобварақларда ҳисобга олинадиган асосий воситаларнинг ушбу объектини қайта баҳолаш натижалари суммасига (сальдога):
"Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар" 8510-ҳисобварағи дебети; (АВ 12.05.2010 й. 1401-1-сон билан рўйхатга олинган МВ Буйруғи таҳриридаги хатбоши)
"Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши" 9210-ҳисобварағи кредити;
ж) асосий воситаларни устав капиталига улуш сифатида беришдан олинган фойда суммасига:
"Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши" 9210-ҳисобварағи дебети;
"Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан олинган фойда" 9310-ҳисобварағи кредити;
з) асосий воситаларни устав капиталига улуш сифатида беришдан кўрилган зарар суммасига:
"Бошқа операцион харажатлар" 9430-ҳисобварағи дебети;
"Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши" 9210-ҳисобварағи кредити.
Do'stlaringiz bilan baham: |