2-§. Ақли расолик ва ақли норасолик тушунчаси
Шахс жиноятнинг субъекти бўлиши учун ижтимоий хавфли қилмиш содир этиш пайтида ақли расо бўлиши керак. Шахснинг ақли расо эканлигининг мезонлари ЎзР ЖКнинг 18-моддаси 1-қисмида кўрсатилган. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этиш вақтида ақли норасо бўлган шахслар жиноятнинг субъекти бўла олмайдилар. Уларнинг ижтимоий хавфли қилмишлари жиноят ҳисобланмайди. Бундай шахслар ижтимоий хавфли қилмиш содир қилган тақдирда, уларга нисбатан суд томонидан жиноий жазо ҳисобланмайдиган тиббий йўсиндаги мажбурий чоралар қўлланиши мумкин.
Ақли расолик — шахснинг жиноят содир этиш вақтида ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англаши ва ўз ҳаракатларини бошқара олишидир. Шахснинг ўз ижтимоий хавфли хусусиятини англаш деганда, ўз қилмишининг фактик томонлари (объектив томони) нигина эмас, балки ижтимоий моҳиятини ҳам англаши назарда тутилади. Бунда онг билан ирода инсон хулқининг руҳий функциясини белгилайди. Онг ва ирода эса, индивид яшаётган объектив ҳақиқат ҳисобланган жамиятнинг моддий ҳаёт шароити ва ижтимоий муҳит билан боғлиқдир. Аммо айтиш керакки, атроф муҳит инсон қилмишларини унинг тақдири сифатида белгилай олмайди. Ташқи муҳит таъсири ҳар доим инсон онги орқали ўтади. Инсон фикр қилувчи мавжудот сифатида муайян қарор қабул қилар экан, у ўз ҳаракатининг ҳақиқий ҳолатларини ҳамда ўз қилмишининг хусусияти ва аҳамиятини баҳолаш орқали ҳаракат қилади ва ўз мақсадига эришишнинг у ёки бу вариантини ўз эрки ва иродаси билан танлайди.
Шахснинг содир этган қилмишининг моҳияти ва мазмунини, унинг ижтимоий аҳамиятини англаши, уни қасддан ёки эҳтиётсизликдан жиноят содир этишда айблаш учун асос бўлади. Бу ўз навбатида содир қилган ижтимоий хавфли қилмиши учун давлат олдида жавоб бериш қобилиятига эга, у ҳар бир ҳаракати учун қандай мақсадга эришиш мумкинлигини олдиндан онгида шакллантириб олади ёки шакллантириб олиш қобилиятига эга бўлади.
ЎзР ЖК 18-моддасининг 2-қисмида ақли норасолик тушунчаси берилган бўлиб, ижтимоий хавфли қилмишни содир этиш вақтида ақли норасо ҳолатда бўлган, яъни сурункали руҳий касаллик, руҳий ҳолати вақтинча бузилганлиги, ақли заифлиги ёки бошқача тарздаги руҳий касаллиги сабабли ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмаган ёки ҳаракатларини бошқара олмаган шахс жавобгарликка тортилмайди.
Жиноят ҳуқуқида ақли норасолик тушунчаси очиб берилар экан, ақли норасоликни иккита мезон билан белгилайди. Булар:
1) ақли норасоликнинг тиббий (биологик) мезони;
2) ақли норасоликнинг юридик мезони.
Ақли норасоликнинг тиббий мезони психиатрия фанининг қоидаларига асосланилади. Тиббиёт фани шахснинг қандай турдаги руҳий касаллик билан касалланганлигини аниқлайди. Ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмаслик психитрия фанининг қоидалари асосида аниқланади. Шахснинг ана шундай касаллик ҳолатига тушиб қолганлигини тиббиёт фани ўрганганлиги ва бошқа бирорта фаннинг ёрдамида шахснинг ўз ҳаракатларини бошқара олмаслик ҳолатини аниқлашнинг иложи бўлмайди. Шунинг учун бундай ҳолатни тиббий мезон дейилади.Тиббий мезон орқали шахснинг қандай турдаги руҳий касаллик билан касалланганлиги аниқланади ва қонунда тўртта белги билан ифодаланади:
а) сурункали руҳий касаллик;
б) руҳий ҳолатнинг вақтинча бузилганлиги;
в) ақли заифлиги;
г) бошқа тарздаги руҳий касаллик.
Сурункали руҳий касаллик — узоқ давом этадиган даволаш ва бошқа чоралар билан тузалмай, тобора оғирлашиб борадиган руҳий касалликдир. Бундай руҳий касалликларга, масалан, шизофрения (ўз-ўзидан қўрқиш), психоз (жиннилик), параной, эпилепсия (тутқаноқ), прогрессив паралич, қариганда ақлнинг заифлашуви, таносил (сифилис) касаллигининг мияга таъсири туфайли миянинг шол (паралич) бўлиб қолганлиги ва бошқа руҳий касалликларни айтиш мумкин.
Руҳий ҳолатнинг вақтинча бузилганлиги нисбатан узоқ давом этмайдиган тезда тузалиб кетадиган руҳий касаллик. Бундай ҳолатдаги руҳий бузилишларга (алкоголли ичимлик таъсиридаги психоз ҳолати — паталогик мастлик ҳолати), патологик аффект ҳолати, яъни Ҳозирқонуний зўрлик ёки оғир ҳақорат туфайли пайдо бўлган патологик аффект ҳолати.
Ақли заифлик инсон тафаккурининг бузилганлиги туфайли руҳий фаолият фикрлаш қобилиятининг бузилганлигидир. Ақли заифлик шахснинг фикрлаш қобилиятининг жиддий пасайиб кетганлиги билан боғлиқ. Ақли заифлик шахсда туғма ёки туғилганидан кейин мия касалликлари (менингит, энцефалит, бош мия чайқалиши) нинг асорати бўлиши мумкин. Ақли заифлик доимий касаллик ҳисобланади. Ақли заифликни учта даражага бўлиш мумкин:
а)ақли заифликнинг енгил шакли (дебиллик);
б)ақли заифликнинг ўртача шакли;
в)ақлий фаолиятининг чуқур даражада бузилганлиги (жиннилик).
Бошқа тарздаги руҳий касаллик шахснинг фақат руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги туфайли келиб чиққан руҳий касаллик бўлмасдан шахс руҳий ҳолатида вақтинча бузилишлар туфайли ўз ҳаракати ва унинг оқибатларини англай олмаслик ҳолатидир. Масалан, ич терлама, тошма терлама, микроблар таъсирида миянинг жароҳати, мия шиши, гиёҳвандлик воситасига кучли эҳтиёж сезиш ва бошқа сабабларга кўра, кучли алаҳсираш каби ҳолатлардир.
Ақли норасоликнинг юридик мезони шахснинг ўз ҳаракатларининг, ҳаракатсизлигининг аҳамиятини англай олмаслиги ва ҳаракатларини бошқара олмаслик ҳолатидир. Шахснинг ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмаслиги тафаккурий ҳолат, ўз ҳаракатлари (ёки ҳаракатсизлигини) бошқара олмаслик иродавий ҳолатдир. Тафаккурий ҳолатнинг мазмуни шундан иборатки, шахс ўз қилмишининг жамият учун хавфли эканлигини англамайди.
Шахс тафаккурининг бузилганлиги унинг иродасининг ҳам бузилишига олиб келади ва натижада у ўз ҳаракатларини бошқара олмайди. Айрим ҳолларда шахс ўз харакатлари ёки ҳаракат-сизлигининг аҳамиятини англаши мумкин (Масалан, гиёванд воситага кучли эҳтиёж сезилганда) аммо ўз ҳаракатларини бошқара олмаслиги мумкин. Чунки шундай ҳолатда гиёванд воситага эҳтиёж шунчалик даражада кучайиб кетадики, ирода сусайиб, шахс ўз ҳаракатларини бошқара олмай қолди.
Шахсни ақли норосо деб топиш учун ҳам ҳам тиббий мезон, ҳам юридик мезон бир вақтда мавжуд бўлиши керак. Бунда тиббий мезон белгиларидан бирининг мавжудлиги ва юридик мезоннинг ҳар иккала белгисининг бир вақтда мавжуд бўлиши талаб этилади.
Шахс қонунга мувофиқ равишда ақли норасо деб топилган бўлса, жиноятнинг субъекти бўла олмайди ва шунга мувофиқ ҳаракат ёки ҳаракатсизлигида жиноят таркиби бўлмайди. Шунга кўра, ақли норасо ҳолатида ижтимоий хавфли қилмиш содир қилган шахс жиноий жавобгарликка тортилмайди. Бундай шахсларга нисбатан суд томонидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилиши мумкин.
Ижтимоий хавфли қилмиш содир қилган ақли наросоликда гумон қилинаётган шахслар, албатта, ЎзР ЖПКнинг 173-174, 567, 568-моддаларида белгиланган қоидалар асосида суд психиатрия экспертизасидан ўтказилади. Ана шу экспертиза хулосасига асосланиб, суд шахсни ақли норасо деб топади ва шахснинг қилмишида жиноят таркиби йўқ деб ишни бекор қилади ҳамда ушбу шахсга нисбатан мажбурий даволаш чорасини қўллаш юзасидан ажрим чиқаради. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ижтимоий хавфли қилмиш содир қилган ақли норасо шахс атрофдагиларга нисбатан хавф туғдирадиган бўлсагина, суд унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини тайинлар экан, руҳий касалнинг касаллик хусусиятлари содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олган ҳолда тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасининг аниқ турини (ЎзР ЖК 93- моддаси) кўрсатади.
Айтиш керакки, алкоголли ичимлик гиёванд восита ва бошқа маст қиладиган воситаларни истеъмол қилган ҳолда жиноят содир этиш шахсни жиноий жавобгарликдан озод қилмайди. Аксинча, Ўз Р 56-моддаси 1-қисмининг “о” бандида белгиланишига кўра, мастлик ҳолатида ёки гиёвандлик воситалари психотроп ёхуд кишининг маст қиладиган бошқа воситаларни истеъмол қилган ҳолда жиноят содир қилиш жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топилади. Бунда мастлик даражасининг аҳамияти йўқ. Шахс физиологик мастлик ҳолатида жиноят содир қилганлигини оғирлаштирувчи ҳолат деб топилиши мумкин. Аммо шахс патологик мастлик ҳолатида ижтимоий хавфли қилмиш содир қилган бўлса, қилмишда жиноят таркиби бўлмайди. Патологик мастлик ҳолатида шахснинг гуруҳий ҳолати бузилади, патологик мастлик ҳолатида шахс ўз ҳаракати (ёки ҳаракатсизлигининг) аҳамиятини англамайди. Вақтинчалик ақли норасо бўлиб қолади. Аммо шахс ўз қилмишининг хусусияти ва унинг оқибатини қисман англаса ва ҳаракатларини идора қила олса ақли норасо деб топилмайди. Аммо суд жазо тайинлашда руҳий ҳолатида бузилиш юз берганини ҳисобга олган ҳолда жазо тайинлаши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |