6-§. Жиноятнинг мотиви ва мақсади
Инсоннинг онги билан бошқариладиган ҳар бир ҳаракат муайян мотивда ва муайян мақсадга қаратилган бўлади. Инсоннинг ҳар бир ҳаракатини тўғри баҳолаш учун, энг аввало, унинг мотиви ва мақсади аниқланади. Шу жумладан, қилмишни жиноий деб ҳисоблаш учун шахс қилмишининг мотиви ва мақсадини аниқлаш керак.
Жиноятнинг мотиви ва мақсади жиноят таркиби субъектив томонининг факультатив белгиси бўлиш билан бирга қасддан содир этиладиган бир қанча жиноятлар таркиби субъектив томони белгилари доирасига киритилган зарурий белгиси ҳам ҳисобланади. Шунинг учун ҳам жиноят процессуал қонуни жиноятнинг мотиви ва мақсадини аниқлаш талабларини қўяди. ЎзР ЖПКнинг 82-моддасида жиноятнинг мотиви ва мақсади айблаш ва ҳукм қилишнинг асосларидан бири сифатида назарда тутилган.
Жиноятнинг мотиви ва мақсади шахснинг руҳий ҳодисаси бўлиб, айб билан биргаликда жиноят таркиби субъектив томонини ташкил қилади.
Жиноятнинг мотиви — шахсда муайян талаб ва манфаатларни қондиришга қаратилган жиноят содир этишга журъат туғдирувчи ва жиноят содир қилишда унга амал қилинадиган ички қўзғатувчи куч (ният) дир.
Жиноятнинг мақсади — жиноят содир қилиш орқали келажакда муайян натижага эришишга қаратилган шахснинг онгидаги фикрий интилишидир.
Жиноятнинг мотиви ва мақсади руҳий тушунча сифатида бир-бири билан бевосита боғланган бўлиб, шахснинг талаб ва эҳтиёжлари асосида, аввало, мойиллик пайдо бўлади. Сўнгра ушбу талаб ва эҳтиёжларни қондириш учун онгли равишда интилиш пайдо бўлади ва шу асосда мақсад шаклланади.
Шундай қилиб, жиноий мотив асосида жиноятнинг мақсади шаклланади. Мотив ва мақсад бирлашиб, субъектнинг жиноят содир қилиши билан боғлиқ бўлган тафаккурий ва иродавий фаолият учун асос яратилади.
Фақат қасддан содир қилинадиган жиноятлардагина жиноятнинг мотиви ва мақсади бўлади. Чунки фақат қасддан қилинадиган жиноят туфайли келиб чиқадиган ижтимоий хавфли оқибатни мотив ва мақсад қамраб олади. Эҳтиётсизлик орқасида келиб чиқадиган ижтимоий хавфли оқибатни мотив ва мақсад қамраб ололмайди. Чунки шахсда шундай оқибатни келтириб чиқаришга талаб ҳам йўқ, субъектнинг манфаатларига ҳам хилоф, шундай натижани келтириб чиқариш учун субъектда фикрий интилиш ҳам бўлмайди. Шунинг учун эҳтиётсизликдан содир этиладиган жиноятларда жиноятнинг мотиви ва мақсади жиноят таркиби доирасига киритилмайди.
Жиноятнинг мотиви ва мақсади ЖК Махсус қисмининг қасддан содир этиладиган жиноятлар учун жавобгарликни белгиловчи нормалари диспозициясида кўрсатилади.
Жиноятнинг мотиви ғаразгўйлик, рашк, кўролмаслик, мансабпарастлик, душманлик, адоват ва ҳоказолар бўлиши мумкин. Лекин айнан жиноят қандай мотивда содир қилинганлиги ЖК Махсус қисми нормасида аниқ кўрсатилади. Жумладан, 97-модданинг 2-қисми «з» бандида қасддан одам ўлдириш диний таассублар замирида содир этилганлиги; 125-модданинг 2-қисми «б» бандида ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда фарзандликка олиш сирини ошкор қилиш учун; 133-модда 2-қисми «а» бандида ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда инсон аъзолари ва тўқималарини ажратиб олиш учун; 137-модда 2-қисми бандида ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда одам ўғрилиш учун; 173-модданинг 2-қисми «а» бандида миллатлараро ёки ирқий адоват, ёхуд диний таассублар замирида мулкни қасддан нобуд қилиш, ёки унга зарар етказиш учун ва ҳоказо нормаларда жавобгарлик белгиланган.
Жиноятнинг мақсади эса мулкни эгаллаб олиш, бошқа бир жиноятни яшириш ёки қилмишни енгиллаштириш, ҳокимиятни босиб олиш, кўрсатув беришга мажбур қилиш ва ҳоказолар бўлиши мумкин.Жумладан, ЎзР ЖК 97-моддаси 2-қисми «о» бандида бошқа бирор жиноятни яшириш ёки унинг содир этилишини осонлаштириш мақсадида қасддан одам ўлдирганлик учун; 104-модда 2-қисмининг «и» бандида киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантат мақсадида қасддан баданга оғир шикаст етказганлик учун; 135-моддада шаҳвоний ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш учун уларни ёллаш ва ҳоказо нормаларда жавобгарлик белгиланган.
Жиноятнинг мотиви ва мақсадини қонунда аниқ кўрсатилган ҳоллардагина эмас, балки мотив ва мақсад ўша норманинг мазмунига кўра, бўлиши шарт бўлган ҳолларда унинг мазмуни, албатта, аниқланиши ва исботланиши керак.
Жиноятнинг мотив ва мақсадини аниқлаш унинг ҳақиқий мазмунини аниқлаш учун зарурдир. Жиноят мотиви ва мақсадини таснифлаш унинг ҳуқуқий мазмунини ҳамда ахлоқий мазмунини очиб беришда муҳим аҳамиятга эга.
Юридик адабиётларда жиноят мақсад ва мотивларини икки гуруҳга, яъни паст ниятлар (масалан, ғараз, жиноятни яшириш ёки содир этишни енгиллаштириш ва ҳоказолар) ва паст ният бўлмаган (масалан, рашк, мансабпарастлик ва ҳоказолар) мотив ва мақсадга бўладилар.
ЖК Махсус қисми моддасида жавобгарликни оғирлаш-тирадиган ёки ЖК Умумий қисми 56-моддасида оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланадиган мотив ва мақсадлар паст ниятли жиноятлар ҳисобланади. Бундай жиноятлар ЖК Махсус қисмида анчагинани ташкил қилади.
Паст ниятли ҳисобланмайдиган мотив ва мақсадли жиноят-ларда қонунда жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида назарда тутилмайди.
Жиноятнинг мотиви ва мақсади муайян норма жиноят таркибидаги ролига қараб, турли жиноят-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлади.
Унинг жиноят ҳуқуқий аҳамиятини қуйидагиларда ифодалаш мумкин:
биринчидан — агарда қонун нормасида мотив ва мақсад жиноят таркиби субъектив томони белгилари доирасига киритилган бўлса, ушбу белгисиз қилмиш ўша жиноят таркибини ташкил қилмайди. Масалан, одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш (135-модда), шаҳвоний ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш учун алдаш йўли билан содир этилган бўлиши керак. Агар шундай қилмишда шаҳвоний ёки бошқа мақсадлар бўлмаса, қилмиш ЖК 135-моддада назарда тутилган жиноятни ташкил қилмайди;
иккинчидан — мотив ва мақсад муайян жиноят таркибининг оғирлаштирувчи белгиси сифатида қонунда назарда тутилган бўлади. Масалан, ЖК 104-моддаси 2-қисмида баданга оғир шикаст етказиш ғараз ниятларда содир этилганлик учун жавобгарлик белгиланган;
учинчидан — мотив ва мақсад ЖК Махсус қисми моддасида жиноят таркиби субъектив томонининг зарурий белгиси сифатида назарда тутилмаган бўлса, жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолат сифатида суд жазо тайинлаш вақтида ҳисобга олиши мумкин. Масалан, жабрланувчининг Ҳозирқонуний ёки ахлоққа зид хулқ-атвори таъсири остида (55-модда 1-қисмининг «и» банди) жиноят содир қилиш жазони енгиллаштирувчи ҳолат ҳисобланса, ғараз ёки бошқача паст ниятларда ҳар қандай қасддан жиноят содир этиш (56-модда 1-қисмининг «к» банди) оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланиши мумкин.
Жиноят содир қилиш мотиви ва мақсади алоҳида ҳолларда жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини камайтирса, шахсга нисбатан жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш ёхуд қонунда кўрсатилганидан ҳам енгилроқ жазо тайинлаш учун асос бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |