IХ БОБ. Жиноят субъекти
1-§. Жиноятнинг субъекти тушунчаси
Жиноятнинг субъекти — ижтимоий хавфли қилмиш содир қилган, қонунга мувофиқ равишда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган шахсдир.
ЎзР ЖК 17-моддасида белгиланишича жиноят содир этгунга қадар жиноят қонунида назарда тутилган ёшга тўлган, ақли расо, жисмоний шахслар жиноятнинг субъекти бўладилар.
ЎзР ЖКнинг 11-моддасининг мазмунига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноят содир қилган Ўзбекистон фуқаролари, хорижий давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар жиноятнинг субъекти бўладилар.ЖК 12-моддасининг мазмунига кўра, Ўзбекистон фуқароси ёки Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар хориж давлатлар ҳудудида жиноят содир этиб, ўша давлат қонунлари билан жавобгарликка тортилмаган бўлса, Ўзбекистон жиноят қонуни бўйича жиноятнинг субъекти бўлишлари мумкин.
Амалдаги жиноят қонунига биноан фақат жисмоний шахсларгина жиноятнинг субъекти бўладилар. Жисмоний шахс ҳисобланмайдиган шахслар (юридик шахслар) бошқа тирик мавжудот (ит, ҳўкиз, ваҳший ҳайвонлар), жисмлар жиноятнинг субъекти бўла олмайдилар. Масалан, рақибидан ўч олиш мақсадида қопоғон итини қўйиб юбориш натижасида жабрланувчининг баданига шикаст етказилса, жиноятнинг субъекти ит эмас, балки унинг эгаси жиноятнинг субъекти бўлади. Эгаси йўқ ёки қутурган ит кишини тишлаб жароҳат етказса, у ит ўлдирилса, жиноятнинг субъекти сифатида эмас, балки бошқа кишиларга ҳам жароҳат етказмаслиги ёки қутуриш касаллигини тарқалишининг олдини олиш мақсадида йўқ қилинади.
Судлов тарихида ҳайвонлар ёки жисмоний шахсларни жиноятнинг субъекти сифатида жавобгарликка тортилганлик ҳодисаси кўплаб учрайди. Ўрта асрларда одамни сузиб жароҳат етказган ҳўкизни, болаларни ғажиб қўйган чўчқани, экинзорларни нобуд қилган чигирткаларни, меваларни нобуд қилган ҳашаротларни жиноятнинг субъекти сифатида суд қилиниб, ўлимга ҳукм қилинганлиги ҳодисалари маълум. 1474 йилда тухум туққан хўрозни «нопок кучлар» билан алоқада бўлганликда айблаб, Базеле суди хўрозни куйдириш йўли билан ўлимга ҳукм қилган. 1553 йилда Россиянинг Углич шаҳрида бутхонанинг қўнғироғини чалиб деҳқонлар қўзғолонга чақирилганлиги учун қўнғироқни давлатга қарши жиноят содир қилишда айбланиб, қўзғолончи деҳқонлар билан бирга Сибирга сургун қилинган ва Угличдан Тоболск шаҳригача арқон билан боғлаб судраб борилган. Францияда 1710 йилда буғдойзорларга зарар етказгани учун сичқон ва каламушларга қарши суд процесси бўлган эди.57[57]
Ҳайвонлар ва нарсаларни жиноий жавобгарликка тортишни ўша давр судларининг хатоси ёки адашиш деб қараш керак эмас, балки ўша даврда жиноий жавобгарлик муайян қилмишни жиноят деб ҳисоблаб айблаш нуқтаи назаридан эмас, балки ҳар қандай хавфли ва зарарли ҳаракатлар нуқтаи назардан баҳолангани билан боғлиқдир. Ҳар қандай хавфли ҳаракатлар эса одамлар, ҳайвонлар, нарсалар томонидан бўлиши мумкин. Шунга кўра, жавобгарлик фақат жисмоний кишиларгагина эмас, балки ҳайвонлар ва нарсаларга ҳам жорий қилинган.
Судлов тарихида юридик шахсларни жиноятнинг субъекти сифатида жиноий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи қонунлар кўплаб учрайди. Масалан, 1670 йилда Францияда махсус чиқарилган ордонанс (буйруқ)да корпорациялар ва жамоаларга содир этилган жиноят учун жазо тайинланар эди. ХYIII асрда юз берган Франция революцияси юридик шахснинг жиноий жавобгарлигини тақиқлади.
1917 йил Октябрь революциясига қадар Россияда ҳам ҳарбий қочоқларни яширган еврей жамоаларини жиноий жавобгарликка тортиш назарда тутилган эди. (1885 йилги «Уложение» (Низом) нинг 530-моддаси). АҚШ, Англия ва бошқа давлатлар тарихида ҳам юридик шахсларнинг жиноятнинг субъекти бўлиши назарда тутилган. Ҳозирги замон халқаро жиноят ҳуқуқида фақат жисмоний шахсларгина халқаро жиноятларнинг субъекти бўлади.58[58]
Ўзбекистон тарихида фақат жисмоний шахсларгина жиноятнинг субъекти бўлган. Шунингдек, 1926, 1959, 1994 йилларда қабул қилинган Жиноят кодексларида ҳам юридик шахслар жиноятнинг субъекти бўла олмаган. Агарда муайян юридик шахсда бирон-бир жиноят содир бўлса ёки ўша юридик шахснинг айби билан атроф табиий муҳитга жиддий зарар етказилса, корхона эмас, балки корхонанинг иш фаолиятига раҳбарлик қилувчи ва бунга масъул бўлган шахслар жиноий жавобгарликка тортилади. Яъни мансабдор ёки бунга маъсул шахслар меҳнат хавфсизлиги қоидаларини (техника хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси ва бошқа қоидаларни) таъминламаганлиги учун, соғлиқ учун ёки атроф табиий муҳит учун зарарли ишлаб чиқариш корхоналарида белгиланган қоидаларнинг ижросини таъминла-маганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Юридик адабиётларда таъкидланишича юридик шахсларнинг жиноий жавобгарлигини белгиланиши, жиноят ҳуқуқининг энг муҳим принципи ҳисобланган айблилик принципига хилоф деб ҳисоблайдилар. Ҳақиқатдан ҳам ЎзР ЖКнинг 16-моддасида «Жиноят учун жавобгарлик жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан суд томонидан ҳукм қилиш, жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилишида ифодаланадиган жиноят содир этишнинг ҳуқуқий оқибатидир» деб таъкидланади. Шахсни жиноий жавобгарликка тортиб,жазолашдан мақсад маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятини давом эттиришга тўсқинлик қилиш, маҳкум томонидан янги жиноят содир этишининг олдини олиш, бошқа шахслар томонидан жиноят содир этилишининг олдини олишга қаратилган.Юридик шахсларга нисбатан эса, бундай мақсадларни қўйиб бўлмайди, уларга ана шу мақсадларни амалга оширишнинг таъсир чораларини ҳам қўлланиши мумкин эмас. Бундай мақсадлар фақат жисмоний шахсларгагина қўйилиши мумкин.
Ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англаш ва ўз ҳаракатларини бошқара олиш фақат жисмоний шахсларгагина хосдир. Демак, жиноят субъекти бўлишнинг биринчи белгиси жисмоний шахс эканлигидадир.
Амалдаги Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунига биноан ўз ҳаракати (ёки ҳаракатсизлиги)нинг ҳақиқий хусусиятини, ижтимоий хавфлилигини англаган, ўз ҳаракатларини бошқара олган ақли расо шахслар жиноятнинг субъекти бўлади. Ўз ҳаракатлари ва унинг ижтимоий хавфли оқибатини англай олмайдиган, ўз ҳаракатларини бошқара олмайдиган шахслар ақли норасо ҳисобланиб, улар жиноятнинг субъекти бўла олмайдилар.
Жисмоний соғлом бўлган кишиларда ўз қилмиши ва унинг оқибатларини идора қила олиш қобилияти муайян ёшга етганидан кейингина шаклланади. Бу ёшга етгунча шахсда маълум ҳаётий тажриба тўпланади. Уни ўраб турган муҳитни қабул қилиш ва баҳолаш мезонлари шаклланади. Ўз хулқининг хусусиятини, унинг жамият учун фойдали ва зарарли жиҳатларини англаш, муайян қилмишнинг зарарли эканлиги ва уни содир этишни тақиқланганлигини англаш, ана шу тақиқлашни билгани ҳолда ҳаракатнинг қайси вариантини қўллашни танлаш қобилияти шаклланади. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, шахс 16 ёшга тўлганидан кейин ана шу юқорида айтилганларни англаш қобилияти шаклланади. Шахс (ўсмир) бу ёшга етганида шундай ижтимоий етукликка эришадики, ўз хулқининг хусусиятини, қилмиши жиноят эканлигини, бундай қилмиш учун жиноят қонунига биноан жавоб бериш зарурлигини англайди. Ҳатто айрим қилмишларнинг жиноят эканлигини анча олдин, яъни 16 ёшга етмасдан ҳам англай бошлайди. Шундай қилиб, жиноятнинг субъектини икки гуруҳга бўлиш мумкин.
1-гуруҳга умумий субъектлар, 2-гуруҳга махсус субъектлар киритилади.
Умумий субъектлар қуйидаги белгилар билан ифодаланади.
1) фақат жисмоний шахсларнинг жиноятнинг субъекти бўлиши;
2) шахснинг ақли расолиги;
3) қонунда белгиланган аломатларнинг барчаси бир вақтда мавжуд бўлсагина, шахс жиноятнинг субъекти бўлиши мумкин.
Махсус субъект бўлиш учун ана шу белгиларнинг барчасидан ташқари яна бошқа махсус белгилари бўлиши талаб қилинадиган субъектлар назарда тутилади (Масалан, мансабдор шахс эканлик, ҳарбий хизматчи эканлик, хавфли ёки ўта хавфли рецидивист эканлик ва ҳоказолар).
Жиноятнинг махсус субъекти белгиси ЖК Махсус қисмининг моддалари диспозициясида кўрсатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |